osteoma

Бош суяк остеомалари

Бош суяк остеомалари хавфсиз, секин ўсувчи суяк ўсмасидир. Кўпинча канцероген моддалар, радиация нурлари ва наслий омиллар остеомаларни келтириб чиқариши мумкин. Бош жароҳатланиши ҳам орадан йиллар ўтгач остеомага сабаб бўлади.

Кичик ҳажмдаги остеома беморни безовта қилмайди, оғриқ деярли сезилмайди, лекин йиллар ўтгани сари ўсма катталашиб, оғриқ ва шиш ҳосил қилади. Бунда ўсма бош мияни эзиб қўйиши, бурун бўшлиғига яқин жойлашгани эса нафас йўлларини беркитиб қўйиши мумкин.

Статистик маълумотларга кўра, остеомалар кўпроқ ўсмирлар ва эркаклар орасида учрайди. Остеомаларнинг авлоддан авлодга ўтиш эҳтимоли жуда ҳам кам. Ўсмаларнинг бир неча тури фарқланади:

  • Бош суяги ташқи қаватидан ўсувчи остеомалар.
  • Бош суягининг кўз косалари оралиғидаги ғалвирсимон остеома.
  • Мия қаттиқ пардаларига ўсиб кирган остеома.

Ўсма дастлаб пайдо бўлганида жуда кичик ҳажмда, беморни деярли безовта қилмайди. Шу сабабли ҳам беморларнинг аксарияти, ўсма катталашиб кетганидан сўнг мутахассисга мурожаат қилишади, бу эса ўз навбатида даволашни қийинлаштиради.

Остеоманинг хавфлилик жиҳати бошнинг қайси қисмида жойлашганлигига боғлиқ. Касалликни ташхислаш учун бош суяк рентгенографияси ёки суяк режимидаги компъютер томография текшируви ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Олинган натижаларда остеома ташхиси тасдиқланса, аввало ўсма ҳажми ва жойлашган жойига аҳамият берилади.

Остеоманинг кечиши унинг жойлашиши соҳасига боғлиқ. Остеома бош суягининг ташқи томонида жойлашганда у оғриқ бермайди, қимирламайди, қаттиқ ва зич тузилишга эга, сирти силлиқ бўлади.

Бош суягининг ички тарафида жойлашган остеома хотира бузилиши, бош оғриғи, калла суяги ичи босими ошишига сабаб бўлиши ва ҳатто эпилептик хуружларни келтириб чиқариши мумкин.

Остеома турк эгарчаси соҳасида жойлашганда гормонал бузилишлар ривожланишига туртки беради.

Ўлчами 1-2 см ли остеомалар ой ёки йиллар давомида кузатилиб, ўсиш тезлиги аниқланади. Улар жуда секин ўсганлиги, айримлари эса умуман ўсмаслигини ҳисобга олиниб беморларда жарроҳлик амалиёти қўлланилмайди. Лекин беморлар даврий равишда шифокор назоратидан ўтиб туришади. Агар остеома ўлчамлари 3 см ва ундан катта бўлса, бундай ҳолатларда фақат жарроҳлик усулида даволашга киришилади. Жарроҳлик амалиётидан кейин оғир неврологик асоратлар деярли кузатилмайди.

Илгарилари остеомани даволаш учун босқичли жарроҳлик амалиёти ўтказилар эди. Биринчи босқичда, бош суягидаги остеома ўсмаси олиб ташланар, иккинчи босқичда эса бемор қайтадан операция столига ётқизилиб, операциядан қолган бош суягидаги нуқсон (суяк тешиги) сунъий имплант билан тўлдирилар эди. Ҳозирги вақтга келиб, бу икки босқич битта операциянинг ўзида бажарилмоқда. Илгари қўлланган икки босқичли операцияда бемор бош суягидаги нуқсонлар тўлдирилгунича қадар ногиронлик гуруҳига ўтарди. Жарроҳликнинг янги усули эса беморларнинг тузалишини осонлаштириш билан бирга, даволаниш учун кетувчи вақтни ҳам қисқартирмоқда.

Бошида остеома ўсмаси бор беморлар мунтазам кучли ақлий фаолият билан шуғулланишдан, депрессия ва стресслардан, турли зарарли кимёвий моддалардан ўзларини ҳимоя қилишлари керак. Остеома жарроҳлик йўли билан олиб ташланганидан кейин ҳам, беморга вақтинчалик енгил кун тартибидаги иш фаолиятига ўтиш тавсия этилади. Орадан маълум вақт ўтганидан сўнг, беморнинг умумий аҳволига қараб, босқичма-босқич одатий яшаш тартиби тайинланиши мумкин.

Бош суяк остеомалари секинлик билан ўсувчи хавфсиз ўсмалар бўлиб, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинганда катта муваффақият билан даволанади. Остеома пайдо бўлиши биланоқ бемор ортиқча хавотирсиз тезроқ мутахассис кўригидан ўтгани маъқул.

Гулнора АЛИХЎЖАЕВА,

Тошкент тиббиёт академияси «Травматология, нейрохирургия ва ХДЖ» кафедраси профессори,

тиббиёт фанлари доктори.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan