migrenda-ovqatlanish

Мигрень: хуружлар овқатланишга ҳам боғлиқ

Кўп йиллик кузатувлар натижасига кўра, аёлларнинг 18 фоизи, эркакларнинг эса 6 фоизи мигрен билан оғриб туради. Вақти-вақти билан мигренга қарши кўплаб дори воситалари ҳам пайдо бўлмоқда. Лекин бу касаллик билан курашишда фақатгина дорилардан фойдаланишнинг ўзи камлик қилади. Мигрен хуружларининг олдини олиш учун овқатланиш ва турмуш тарзига баъзи ўзгартиришлар киритиш ҳам керак.

Белгиларига аҳамият беринг

Мигрен билан оғрийдиганларнинг 75-80 фоизини аёллар ташкил қилади. Касаллик ёшликда намоён бўла бошлайди. Кўпинча мигрен аёлнинг ҳайз даври ва қондаги эстроген гормонлари миқдорининг ўзгаришига боғлиқ. Менопауза (ҳайздан қолиш) бошлангач ўз-ўзидан мигрен аёлни безовта қилмай қўяди.

Мигренга мойиллик она томондан ирсий йўл билан ўтади. Ҳатто мигрен билан оғрийдиган эркакларнинг 80 фоиз ҳолларда онасида ҳам мигрен касаллиги бўлади. Мигрен бош оғриғининг ўзига хос тури бўлиб, қуйидаги белгилар орқали уни фарқлаб олиш мумкин:

– оғриқ хуруж билан тутиб, бир чаккада худди пульс каби уриб туради, ҳар янги хуружда оғриқ бошқа чаккада кузатилиб, жойини алмаштириши мумкин;

– оғриқ хуружининг давомийлиги ҳар хил бўлиб, 4 соатдан 3 кунгача давом этиши мумкин, бунда кўнгил айнийди, бемор қайт қилади, унга ёруғлик ва шовқин ёқмайди;

– кўпинча бош оғриғи бошланишидан олдин давомийлиги бир соатдан ошмайдиган аура (кўз олдидаги чақнаш, чақмоқлар) кузатилади;

– оддий жисмоний фаоллик (юриш, зинадан кўтарилиш, югуриш) ҳам ёқимсиз сезгиларни кучайтиради.

Ферментлар етишмаганда

Баъзида одамлар мигрен хуружини чарчоқ, геомагнит бўронлар ёки қуёшдаги чақнашлар таъсирига йўядилар. Лекин камдан-кам одамларгина бошдаги оғриқ ва бир неча соат олдин истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари ўртасида бирор-бир боғлиқлик йўқлигидан шубҳаланадилар. Олимлар аллақачон бош оғриғи хуружлари, шу жумладан мигренни келтириб чиқарувчи озиқ-овқат маҳсулотларининг узундан-узун рўйхатини тузиб чиққанлар. Шу сабабли, кечаги зиёфат ёки эрталабки бир стакан қаҳва ҳам баъзи одамларда хуруж бошланиши учун туртки бўлади.

Одамда мигрен касаллиги пайдо бўлишининг сабабларидан бири бу организмда биоген аминлар (моддалар алмашинуви натижасида организм томонидан ишлаб чиқариладиган биологик фаол моддалар)ни парчалайдиган фермент етишмаслигидир. Биоген аминлар бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларида ҳам бор. Биз уларни истеъмол қилганимизда, организмимизда аминлар керагидан ортиқ миқдорда йиғилиб қолади. Бу эса қон томирларининг торайишига, сўнг эса тезда кенгайишига олиб келади.

Кўпчилик одамларда аминларни парчалайдиган фермент кўрсаткичи меъёрда бўлади. Шу сабабли, уларни тўкин тушлик дастурхонидан сўнг фақат ошқозондаги оғирлик ҳисси безовта қилиши мумкин. Лекин баъзи одамлар ҳам борки, тансиқ таомни меъёридан ортиқ истеъмол қилганларидан сўнг кучли бош оғриғини орттириб оладилар.

«Душманлар» озми ё кўпми?

Сиздаги мигрен хуружига қайси озиқ-овқат маҳсулоти сабаб бўлишини фақат ўзингизда тажриба ўтказибгина аниқлашингиз мумкин. Кимдадир хуруж қўзғатадиган маҳсулот бошқа бир мигрени бор одамда ҳеч қандай салбий ҳолатга олиб келмайди. Шунингдек, миқдор ҳам муҳим. Маҳсулот оз миқдорларда бошда оғриқ пайдо қилмаслиги, қандайдир миқдордан бошлаб эса хуружни юзага келтириши мумкин.

Билиш муҳимки, биоген аминлар руҳий ҳолат, қон босими, юрак қисқаришлари сони ва уйқуни бошқаради. Аминлар стрессга жавобан ажралиб, бош оғриғига олиб келувчи реакциялар занжирини ишга тушириб юбориши мумкин. Улар асосан спиртли ичимликлар, калла-поча, бақлажон, янги балиқнинг баъзи турлари, исмалоқ, сирка, қизил гўшт, зайтун, саримсоқ, дуккаклилар, ёнғоқлар, сметана, йогурт, хамиртуруш, сояли соус, консервалар, қуритилган ва тузланган балиқ, шоколад, какао, қаҳва, цитрус мевалар, моғорли пишлоқ (ҳаворанг), юмшоқ пишлоқда бўлади.

Нитритлар ҳам томирларни кенгайтириши мумкин. Бу эса ўз навбатида чаккада пульс каби уриб турадиган оғриқни қўзғатади. Нитритлар тузланган маҳсулотлар, балиқ ва гўшт консервалари, тузланган гўшт, хот-дог, гамбургер ва бошқа маҳсулотлар таркибида учрайди.

Натрий глутамати (хитой тузи) нейромедиатор сифатида бўлиб, бош мия соҳаларининг ортиқча қўзғалишига сабаб бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда мигрен хуружи рўй бериши учун шунинг ўзи етарли бўлади.

Натрий глутамати ҳозирги кунда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар, умумий овқатланиш муассасалари томонидан кенг қўлланиладиган таъм кучайтиргич бўлиб, кўп маҳсулотлар, шу жумладан, колбаса, сосиска, паштет, қайта ишланган гўшт маҳсулотлари, чипслар, қадоқланган сухарилар, гриль товуғи, консервалар, ресторанлардаги Хитой таомлари, қуруқ ва консерваланган шўрвалар, зираворлар, соуслар (майонез, кетчуп, хантал ва бошқалар)га қўшилади. Тез тайёрланадиган қадоқланган арзон озиқ-овқат маҳсулотларининг жуда мазали эканлигига эътибор берганмисиз? Бунинг сири жуда оддий: маҳсулотга арзон натрий глутамати кўпроқ қўшилган бўлади.

Ош тузи (натрий хлориди) айрим одамларда бош оғриғига сабаб бўлиши мумкин. Агар сиз тузсиз парҳез тутмоқчи бўлсангиз, шуни билингки, бунинг учун нафақат овқат тайёрлаётганда унга туз солмаслик, балки озиқ-овқат саноати ишлаб чиқарадиган тайёр маҳсулотларни ҳам истеъмол қилмаслик лозим бўлади.

Баъзида юқори қон босимига қарши, гормонал, астмани ва эркаклардаги жинсий муаммоларни бартараф этиш учун мўлжалланган дори воситалари, шунингдек нитроглицерин ҳам вена ва артерия томирларини кенгайтиради.

Очлик агар гипогликемия (қонда қанд етишмаслиги)га туртки берса, организмдаги барча қон томирларининг микроциркуляцияси ёмонлашади. Бош мия қон томирлари ҳам бундан мустасно эмас.

Тонусни кўтаради, лекин…

Кофеин бош мия қон томирларини тезда торайтиради. Лекин кофеин таъсири пасая бошлагач, қон томирлар яна кенгая бошлайди ва тезда бош оғриғини келтириб чиқаради. Таркибида кофеин сақловчи маҳсулотлар (қаҳва, қора чой, какао ва бошқа энергетик ичимликлар) ҳозирги кунда оммалашиб кетган. Улар организм тонусини кўтариш билан бирга маълум муддатдан сўнг мигренга сабабчи бўлиши мумкин.

Аспартам ҳақида нима биламиз? Масалан, ширинлик егандан сўнг қонда қанд миқдорининг кескин ошишига жавобан баъзи одамлар организми жуда кўп инсулин ишлаб чиқаради. Натижада гипогликемия юз бериб, қондаги қанд миқдори жуда пасайиб кетади. Оқибатда эса аҳвол ёмонлашиши, шу жумладан бош оғриғи келиб чиқиши кузатилади. Демак, аспартам шакарнинг ўрнини босувчи сунъий модда бўлгани учун у газланган ширин ичимликлар, сақич, кам калорияли ширинлик маҳсулотлари, музқаймоқ, қандолат маҳсулотлари ва бошқа шунга ўхшаш дўконларда сотиладиган ширин маҳсулотлар таркибида мавжуд. Унутмангки, шоколад мигрен хуружини келтириб чиқариш хусусияти кучли маҳсулот саналади. Унинг таркибидаги кофеин ва финилэтиламин томирларни торайтириш хусусиятига эга.

Умуман, мигрен хуруж қилган кунларда бир неча соат олдин истеъмол қилган егуликларингизни эслаб кўринг. Агар бундан олдинги хуружлардан аввал ҳам шу маҳсулотлардан бирини еганингизни эсласангиз, хуруж ўтиб кетишини кутиб, бир неча кунлар ўтгач, ўша маҳсулотнинг ўзини истеъмол қилиб кўришингиз лозим. Агар натижа яна мигренга олиб келса, шундан сўнг узил-кесил хулоса чиқаришингиз мумкин.

Гулчеҳра СОДИҚОВА, невропатолог,

тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan