Анор

Анор иммунитетни мустаҳкамлайди

Абу Али ибн Сино шундай ёзган: “Нордон анор ва хусусан унинг шароби сафрони босади, чиқиндиларнинг ички аъзоларга оқишини тўхтатади. Анор уруғига асал қўшилгани яраларга суртиладиган доридир. Унинг пўсти, айниқса куйдирилгани жароҳатларни тузатади. Ошқозон учун олма ва беҳига қараганда фойдалироқ…”

Анор таркибида киши аъзоларига яхши сингувчи, иштаҳа очувчи органик кислоталар, қанд (фруктоза, сахароза, глюкоза кўринишида), С витамини, фолат кислотаси, танин, шунингдек, қоннинг таркиб топишида муҳим аҳамиятга эга бўлган темир моддаси бор. Анор уруғини асалга қўшиб, ўн кун уч маҳалдан милкка ва яраларга суртилса тузалади.

Анор қулоқ ва бурун оғриқларига даво. Анор гули дамламаси қимирлаб қолган тишларни мустаҳкамлайди, ични қотиради, бачадондан қон кетишини тўхтатади. Қон туфлаш, ич кетиш, бачадон касалликларида анор гулининг қуруқ талқони оч ҳолда бир чой қошиқдан капалаб ютилади. Анор гулининг қуритилганидан чойнакка бир ошқошиқ ташлаб, устидан қайноқ сув қуйиб дамланиб ичилса ичак яраларига даво бўлади.

Нордон анор суви сафрони босади. Йигирма кун уч маҳал оч қоринга ичилса (100 г миқдорда) қандли диабетга фойда қилади. Ширин ва аччиқ анорнинг сиқиб олинган суви қўшиб ичилса, кучли сийдик ҳайдайди. Шунингдек, илгарилари анор пўсти дамламаси қорин оғриганда чой ўрнида ичиларди. Бундай чой сийдик йўллари шамоллаганда ҳам яхши натижа беради.

Анор пўстидан қайнатма тайёрлаш учун оғзи зич ёпилувчи сирланган ёки юқори ҳароратга чидамли идишга бир стакан (200 г) сув қуйиб, устидан қуритиб, майдаланган пўстлоқ солиб қайнатилади. Малҳам 200 г дан камайиб кетмаслиги учун унга қайнаб турган сувдан яна бир оз қўшиш мумкин. Сўнгра икки соат давомида тиндириб қўйилади. Докада сузиб олинган қайнатмадан кунига уч маҳал, овқатдан олдин бир ошқошиқдан ичиб турилади. Ундан оғиз бўшлиғини чайишда ҳам фойдаланиш мумкин.

Анор, олма, беҳи, лимон, отқулоқ, ошқовоқ, нилуфар ва кашнични тенг миқдорда аралаштиргач, қайнатилиб ҳосил бўлган қуюқ шарбатга асал қўшиб истеъмол қилинса, сафро қусиш, кўнгил айниши ва мадорсизликка даво бўлади, дейишган бурунги табиблар. Мева ичидаги юпқа пардани қуритиб, дамлаб, чойга қўшиб ичсангиз, асаб тизимини мустаҳкамлаб, уйқуни яхшилайди. Стрессни камайтиради. Анор пўсти таркибидаги фойдали моддалар гижжаларни ҳайдайди. Қуритилган пўсти ичаклар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.

Анор таркибидаги марганец ва темир гемоглобини пасайиб кетган кишилар учун айни муддао. Ҳомиладорларга ҳам фойдаси катта. Анор доначаларида витамин РР бўлиб, у томир деворларини мустаҳкамлайди, атеросклероз ривожланишининг олдини олади. Анор – дисбактериоз, диарея, ел ҳосил бўлишига қарши ажойиб восита.Меваси иммунитетни кўтаради. Шу боис грипп билан хасталаниш эҳтимоли юқори бўлган мавсумларда уни истеъмол қилиш жуда фойдали.

Анор пўсти қайнатмасини меъёрда ичиш керак. Акс ҳолда бош айланиши, кўнгил айниши ва қон босими кўтарилиши мумкин. Анор таркибида кўп миқдорда кислота мавжуд. Шу боис у ошқозон яраси бор, гастритдан қийналаётган кишиларга тавсия этилмайди. Меваси тиш эмалига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун анорни егандан кейин тишларни тозалаб ювиш керак. Сурункали қабзият ва бавосил хасталигида анор истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Гулчеҳра УМАРОВА, доришунос.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan