Болалар соғлом бўлса, оилалар бахтлидир

Болалар соғлом бўлса, яйраб-қувнаб улғайишади ва бахтли оилалар ҳам кўпаяверади. Қолаверса, “Соғлом она – соғлом фарзанд – соғлом жамият” тамойилига кўра юртимиз тиббиёт муассасаларида оналар ва болалар саломатлигини сақлашга оид муҳим вазифалар бажарилмоқда.

Ҳукуматимиз томонидан аҳоли саломатлигини яхшилаш бўйича кўплаб қарор ва қонунлар чиқарилаётгани зиммамизга юкланган масъулият салмоғини бир неча ҳиссага оширди. Айниқса, оналар ва болалар ўртасида касалликларнинг камайишига эришиш, уларни соғломлаштириш чора-тадбирларининг тезкорлигини таъминлаш ҳамда даволашда энг илғор тажрибаларга асосланиб иш юритиш учун мутахассис шифокорлар илмий-амалий изланишлар ўтказиб, билим-малакаларини оширмоқдалар.

Айтиш жоиз, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида болаларга юқори технологияли диагностик ва жарроҳлик амалиёти қўлланган ҳолда малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Кам инвазив жарроҳлик амалиётини ўтказишга мўлжалланган лапароскопик стойкалар, СИПАП (СРАР) – чақалоқлар нафас олишига ёрдам берадиган аппаратлар перинатал марказлар ишининг янада такомиллашувида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, ҳукуматнинг “Соғлиқни сақлаш. “Репродуктив саломатлик / Оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг таркибий қисми” дастурини амалга ошириш мақсадида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиалларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида KWB (Ўзбекистон ва Германия ўртасида молиявий ҳамкорлик) томонидан 1-босқичда 4,8 млн евро ажратилди, 2-босқичда янги асбоб-ускуналар вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларига етказилди.

Барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар кўп тармоқли болалар шифохоналари замонавий тиббий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган. Тендер асосида умумий қиймати 3,8 млн АҚШ долларига тенг келадиган тўлов шартномалари тузиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Буюк Британиянинг «Euromount Commerce Ltd» ва “Global Shannon Medical Services Ltd” фирмалари, Германиянинг «Drager Medical GmbH» фирмаси, АҚШнинг «Seattle TMT, LLC» фирмаси билан тузилган шартномалар бўйича тиббий асбоб-ускуналар Республика перинатал марказига ҳамда Фарғона ва Самарқанд вилоят перинатал марказларига юборилди.

Боланинг нуқсонлар билан туғилишининг олдини олишда скрининг текширувлари муҳим аҳамият касб этади. Жойларда скрининг текширувлари иши янада яхши йўлга қўйилаётганини алоҳида айтиш мумкин. Бундан ташқари, турмуш қураётган ёшларнинг тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтишларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳга йўл қўймаслик чора-тадбирлари кўрилаяпти. Бу борада аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириб бориш эса ишимизнинг илгари силжишида катта ёрдам бўлмоқда.

Анча илгариги йилларда 1 килограммдан кам вазнда туғилган чақалоқларни сақлаб қололмас эдик. Эндиликда чала туғилган болаларнинг ҳаётини асрашга ёрдам бериш мақсадида янги тиббиёт технологиялари неонатал бўлимлар учун кувез аппаратлари – нафас олдирувчи ҳамда иссиқлик ва кислород етказиб берувчи махсус столлар амалиётда самарали қўлланилиб, ижобий натижаларга эришилаётир. 4-даражадаги ультратовуш аппаратлари ҳам беморларга қисқа вақт ичида аниқ ташхис қўйиш ва даво чораларини қўллашда асқотаяпти.

Болаликдан ногиронликнинг олдини олиш мақсадида Республика Она ва бола скрининг маркази ва унинг филиалларини юқори даражали рақамли ультратовуш аппаратлари билан жиҳозлаш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларда давом этмоқда. Бу лаборатория ишларини янада кучайтириб, боланинг она қорнида эрта даврда қандай ривожланаётганини кузатиш ва ногиронликнинг олдини олиш имкониятини бермоқда.

Вилоятлардан, узоқ чекка туманлардан фуқароларнинг марказга келиши анча қийин кечиши мумкин. Шу боис республика, Тошкент шаҳридаги тиббиёт марказларидан профессорлар, мутахассислар гуруҳи жойларга чиқиб, тиббий кўрик ўтказмоқдалар. Туманнинг ўзида аниқланган ташҳис бўйича керакли тавсиялар берилиб, даволаш тадбирлари амалга оширилмоқда ёки зарур мутахассис ва муассасага йўлланма берилмоқда.

2 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларда дегельминтизация тадбирларини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тендер асосида марказлашган ҳолда давлат бюджети ҳисобидан зарур миқдорда антигельминт дори воситаси Верморекс – (мебендазол) харид қилинди. ЮНИСЕФ томонидан 11722 капсула витамин А мурувват йўли билан олиб келинди ва тақсимотга асосан жойларга етказилди.

Юртимизнинг олис туманларида яшайдиган аҳолига ихтисослашган тиббий хизматни яқинлаштиришга эришяпмиз. 3-4 босқичда ҚВПлар бирлаштирилиб, поликлиникалар ташкил этиляпти. Йирик марказлардан борган педиатр, гинеколог, ультратовуш текшируви шифокорлари иштирокида ихтисослашган бўлимлар ташкил этилмоқда.

Шошилинч тиббий ёрдам хизмати бўйича режадаги ишлар бажаришга киришилди. Янги автомобиль транспорти, дори-дармонлар учун қўшимча маблағлар ажратилди. Ҳиндистон, Корея, Россиядан мутахассислар таклиф қилиниб, вилоятларда ихтисослашган қўшма корхоналар ташкил этиш яқин кунларда амалга оширишимиз зарур бўлган муҳим вазифалар қаторига киради.

Марат СОДИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan