Bo‘lim arxivi: Касалликлар

romashka

Сут бези сили

Марказимизга 37 ёшли бемор аёл мурожаат қилди. Унинг айтишича, чап томондаги сут бези соҳаси қизарган, шиш бор, оғрийди, пайпаслаганда тугунли ҳосила қўлга уннайди. Бу ҳол бир неча ой аввал пайдо бўлган, ўшанда у шифокор тавсиясига кўра яллиғланишга қарши амбулатор муолажалар қабул қилган, нафи бўлмаган.

Davomini o‘qish

endokardit

Инфекцион эндокардит

Инфекцион эндокардит – асосан юрак клапанларининг зарарланиши ва юрак эндокард қаватининг оғир яллиғланиши билан кечадиган касалликдир. Эндокард – юрак деворининг ташқи томондаги учинчи – ички қавати бўлиб, юрак бўшлиғини ўраб туради. Инфекцион эндокардит оғир кечувчи ва аниқланиши анча қийин бўлган касалликлардан биридир. Агар у ўз вақтида тўғри даволанмаса жиддий асоратлар қолдириб, беморни анча қийнаб қўяди, ҳатто ногиронликка олиб келиши ҳам мумкин.

Davomini o‘qish

oyoq-zamburug

Замбуруғлардан қутулиш йўли

Оёқларда, айниқса бармоқлар орасида микроблар ҳамда замбуруғлар туфайли пайдо бўлган касалликлар энди бошланаётганда оддий усуллар билан даволаш мумкин экан. Бунинг учун аптекадан тайёр новшадил (нашатир) спиртини сотиб оласиз.

Davomini o‘qish

Бўғим хасталикларида қўшимча муолажалар

Артрит (бўғимлар яллиғланиши) ни ўз вақтида даволаш жуда муҳим ҳисобланади. Касаллик ривожланиб кетмасдан аввал бемор парҳез тутиши, аччиқ, шўр ва ёғли таомлардан ўзини тийиши лозим.

Davomini o‘qish

oyoq

Қандли диабетда оёқлар парвариши

Қандли диабет касаллигида кўпинча оёқларда қон айланиши секинлашади, оқибатда терида ҳар хил бактериялар қўзғатувчи шикастланишлар кўпаяди. Айниқса оёқ терлаганда тер таркибида мавжуд бўлган глюкоза инфекцияларнинг кўпайишига шароит яратади.

Davomini o‘qish

migrenda-ovqatlanish

Мигрень: хуружлар овқатланишга ҳам боғлиқ

Кўп йиллик кузатувлар натижасига кўра, аёлларнинг 18 фоизи, эркакларнинг эса 6 фоизи мигрен билан оғриб туради. Вақти-вақти билан мигренга қарши кўплаб дори воситалари ҳам пайдо бўлмоқда. Лекин бу касаллик билан курашишда фақатгина дорилардан фойдаланишнинг ўзи камлик қилади. Мигрен хуружларининг олдини олиш учун овқатланиш ва турмуш тарзига баъзи ўзгартиришлар киритиш ҳам керак.

Белгиларига аҳамият беринг

Мигрен билан оғрийдиганларнинг 75-80 фоизини аёллар ташкил қилади. Касаллик ёшликда намоён бўла бошлайди. Кўпинча мигрен аёлнинг ҳайз даври ва қондаги эстроген гормонлари миқдорининг ўзгаришига боғлиқ. Менопауза (ҳайздан қолиш) бошлангач ўз-ўзидан мигрен аёлни безовта қилмай қўяди.

Мигренга мойиллик она томондан ирсий йўл билан ўтади. Ҳатто мигрен билан оғрийдиган эркакларнинг 80 фоиз ҳолларда онасида ҳам мигрен касаллиги бўлади. Мигрен бош оғриғининг ўзига хос тури бўлиб, қуйидаги белгилар орқали уни фарқлаб олиш мумкин:

– оғриқ хуруж билан тутиб, бир чаккада худди пульс каби уриб туради, ҳар янги хуружда оғриқ бошқа чаккада кузатилиб, жойини алмаштириши мумкин;

– оғриқ хуружининг давомийлиги ҳар хил бўлиб, 4 соатдан 3 кунгача давом этиши мумкин, бунда кўнгил айнийди, бемор қайт қилади, унга ёруғлик ва шовқин ёқмайди;

– кўпинча бош оғриғи бошланишидан олдин давомийлиги бир соатдан ошмайдиган аура (кўз олдидаги чақнаш, чақмоқлар) кузатилади;

– оддий жисмоний фаоллик (юриш, зинадан кўтарилиш, югуриш) ҳам ёқимсиз сезгиларни кучайтиради.

Ферментлар етишмаганда

Баъзида одамлар мигрен хуружини чарчоқ, геомагнит бўронлар ёки қуёшдаги чақнашлар таъсирига йўядилар. Лекин камдан-кам одамларгина бошдаги оғриқ ва бир неча соат олдин истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари ўртасида бирор-бир боғлиқлик йўқлигидан шубҳаланадилар. Олимлар аллақачон бош оғриғи хуружлари, шу жумладан мигренни келтириб чиқарувчи озиқ-овқат маҳсулотларининг узундан-узун рўйхатини тузиб чиққанлар. Шу сабабли, кечаги зиёфат ёки эрталабки бир стакан қаҳва ҳам баъзи одамларда хуруж бошланиши учун туртки бўлади.

Одамда мигрен касаллиги пайдо бўлишининг сабабларидан бири бу организмда биоген аминлар (моддалар алмашинуви натижасида организм томонидан ишлаб чиқариладиган биологик фаол моддалар)ни парчалайдиган фермент етишмаслигидир. Биоген аминлар бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларида ҳам бор. Биз уларни истеъмол қилганимизда, организмимизда аминлар керагидан ортиқ миқдорда йиғилиб қолади. Бу эса қон томирларининг торайишига, сўнг эса тезда кенгайишига олиб келади.

Кўпчилик одамларда аминларни парчалайдиган фермент кўрсаткичи меъёрда бўлади. Шу сабабли, уларни тўкин тушлик дастурхонидан сўнг фақат ошқозондаги оғирлик ҳисси безовта қилиши мумкин. Лекин баъзи одамлар ҳам борки, тансиқ таомни меъёридан ортиқ истеъмол қилганларидан сўнг кучли бош оғриғини орттириб оладилар.

«Душманлар» озми ё кўпми?

Сиздаги мигрен хуружига қайси озиқ-овқат маҳсулоти сабаб бўлишини фақат ўзингизда тажриба ўтказибгина аниқлашингиз мумкин. Кимдадир хуруж қўзғатадиган маҳсулот бошқа бир мигрени бор одамда ҳеч қандай салбий ҳолатга олиб келмайди. Шунингдек, миқдор ҳам муҳим. Маҳсулот оз миқдорларда бошда оғриқ пайдо қилмаслиги, қандайдир миқдордан бошлаб эса хуружни юзага келтириши мумкин.

Билиш муҳимки, биоген аминлар руҳий ҳолат, қон босими, юрак қисқаришлари сони ва уйқуни бошқаради. Аминлар стрессга жавобан ажралиб, бош оғриғига олиб келувчи реакциялар занжирини ишга тушириб юбориши мумкин. Улар асосан спиртли ичимликлар, калла-поча, бақлажон, янги балиқнинг баъзи турлари, исмалоқ, сирка, қизил гўшт, зайтун, саримсоқ, дуккаклилар, ёнғоқлар, сметана, йогурт, хамиртуруш, сояли соус, консервалар, қуритилган ва тузланган балиқ, шоколад, какао, қаҳва, цитрус мевалар, моғорли пишлоқ (ҳаворанг), юмшоқ пишлоқда бўлади.

Нитритлар ҳам томирларни кенгайтириши мумкин. Бу эса ўз навбатида чаккада пульс каби уриб турадиган оғриқни қўзғатади. Нитритлар тузланган маҳсулотлар, балиқ ва гўшт консервалари, тузланган гўшт, хот-дог, гамбургер ва бошқа маҳсулотлар таркибида учрайди.

Натрий глутамати (хитой тузи) нейромедиатор сифатида бўлиб, бош мия соҳаларининг ортиқча қўзғалишига сабаб бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда мигрен хуружи рўй бериши учун шунинг ўзи етарли бўлади.

Натрий глутамати ҳозирги кунда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар, умумий овқатланиш муассасалари томонидан кенг қўлланиладиган таъм кучайтиргич бўлиб, кўп маҳсулотлар, шу жумладан, колбаса, сосиска, паштет, қайта ишланган гўшт маҳсулотлари, чипслар, қадоқланган сухарилар, гриль товуғи, консервалар, ресторанлардаги Хитой таомлари, қуруқ ва консерваланган шўрвалар, зираворлар, соуслар (майонез, кетчуп, хантал ва бошқалар)га қўшилади. Тез тайёрланадиган қадоқланган арзон озиқ-овқат маҳсулотларининг жуда мазали эканлигига эътибор берганмисиз? Бунинг сири жуда оддий: маҳсулотга арзон натрий глутамати кўпроқ қўшилган бўлади.

Ош тузи (натрий хлориди) айрим одамларда бош оғриғига сабаб бўлиши мумкин. Агар сиз тузсиз парҳез тутмоқчи бўлсангиз, шуни билингки, бунинг учун нафақат овқат тайёрлаётганда унга туз солмаслик, балки озиқ-овқат саноати ишлаб чиқарадиган тайёр маҳсулотларни ҳам истеъмол қилмаслик лозим бўлади.

Баъзида юқори қон босимига қарши, гормонал, астмани ва эркаклардаги жинсий муаммоларни бартараф этиш учун мўлжалланган дори воситалари, шунингдек нитроглицерин ҳам вена ва артерия томирларини кенгайтиради.

Очлик агар гипогликемия (қонда қанд етишмаслиги)га туртки берса, организмдаги барча қон томирларининг микроциркуляцияси ёмонлашади. Бош мия қон томирлари ҳам бундан мустасно эмас.

Тонусни кўтаради, лекин…

Кофеин бош мия қон томирларини тезда торайтиради. Лекин кофеин таъсири пасая бошлагач, қон томирлар яна кенгая бошлайди ва тезда бош оғриғини келтириб чиқаради. Таркибида кофеин сақловчи маҳсулотлар (қаҳва, қора чой, какао ва бошқа энергетик ичимликлар) ҳозирги кунда оммалашиб кетган. Улар организм тонусини кўтариш билан бирга маълум муддатдан сўнг мигренга сабабчи бўлиши мумкин.

Аспартам ҳақида нима биламиз? Масалан, ширинлик егандан сўнг қонда қанд миқдорининг кескин ошишига жавобан баъзи одамлар организми жуда кўп инсулин ишлаб чиқаради. Натижада гипогликемия юз бериб, қондаги қанд миқдори жуда пасайиб кетади. Оқибатда эса аҳвол ёмонлашиши, шу жумладан бош оғриғи келиб чиқиши кузатилади. Демак, аспартам шакарнинг ўрнини босувчи сунъий модда бўлгани учун у газланган ширин ичимликлар, сақич, кам калорияли ширинлик маҳсулотлари, музқаймоқ, қандолат маҳсулотлари ва бошқа шунга ўхшаш дўконларда сотиладиган ширин маҳсулотлар таркибида мавжуд. Унутмангки, шоколад мигрен хуружини келтириб чиқариш хусусияти кучли маҳсулот саналади. Унинг таркибидаги кофеин ва финилэтиламин томирларни торайтириш хусусиятига эга.

Умуман, мигрен хуруж қилган кунларда бир неча соат олдин истеъмол қилган егуликларингизни эслаб кўринг. Агар бундан олдинги хуружлардан аввал ҳам шу маҳсулотлардан бирини еганингизни эсласангиз, хуруж ўтиб кетишини кутиб, бир неча кунлар ўтгач, ўша маҳсулотнинг ўзини истеъмол қилиб кўришингиз лозим. Агар натижа яна мигренга олиб келса, шундан сўнг узил-кесил хулоса чиқаришингиз мумкин.

Гулчеҳра СОДИҚОВА, невропатолог,

тиббиёт фанлари доктори, профессор.

osteoma

Бош суяк остеомалари

Бош суяк остеомалари хавфсиз, секин ўсувчи суяк ўсмасидир. Кўпинча канцероген моддалар, радиация нурлари ва наслий омиллар остеомаларни келтириб чиқариши мумкин. Бош жароҳатланиши ҳам орадан йиллар ўтгач остеомага сабаб бўлади.

Кичик ҳажмдаги остеома беморни безовта қилмайди, оғриқ деярли сезилмайди, лекин йиллар ўтгани сари ўсма катталашиб, оғриқ ва шиш ҳосил қилади. Бунда ўсма бош мияни эзиб қўйиши, бурун бўшлиғига яқин жойлашгани эса нафас йўлларини беркитиб қўйиши мумкин.

Статистик маълумотларга кўра, остеомалар кўпроқ ўсмирлар ва эркаклар орасида учрайди. Остеомаларнинг авлоддан авлодга ўтиш эҳтимоли жуда ҳам кам. Ўсмаларнинг бир неча тури фарқланади:

  • Бош суяги ташқи қаватидан ўсувчи остеомалар.
  • Бош суягининг кўз косалари оралиғидаги ғалвирсимон остеома.
  • Мия қаттиқ пардаларига ўсиб кирган остеома.

Ўсма дастлаб пайдо бўлганида жуда кичик ҳажмда, беморни деярли безовта қилмайди. Шу сабабли ҳам беморларнинг аксарияти, ўсма катталашиб кетганидан сўнг мутахассисга мурожаат қилишади, бу эса ўз навбатида даволашни қийинлаштиради.

Остеоманинг хавфлилик жиҳати бошнинг қайси қисмида жойлашганлигига боғлиқ. Касалликни ташхислаш учун бош суяк рентгенографияси ёки суяк режимидаги компъютер томография текшируви ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Олинган натижаларда остеома ташхиси тасдиқланса, аввало ўсма ҳажми ва жойлашган жойига аҳамият берилади.

Остеоманинг кечиши унинг жойлашиши соҳасига боғлиқ. Остеома бош суягининг ташқи томонида жойлашганда у оғриқ бермайди, қимирламайди, қаттиқ ва зич тузилишга эга, сирти силлиқ бўлади.

Бош суягининг ички тарафида жойлашган остеома хотира бузилиши, бош оғриғи, калла суяги ичи босими ошишига сабаб бўлиши ва ҳатто эпилептик хуружларни келтириб чиқариши мумкин.

Остеома турк эгарчаси соҳасида жойлашганда гормонал бузилишлар ривожланишига туртки беради.

Ўлчами 1-2 см ли остеомалар ой ёки йиллар давомида кузатилиб, ўсиш тезлиги аниқланади. Улар жуда секин ўсганлиги, айримлари эса умуман ўсмаслигини ҳисобга олиниб беморларда жарроҳлик амалиёти қўлланилмайди. Лекин беморлар даврий равишда шифокор назоратидан ўтиб туришади. Агар остеома ўлчамлари 3 см ва ундан катта бўлса, бундай ҳолатларда фақат жарроҳлик усулида даволашга киришилади. Жарроҳлик амалиётидан кейин оғир неврологик асоратлар деярли кузатилмайди.

Илгарилари остеомани даволаш учун босқичли жарроҳлик амалиёти ўтказилар эди. Биринчи босқичда, бош суягидаги остеома ўсмаси олиб ташланар, иккинчи босқичда эса бемор қайтадан операция столига ётқизилиб, операциядан қолган бош суягидаги нуқсон (суяк тешиги) сунъий имплант билан тўлдирилар эди. Ҳозирги вақтга келиб, бу икки босқич битта операциянинг ўзида бажарилмоқда. Илгари қўлланган икки босқичли операцияда бемор бош суягидаги нуқсонлар тўлдирилгунича қадар ногиронлик гуруҳига ўтарди. Жарроҳликнинг янги усули эса беморларнинг тузалишини осонлаштириш билан бирга, даволаниш учун кетувчи вақтни ҳам қисқартирмоқда.

Бошида остеома ўсмаси бор беморлар мунтазам кучли ақлий фаолият билан шуғулланишдан, депрессия ва стресслардан, турли зарарли кимёвий моддалардан ўзларини ҳимоя қилишлари керак. Остеома жарроҳлик йўли билан олиб ташланганидан кейин ҳам, беморга вақтинчалик енгил кун тартибидаги иш фаолиятига ўтиш тавсия этилади. Орадан маълум вақт ўтганидан сўнг, беморнинг умумий аҳволига қараб, босқичма-босқич одатий яшаш тартиби тайинланиши мумкин.

Бош суяк остеомалари секинлик билан ўсувчи хавфсиз ўсмалар бўлиб, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинганда катта муваффақият билан даволанади. Остеома пайдо бўлиши биланоқ бемор ортиқча хавотирсиз тезроқ мутахассис кўригидан ўтгани маъқул.

Гулнора АЛИХЎЖАЕВА,

Тошкент тиббиёт академияси «Травматология, нейрохирургия ва ХДЖ» кафедраси профессори,

тиббиёт фанлари доктори.

Паркинсонизм

1817 йили англиялик врач Жеймс Паркинсон (1755-1824) “Титроқ фалажлик” деб номланган кичик бир асар ёзади. Бунда у ўша давргача номаълум бўлган касаллик ҳақида сўз юритади. Ҳамма гап шундаки, бу дардга унинг ўзи йўлиққан эди. У ўзида кечаётган касаллик белгиларини ён дафтарчасига ёзиб юради. Унинг қўллари доимо титрар, боши қалтирар ва ҳали 60 ёшга ҳам етмаган бўлса-да, гавдаси букчайиб бораётганди. Паркинсон танасидаги барча мушаклари гўёки қотиб бораётганини, бемалол қадам ташлаб юра олмаётганидан азият чекарди. У яқинларига: “Бу қарилик эмас, балки қандайдир бир касаллик” дейди сиқилиб. Ҳозирда ҳар бир невропатолог биладиган паркинсонизмнинг деярли барча белгилари ўша вақтдаёқ Паркинсон томонидан батафсил қилиб ёзиб қолдирилган. Тўғрисини айтганда у ёза олмасди, чунки ушбу касаллик учун хос бўлган фикрлар карахтлиги ва мускуллар қотиши бунга йўл қўймасди. Агар Паркинсон ушбу касаллик билан оғримаганида эди, балки биз унинг ҳақида ҳеч нарсани билмаган бўлур эдик.

Эллик ёшдан кейин учрайди

Жеймс Паркинсон ўзида бу касаллик белгиларини 50 ёшдан ошгандан сўнг пайқай бошлаган. Кейин унинг ўзи яна 6 нафар беморда худди шундай касаллик аломатларини кузатади. Уларнинг ҳам 50 ёшдан ошган эди. Касалликнинг катталарда учраши Паркинсон эътиборини тортади ва у “ушбу касаллик 50 ёшдан ошганларда учрайди” деб ёзади. Шу билан бирга ўзида ва ўзи кузатувга олган беморларда бир хил аломатларга, яъни қўлларнинг титраши, мушаклар қотиши, ҳаракатларнинг сустлашиб бориши ва қадам ташлашнинг секинлашувига эътибор қаратади. Мушаклар кучи сақланиб қолган бўлса ҳам, титроқлар ва мушакларнинг қотиб қолиши сабабли Паркинсон бу касалликка “Титроқ фалажлик” деб ном беради.

Паркинсон ўлимидан 50 йил ўтгач, яъни 1874 йили машхур француз неврологи Жан Мартен Шарко бу касалликни чуқур ўрганиб, унинг номини ўзгартиради. Жарко шундай деб ёзади: “Биз ушбу касалликни ўзи шу дарддан азият чеккан ва уни батафсил ёзиб қолдирган врач номи билан атаймиз”.  Барча олимлар Шарконинг бу таклифини қўллаб қувватлашади. Ўша даврдан бошлаб ушбу касаллик Паркинсон касаллиги деб номланади. Жаҳон неврологияси фани асосчиси Ж.М.Шарко ушбу касаллик туфайли вафот этган беморларнинг бош миясини кесиб ўрганади, бироқ мия тўқималарида ҳеч қандай патологик ўзгаришлар топмайди.

Наслий хусусиятга эга

Паркинсон касаллиги туфайли ҳаётдан кўз юмган беморларнинг бош миясини Шарко давридан (1880 йиллардан) буён олимлар кесиб ўрганиб келишган.  Бироқ бош мияда ҳеч қанақа ўзгаришлар топилмагани учун албатта ҳайратда қолишади: “неврологик белгилар бору, бироқ бош мия эса ўзгармаган?!” Бу қанақаси бўлди? Балки касаллик наслий хусусиятга эгадир? Бу савол деярли 80 йил мобайнида, яъни ХХ асрнинг 60-йилларигача  жавобсиз қолади.

1918 йили Европада эпидемик энцефалит (бош миянинг кучли яллиғланиши) билан касалланганлар сони жуда кўпайиб кетади. Венгриялик олим Экономо ушбу касалликнинг, яъни энцефалитнинг сурункали босқичида Паркинсон касаллигига хос симптомларни кузатади. Энцефалит туфайли номуд бўлган беморларнинг бош мияси текширилганда бош миянинг чуқур қисмида патологик ўзгаришлар топишади. Ўша даврдан бошлаб Паркинсон касаллигига ўхшаб кечувчи касалликларни паркинсонизм деб атай бошлашади. Ўша пайтлари патоморфологик текширувлар ривожлана бошлаган эди. Хуллас, шу касаллик туфайли вафот этган беморларнинг бош мияси текширилганда бош миянинг қуйи қисмида жойлашган қора модда хужайралари атрофияси аниқланади.

Аслида паркинсон касаллигининг ривожланишида наслий омилларга катта урғу берилади. Чунки касаллик наслдан-аслга доминант типда узатилади. Бу касаллик тўла равишда фарзандларга ўтади, дегани эмас. Ваҳоланки, Паркинсон касаллигининг ўзи эмас, балки унга мойиллик кейинги авлодларга узатилади. Демак, ушбу касалликка мойиллиги бор одамларда турли ташқи салбий таъсирларгина Паркинсон касаллигини юзага келтириш мумкин.

Заҳарланиш дардга туртки беради

Турли кимёвий моддалар ва воситалар билан сурункали заҳарланиш паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлиши мумкин. Масалан, олтингугурт, марганец, қўрғошин, метил ва этил спиртлари, фосфорорганик бирикмалар, ис гази, яъни мияда дофамин моддаси алмашинувига салбий таъсир кўрсатувчи моддалар паркинсонизм ривожланишига туртки берган. Асаб системаси инфекциялари миянинг ички қисмида жойлашган қора моддани зарарлайдиган вируслар паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлиши мумкин.

Баъзи дориларгина паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлиши мумкин. Булар – аминазин, галоперидол ва шу гуруҳга кирувчи дорилар бўлиб, асосан руҳий бузилишларни даволашда ишлатилади. Улар катта миқдорда ёки узоқ вақт тавсия қилинса, беморда паркинсонизм белгилари ривожланади. Бироқ бемор бу дориларни ичишдан тўхтатса, паркинсонизм белгилари дарров орқага қайтади. Шунинг учун ҳам дорилар таъсиридан ривожланган паркинсонизм ҳақиқий Паркинсон касаллигига қараганда тез тузалади. Паркинсонизмни юзага келтирадиган дориларнинг ножўя таъсирини пасайтириш учун циклодол дориси берилади.

Гиёҳванд моддаларни қабул қиладиганларда паркинсонизм кўп ривожланади. Чунки гиёҳванд моддалар айнан қора моддада ишлаб чиқариладиган дофамин моддасини парчалайди.

sepsis

Сепсис

Сепсис йиринглатувчи микробларнинг маҳаллий инфекция ўчоғидан қон оқимига, лимфа йўлларига, улардан эса беморнинг барча тўқима ва аъзоларига тарқалишидан келиб чиқадиган  умумий инфекцион касалликдир.

Инфекция тушган жароҳат ва турли соҳада жойлашган йирингли касалликлар (масалан, чипқон, хўппоз, флегмона) сепсис манбаи бўлиши мумкин. Одатда стафилококк, стрептококк, баъзан пневмококк, гонококк, ичак таёқчаси сингари микроблар ҳам сепсисни қўзғатади. Аслида сепсис организмдаги жароҳат ёки яллиғланиш жараёнининг асорати ҳисобланади. Унинг ривожланишида оғир касалликлар, жарроҳлик операциялари, кўп қон йўқотиш, бирданига озиб кетиш, витамин етишмовчилиги, етарли овқатланмаслик натижасида организмнинг ҳимоя кучлари  сусайиши муҳим роль ўйнайди.

Оғир кечса, зарари кўпроқ

Сепсис оғир кечганда қондаги микроблар жуда тез кўпаяди ва улар қонни ўз заҳарли маҳсулотлари (токсинлари) билан зарарлайди, яъни қизил қон ҳужайралари (эритроцитлар)ни емиради. Сепсис ривожланганда беморнинг тана ҳарорати 39-40 даражага кўтарилади, эти увишади, баъзан қаттиқ терлайди. Айрим пайтда эса тери сарғимтир тусга кириб, унга тошмалар тошади.

Сепсис бирмунча енгил ўтганда микроблар қонда  кўпаймайди, балки қон оқими билан турли аъзо ва тўқималарга тарқалади, натижада уларда кўп сонли йирингли ўчоқлар ҳосил бўлади. Бундай вақтда сепсис узоқроқ кечади ва йиринг тўпланаётганда беморнинг аҳволи бир оз оғирлашиб, мадда ёрилгандан сўнг (ёки операциядан кейин) эса бир қадар енгиллашиб туради. Сепсиснинг ҳар икки ҳолатида ҳам беморнинг тана ҳарорати кўтарилади, боши оғрийди, кўп терлайди, артериал босими пасаяди, ҳолсизланади, иштаҳаси йўқолади, кўпинча уйқусизликдан азият чекади. Бундан ташқари, жигар ва талоқнинг катталашиши, шишиши, юрак ва буйраклар фаолиятининг ёмонлашиши кузатилади. Беморнинг оёқ-қўлларида майда қора доғлар пайдо бўлиб, бўғим ва мушакларида яллиғланишлар рўй беради. Ёш болаларда эса сепсис кўпинча зотилжам (пневмония) шаклида кечади.

Сепсиснинг пайдо бўлишида ташқи ва ички омиллар муҳим роль ўйнайди. Масалан, у баъзида ҳашаротлар (чивин, пашша, кана, бурга, ўргимчак) чаққандан сўнг ҳам юзага келади. Шунингдек, баъзан теридаги очиқ жароҳатларга инфекция тушганда, яраларнинг битиши кечикканда, турли гангренозлар (асосан оёқ гангренаси)да, қорин бўшлиғи аъзоларидаги жарроҳликлардан  сўнг ва ўткир хирургик касалликлар асорати сифатида пайдо бўлади.

Ҳозирги кунда юз-жағ соҳасидаги яллиғланиш касалликлари, айниқса болалардаги  бундай жараёнлар кўпгина ҳолатлар септик асоратлар бермоқда. Одонтоген сепсис милк ёки жағлардаги йиринглаш туфайли юзага келиб, кўп ҳолларда жағ ости лимфа тугунлари йиринглаши ва оғиз бўшлиғи флегмонаси билан бирга кечади.

Баъзан оёқдаги яра-чақалар ва баданнинг турли жойларидаги шикастланишдан кейинги жароҳатлар тузалиши кечикса ёки уларга ўз вақтида даво  қилинмаса, сепсис ривожланишига шароит яратилади. Умуман, сепсис кўзи ёриган ва бола олдирган аёлларда, бир ёшгача бўлган гўдакларда ҳамда турли хил жарроҳлик хасталиклари билан оғриган беморларда тез-тез учраб туради.

Қорин ва кўкрак бўшлиғи аъзоларидаги йирингли яраларда, айниқса, чипқон ва катта чипқон (карбункул) чиққанда, уларни қўл билан эзганда сепсис юзага келади. Баъзан арзимаган жароҳатлар (эҳтиётсизлик туфайли тананинг бирор жойи шилинса ёки кесилса) ҳам сепсис ривожланади.

Айрим пайтларда аёлларда сут безларининг яллиғланиши (мастит)дан сўнг сепсис келиб чиқиши мумкин.

Бир қанча турлари мавжуд

Гинекологик сепсис жинсий аъзолар фаолиятидаги айрим ўзгаришлар ёки касалликлар (масалан, ноқулай шароитда қилинган аборт, туғруқнинг оғир ўтиши, йирингли эндометрит, сальпингит)дан сўнг рўй беради.

Криптоген сепсис кўпинча аутоинфекциялар туфайли маълум шароитда вужудга келади, яъни инфекциялар бодомча безларида, тиш грануломаларида, кенгайган бронхларда, ичакларда, талоқда ўрнашган бўлиши мумкин.

Тонзиллоген сепсис кўпинча бодомча безларнинг йиринг бойлаши ва некрозли яллиғланиши (ангина) натижасида пайдо бўлади.

Риноген сепсис бурун ва унинг ёндош бўшлиқларидаги йирингли касалликлар асоратидир.

Уросепсис сийдик-таносил аъзоларига инфекция тушиши, уларнинг зарарланиши ҳамда бу аъзолардаги йирингли жараёнлар оқибатида вужудга келади.

Жарроҳлик сепсиси турли жарроҳлик касалликлари (айниқса, йирингли перетонит, плеврит, аппендицит, ўпка абцесси ҳамда куйиш жароҳати) асорати сифатида учрайди.

Булардан ташқари, сепсис жараёни янги туғилган гўдакларда ҳам кузатилади.

Чақалоқлар сепсиси (неонатал сепсис) бактерияларнинг инфекция ўчоғидан қонга тушиши билан кечадиган умумий инфекцион касалликдир. Чақалоқ организмига инфекция антенатал (туғруққача), интранатал (туғруқ пайтида) ва постнатал (туғруқдан кейин) даврларда ўтиши мумкин. Айниқса, чала туғилган гўдакларда сепсис жуда тез ривожланади.

Гўдакларда бу касалликни турли патоген ва шартли патоген микроорганизмлар (масалан, стафилококк, стрептококк, пневмококк, сальмонелла, ичак таёқчаси)  қўзғатади. Шуниндек, ҳомиладор аёл организмида яллиғланиш жараёнлари кечаётган бўлса, туғруқ пайтида териси шикастланиши туфайли йирингли ўчоқлардаги инфекция чақалоққа ўтади.

Чақалоқлар сепсиси аксарият ҳолларда бола туғилиши вақтида ёки туғилгандан сўнг юз беради. Кўпинча киндик яраси микроблар манбаига айланади. Бунда киндик қолдиғидан инфекция кириши натижасида сепсис юзага келади. Яъни бола киндиги уй шароитида кесилганда ёки киндикни  тоза бўлмаган ип ва латта билан боғлаганда, унга кул сепганда сепсис осонлик билан ривожланади. Бундан ташқари, сепсисни қўзғатувчи микроорганизмлар чақалоқ организмига шиллиқ қаватлар, нафас йўллари, ошқозон-ичак, теридаги жароҳатлар  ва киндик томирлари орқали кириши мумкин.

Консерватив даво наф бермаса…

Сепсиснинг ўта жиддий жараён эканлигини унутмаслигимиз керак. Бу жараёнда йиринг қонга сўрилади ва организмдаги барча аъзо ва ҳужайраларда ўрнашиб қолади. Шундан сўнг зарур аъзо ва ҳужайралар емирила бошлайди, уларнинг фаолияти кескин бузилади. Айниқса, юрак-қон томир, нафас, ҳазм аъзолари иши издан чиқади ва уларнинг етишмовчилиги кузатилади.

Сепсисга фақат касалхона шароитида даво қилинади. Бунда консерватив (дори-дармон) ва жарроҳлик муолажалари қўлланади. Организмдаги йирингли ўчоқлар дори-дармонлар, физиотерапевтик муолажалар ва яна бир неча хил мураккаб даво усуллари ёрдамида йўқотилади. Консерватив даволаш ёрдам бермаган ҳолларда жарроҳлик муолажаси амалга оширилади.

Маълумки, сепсис ривожланганда бемор организмида оғир турдаги заҳарланиш (интоксикация) рўй беради, бу вақтда иштаҳа йўқолади ва организм қувватсизланади. Шунинг учун ҳам сепсисни даволаш жараёнида беморга юқори калорияли, яъни сервитамин овқатлар бериш зарур. Бундан ташқари, беморлар тинч шароитда бўлишлари, санитария-гигиена қоидаларига риоя этишлари лозим. Айниқса, уларга яхши муомалада бўлиш касалликнинг тузалишида муҳим аҳамиятга эга.

Маслаҳатимиз шуки, одам баданида пайдо бўлган ҳар қандай яра-чақалар ва организмида кечаётган яллиғланишларга бепарво қарамаслик керак. Сепсиснинг олдини олиш учун қуйидаги ҳолатларга эътиборли бўлинг:

– очиқ жароҳатлар йиринглаши;

– юздаги ҳуснбузарлар учи оқариши;

– чипқон чиқиши;

– хасмол (қўл бармоғи тўқимларининг ўткир йирингли яллиғланиши) пайдо бўлиши;

– флегмона (тери ости ёғ клечаткасининг ўткир йирингли яллиғланиши) вужудга келиши;

– теридаги майда шикастлар тузалиши чўзилиши;

– баданнинг бирор жойи куйиши.

Шунингдек, ревматизм, аднексит, плеврит, пиелонефрит касалликлари сурункали тусга ўтганда ҳам сепсиснинг ривожланишига имкон яратилади.

Маҳмуджон ДЎСТМУҲАММЕДОВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор.

taloq kasallansa

ТАЛОҚ КАСАЛЛАНСА

Қон яратувчи аъзо ҳисобланган талоқ узунчоқ овал шаклида бўлиб, у қорин бўшлиғида – чап биқиннинг 9 ва 11-қовурғалари соҳасида жойлашган. Талоқ қоннинг биологик фильтридир. У қондаги ёт элементлар (яъни бактериялар)ни ҳамда зарарланган эритроцитларни йўқотади.

Баъзи қон касалликлари (масалан тромбоцитопеник пурпура, айрим наслий гемолитик камқонлик)да талоқ фаолияти издан чиқади. Бундай вақтда талоқ жарроҳлик усулида олиб ташланади. Талоқда ва унда учрайдиган айрим касалликлар ҳақида ҳар биримиз етарлича маълумотга эга бўлганимиз маъқул. Масалан бола талоқсиз туғилиши, баъзиларда эса иккита ва ундан ортиқ талоқ бўлиши мумкин.

Талоқсиз дунёга келган ёки айрим сабабларга кўра талоғи олиб ташланган одамлар (айниқса, кичкина болалар) организми кўплаб бактериал инфекцияларга сезгир бўлишади. Танадаги бошқа аъзолар каби талоқ ҳам кўпинча касалликка чалинади.

Талоқ инфаркти. Кўп кузатиладиган талоқ инфаркти эмболия ёки талоқ томирлари тромбози оқибатида келиб чиқади. Талоқ инфаркти геморрагик ёки ишемик, бир ўчоқли ёки кўп ўчоқли бўлиши мумкин. Одатда талоқдаги инфаркт ўчоқлари майда бўлади. Талоқ инфаркти кўпинча бактериал ва септик эндокардитда, қон-томир касалликларида, митрал стенозда, жароҳат ва юқумли касалликлардан сўнг кузатилади.
Кичик инфарктларда талоқнинг зарарланган қисми аста-секин сўрилиб кетиб, чандиқланади. Лекин инфаркт соҳаси юмшаб, у ерда сохта киста пайдо бўлиши ҳам мумкин. Кичик инфарктлар одатда ҳеч бир белгисиз ўтади. Талоқда катта инфаркт бўлганда чап қовурға ости соҳасида кутилмаганда оғриқ пайдо бўлади, тана ҳарорати 39 градусгача кўтарилади, кўнгил айнийди, ичак парези кузатилади. Инфаркт йиринглаганда абсцессга хос белгилар юзага чиқади.

Талоқ инфаркти консерватив (дори-дармон) йўл билан даволанади. Бемор ўринда ётиши керак. Унга антибиотиклар, яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи дорилар буюрилади. Инфаркт йиринглаб, абсцесс юзага келганида спленэктомия бажарилади, яъни талоқ жарроҳлик йўли билан олиб ташланади.

Буралса ёки жойидан силжиса… Адашган (ўз жойидан силжиган) талоғи бор одамларда талоқ буралиши юзага келиши мумкин бўлган хавфли асоратлардан бири ҳисобланади. Талоқ буралиши кам кузатилади. Кўпроқ аёлларда учрайди, лекин баъзан эркаклар ва ҳатто болаларда ҳам қайд қилинган. Талоқ буралиши тез ривожланганда кучли оғриқлар туради, бемор қусади, баъзида ҳушини йўқотиши мумкин. Секин ривожланган талоқ буралишида касаллик белгилари унчалик ўткир бўлмайди. Бунда турли даражадаги оғриқлар, метеоризм кузатилади.

Талоқ буралганда жарроҳлик йўли орқали талоқ олиб ташланади.

Абсцессга учраши мумкин. Талоқ абсцесси 0,5-1 фоиз ҳолатларда кузатилади. Талоқдаги абсцесс турли ўлчамларда, бир ўчоқли ёки кўп ўчоқли бўлиши мумкин. Абсцесс бутун талоқни ёки унинг бир қисмини зарарлайди. Кичик ўлчамли кўп ўчоқли абсцесслар катталашиб бир-бирига қўшилиб кетиши ва йирингли ярага айланиши мумкин.
Кўп ҳолларда вена ва артериялар орқали талоққа инфекция кириб келиши натижасида талоқ абсцесси юзага келади. Инфекция организмдаги септик, яллиғланиш ва йиринг ўчоқлари орқали тушиши мумкин. Масалан, туғруқдан кейинги сепсис, ярали эндокардит, остеомиелит, юқумли касалликлар, эхинококкоз инфекция тушишига имкон яратади.

Талоқ абсцессида беморнинг тана ҳарорати кўтарилади, титроқ босади, чап қовурға остида ўтмас оғриқлар сезилади. Бемор ҳаракат қилганида оғриқлар кучаяди. Шу сабабли, бемор қимирламасликка ҳаракат қилади. Талоқ асбцесси жарроҳлик йўли билан даволанади.

Киста ва ўсмалар. Талоқдаги кисталар чин ва сохта, битта ва бир нечта, паразитар ва нопаразитар бўлиши мумкин. Паразитар кисталар ривожланиш жараёнида ҳеч бир белгиларсиз кечади. Нопаразитар кисталар ҳам ҳеч бир белги бермаганлиги сабабли, одам талоғида киста борлигини ҳеч қачон билмаслиги мумкин. Киста ўлчамлари катталашганда талоқ ҳам йириклашади. Бунда талоқ соҳасида оғриқ юзага келади.

Талоқдаги ўсмаларнинг икки тури (карцинома ва хавфсиз ўсма) тафовут қилинади. Касаллик белгилари талоқдаги ўсма ўса бошлагандан сўнггина юзага келади. Бунда қорин, чап қовурға ости соҳаси, елканинг чап томонида оғриқлар пайдо бўлади. Саркома (талоқ ўсмаси) катталашиб кетса, кучли заҳарланиш белгилари (қусиш, доимий кўнгил айниши, юқори тана ҳарорати) юзага келади.

Азиза МАҲМУДОВА,

гематолог, тиббиёт фанлари доктори.