chaqaloq-kindik-churrasi

Чақалоқларда киндик чурраси

Организмнинг турли анатомик бўшлиқларини ҳосил қилувчи деворларидаги мавжуд бўлган табиий тирқишлар ёки юмшоқ тўқималарнинг нимжонлиги туфайли улар тонусини кескин пасайган жойлари орқали айрим аъзоларнинг ташқарига, яъни тери остига ёки ёндош анатомик бўшлиққа бўртиб чиқиши чурра ҳисобланади.

Инсонларда ички ва ташқи чурралар тафовут қилинади. Чақалоқларда киндик, чов, чов-ёрғоқ чурралари кўп кузатилади, айни пайтда, бош ва орқа мия, диафрагма чурралари ҳамда киндик тизими чурраси ҳам учраб туради.

Барча туғма нуқсонлар сингари чурралар турли салбий омиллар (онанинг ҳомиладорлик даврида  турли ўткир ва сурункали касалликлар ёки инфекцияга чалиниши, стресс ҳолатлари, асабий ва руҳий толиқишлар, шунингдек ҳомиланинг она қорнида мўътадил ривожланишидаги бузилишлари) натижасида пайдо бўлади.

Ўлчамларига кўра фарқланади

chaqaloqlarda-kindik-churrasi

Киндик соҳасидаги чурраларнинг икки тури тафовут қилинади.

Киндик тизими  чурраси (эмбрионал чурра ҳам деб юритилади) келиб чиқиш сабабларига кўра оддий киндик чуррасидан фарқланиб, қорин олд девори мушакларининг қисман ёки тўлиқ бўлмаслиги ҳисобига, аксарият кўп ҳолларда чурра ҳосиласи ўлчамларининг катталиги (3-15 см) билан фарқ қилади. Киндик тизими чурраси мавжудлиги чақалоқ туғилиши биланоқ аниқланади ва тегишли даво белгиланади.

Киндик чурраси – қорин олд девори мушаклари пайларининг ривожланиши ва ўзаро битишидаги бузилишлари туфайли битмай қолган киндик ҳалқасидан чарви ёки ичакнинг тери остига чиқишидир. Киндик ҳалқаси, яъни чурра дарвозаси турли ўлчамларда бўлади. Айрим болаларда у жимжилоқ ёки кўрсаткич бармоқларнинг диаметрига тенг келса, бошқаларда эса 3-4 см ташкил қилади ва тегишли тарзда турли ўлчамдаги чурра ҳосиласи кўринишида бўлади. Одатда бу ҳосилани бола тинчланганида осонлик билан бармоқларимиз орқали  қорин бўшлиғига тушириш имконияти мавжуд.

Туғилиш жараёнида кузатилган жароҳатланишлар ёки бошқа касалликлар, ич келиши ва сийдик ажратишдаги қийинчиликлар, шунингдек йўтал туфайли бола безовталигининг кучайиши ҳисобига чурра ўлчами катталашиб боради. Бу эса мавжуд клиник белгилар янада чуқурлашувига ва йўлдош касалликлар қўшилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Комплекс даво — самарали натижа

chaqaloq-kindik-churrasida

Киндик чуррасининг мавжудлиги боланинг ёшидан қатъий назар, шифокорга кўрсатишни ва ота-оналар томонидан тегишли тавсияларни олиш ва уларни мунтазам равишда бажаришни тақозо этади. Боласида киндик чурраси мавжуд бўлган кўпгина оналарнинг бизга мурожаат қилганларида улар томонидан боланинг киндиги устига танга қўйиб лейкопластир билан тортиб қўйиш, ёки чуррани дока билан боғлаш каби ўтказилган тадбирлар фойда қилмаганлиги тўғрисида гапиришади.

Даво тактикаси комплекс ёндошувни талаб этади. Бу борада онанинг иштироки ниҳоятда юқори бўлиши зарур. Бола тинчлигини, ич келиши ва сийдик ажратиш равонлигини таъминлаш қорин бўшлиғи босими ошиши ва чурра катталашишининг олдини олишда асосий аҳамиятга эга. Болани рационал овқатлантиришни йўлга қўйиш ҳамда эмизувчи онанинг ҳам пархез сақлаши бола меъда-ичак йўлларида мўътадил муҳитни юзага келтиради.

Киндик ҳалқасининг битиши ва қорин девори мушакларини ривожлантиришга қаратилган тадбирларнинг ҳам аҳамияти юқори. Бунинг учун чурра ҳосиласини қорин бўшлиғига тўғрилаб атрофидаги терини бўйига бир-бирига яқинлаштирган ҳолда ҳалқа устидан, эни 1,5-2 см лейкопластир билан тортиб қўйилади. Бу тадбирни бола тўла тинчланган пайтда ёки ухлаётганида амалга ошириш осонроқ.

Ижобий натижа 15-20 кундан кейин кузатилиб киндик ҳалқасининг нисбатан кичрая бориши билан кечади. Одатда чақалоқ ва гўдак ёшдаги болалар терисининг нозиклиги ва таъсирчанлиги туфайли пластир ўрнида қизаришлар пайдо бўлади. Бунинг олдини олиш учун ҳар 4 кунда пластир 3-4 соатга олинади ва витаминли крем билан ишлов берилгач қайта ёпиштирилади. Бу муолажадан тўлиқ самарага эришилмаганда бу тадбир  10-15 кунлик танаффусдан кейин яна бир неча бор қайта ўтказилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, киндик қолдиғи тушиб улгурмаган чақалоқларда, шунингдек киндик косачасининг яллиғланиш аломатлари кузатилганда, лейкопластирли тортма қўйишдан олдин врач маслаҳатини олиш ва ассептика ва антисептика қоидаларига амал қилинган ҳолда тегишли ишлов бериб туриш зарур бўлади.

Чурра қисилиши хатарли

kindik-churrasi-qisilishi

Мунтазам равишда кунига 3-4 марта гўдакни қорнига ётқизиш чурра тирқиши битишида самара беради. Чақалоқлар (лейкопластирни олмасдан туриб) 5-10 дақиқага қорнига ётқизилганда уларнинг кўкрак қафаси ва бошини она ёрдамида баландроқ кўтариб туриш бола димиқиб қолишининг олдини олади. Бўйин ва бошини эркин тута оладиган гўдакларда эса бу тадбир 10-15 дақиқагача узайтирилиши мумкин, бунда кўкрак қафасини кўтариб туришга эҳтиёж бўлмасада, албатта онанинг назорати остида амалга оширилиши зарур. Ушбу муолажа нафақат қорин мушакларининг фаоллашувини таъминлаб, шунингдек перисталтиканинг ошиши ҳисобига ичакларда тўпланган газлар ажралиши ва болани ўзини енгил ҳис этишига кўмаклашади.

Қорин деворларини уқалаш боланинг тетиклашуви ва чуррани бартараф этилишида аҳамияти юқори ҳисобланади. Уқалашни болани овқатлантиришдан олдин ва уқаловчи тиббиёт ходимларининг маслаҳатларига амал қилган ҳолда ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.

Айрим кичик ўлчамли чурраларда унинг махсус даволарсиз ҳам ўз-ўзидан тузалиши, шунингдек катта ҳажмли чурраларда ҳам шифокорларнинг тўғри ташкил этилган консерватив даво тадбирлари  ёрдамида ҳам 70-80 фоиз ҳолатларгача операция усулисиз ижобий натижага эришиш мумкин. Қайта ўтказилган консерватив даво муолажаларининг самарасизлиги режали равишда операция усулини қўллашни тақозо этади ва унинг оптимал даври боланинг 3-5 ёшига тўғри келади.

Киндик чуррасининг сиқилиши болаларда кам учрасада, хавфли асорат ҳисобланади. Қорин дам бўлишининг ортиб бориши, қусиш ва пайпаслаганда чуррани қорин бўшлиғига тўғирланмаслиги ва бунда бола безовталигини янада кучайиши чурранинг сиқилганлигидан далолат беради ва бола ёшидан қатъий назар, зудлик билан шифокорга мурожаат этиш зарурлигини  кўрсатади.

Насриддин ЭРГАШЕВ,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти
“Госпитал болалар хирургияси” кафедраси профессори,
тиббиёт фанлари доктори.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan