depressiya

Депрессия

Депрессия – кайфиятнинг кескин пасайиши, фикрлар карахтлиги ва ҳаётга интилишнинг йўқолиши билан кечадиган хасталик ҳисобланиб, у асосан ўткир ва сурункали руҳий сиқилишлар, кетма-кетма келувчи муваффақиятсизликлар ва узоқ давом этувчи оғир дардлар туфайли юзага келади. Турмуш шароитидаги салбий омиллар сабабли ривожланган депрессияга экзоген (ташқи)депрессия деб айтилади. Ҳеч қандай сабабсиз ривожланадиган депрессияга эндоген (ички)депрессия дейилади. Эндоген депрессиялар ривожланишида наслий омилнинг ўрни катта.

Шуни ҳам айтиш жоизки, соматик симптомлари, яъни ички аъзолар функцияларини бузилиши билан кечувчи депрессия ниқобланган депрессиядир. Нима учун ниқобланган депрессия дейилади. Чунки бемор депрессия билан касалланган бўлса-да, унинг шикоятлари кўпинча мигрен, юрак, бўғим, ошқозон-ичак, тери-таносил касалликлари аломатларига ўхшаш бўлади. Беморни текшираётган врач юқоридаги сингари хасталиклар туфайли кашфиятда тушкунлик рўй берган деб ўйлайди. Аслида беморда ниқобланган депрессия ривожланган бўлади. Бундай беморни албатта тиббий психолог ёки психиатр кўригидан ўтказилиши керак.

Руҳий-ҳиссий бузилишлар

Аксарият ҳолларда депрессия оила ва ишдаги муваффақиятсизликлар ёки бахтсиз воқеалардан сўнг ривожланади. Одатда, бундай беморни унинг яқинлари, таниш-билишлари психологга мурожаат қилишга ундашади. Демак, уларни психолог қабулига мажбуран олиб келишади. Психолог қабулида дастлабки суҳбатдан ўтгач беморнинг дунёқараши, аксарият ҳолларда кескин ўзгаради ва кейинчалик унинг ўзи психолог қабулига қатнай бошлайди.

Депрессияда кўп кузатиладиган асосий руҳий-ҳиссий бузилишлар кайфиятнинг тушиб кетиши, умидсизлик, ғам-ғусса, доимий хавотир, ёмон воқеаларни кутиб яшаш, айбдорлик ҳисси ёки ўзини ҳадеб айблайвериш, қайсарлик, ўжарлик, ўз билганидан қолмаслик, ўз ҳаётидан қониқмаслик ва ўзини камситиш, атрофдаги воқеалар ва яқинларига қизиқишнинг йўқолишидир. Депрессияга чалинган одамларнинг кайфияти кун бўйи ўзгариб туриши мумкин. Масалан, эрталаб кайфияти жуда яхши бўлса, кечга яқин унинг кайфияти умуман тушиб кетади. Баъзи одамларда бунинг тескариси кузатилади.

Бундан ташқари, депрессияда бош оғриғи, бош айланиши, энса ва бўйин соҳасида оғриқлар, юрак соҳасида оғриқлар, нафас етишмаслиги, иштаҳа пасайиши, қабзият, жинсий заифлик, ҳайз кўришнинг бузилиши, турли умумий холсизлик каби белгилар кўп кузатилади. Бош оғриқ – депрессиянинг энг кўп учрайдиган белгисидир. Демак, доимий тарзда боши оғрийдиган беморда депрессия бор-йўқлигини текшириб кўриш керак. Бундай бемордаги бош оғриқни оғриқ қолдирувчи дорилар эмас, балки депрессияга қарши дорилар бартараф этишини тушунтириш керак.

Депрессияда ҳулқ-атвор бузилишлари ҳам жуда кўп учрайди. Булар – ўз жонига қасд қилишга интилиш, бирор-бир фаолиятга қизиқмаслик, камҳаракатчанлик, уйдан чиқмай ётавериш, ёлғизликка интилиш, бировлар билан мулоқотдан қочиш, ичкиликка ёки турли фармакологик дориларга ружу қўйишади. Шунингдек депрессияда хотира ва фикрлаш жараёни бузилишлари кузатилади. Паришонхотирлик, хотира пасайиши, айниқса эслаб қолишнинг бузилиши жуда кўп кузатилади. Фикрлар карахтлиги – депрессиянинг асосий белгиларидан биридир.

Ким депрессияга мойил?

Депрессия одатда кучли, мақсадга интилувчан, бироқ ҳиссиётга берилувчан одамларда кўп учрайди. Уларнинг депрессияга тушишдан олдинги ҳаёти ўрганилганда, қуйидаги хусусиятлар аниқланган: депрессияга учраган шахсларнинг ўзига хос дунёқараши бўлади, улар атрофдаги воқеаларни ўз дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда таҳлил қиладиган ва ҳиссиётга берилувчан шахслар бўлади. Улар кўпинча, ҳаётдан қониқмай яшашади, эришган ютуқлари уларни қониқтирмайди, ўз фаолиятига танқидий муносабатда бўлишади. Бу одамлар фақат маррани эгаллаш учун яшайдилар. Шу билан бирга бошқалар, масалан, ҳамкасбларининг хатоларини топиш ва маслаҳат бериб юришни хуш кўришади. Агар унинг хатосини кўрсатишса, бундан қаттиқ азият чекади ва шу одамни ёқтирмай қолади.

Улар оилада ҳам, уйда ҳам аниқ бир режа асосида ҳаёт кечиришга одатланган, ўта талабчан бўлишади, бола-чақасидан ҳам шундай яшашни талаб қилишади. Бу кўпинча, оилавий мажораларга сабабчи бўлади. Бундай шахслар оила ва ишдаги муваффақиятсизликлар ва мусибатли воқеаларни оғир қабул қилишади, ичкиликка ҳам тез ружу қўйишлари мумкин. Баъзан уларнинг турмуши ҳам беқарор бўлади.

Улар ёлғизликни ёқтиришади, бирор бир ишни бошлашса ёки раҳбарлардан топшириқ олишса, уни мукаммал бажаришга интилишади. Бундай одамлар арзимаган баҳодан жуда хурсанд ва арзимаган койишдан қаттиқ хафа бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам уларнинг жаҳлини чиқариш ёки кайфиятини тушириш осондир.

Ташхис ва даво усуллари

depressiya

Депрессия аксарият ҳолларда беморлар томонидан ҳам, яқинлари томонидан ҳам, баъзан врачлар томонидан ҳам ёмон хулқ-атворнинг бир кўриниши сифатида қабул қилинади ва шу сабабларга кўра, вақтида аниқланмай қолади. Психосоматик бузилишлар билан намоён бўлувчи депрессия ҳам ўз вақтида аниқланмай қолада ва “ички касалликлар” ташхиси қўйилади. Депрессия фақат кайфиятнинг тушиши билан боғлиқ бўлган ҳолат эмас, балки бир нечта симптомлардан иборат касалликдир. Бу касалликни эрта аниқлаш ва даволаш муолажаларини эрта бошлаш беморнинг депрессиядан тезда чиқиб кетишига ёрдам беради. Депресcия ташхисини қўйиш учун қуйидаги 3 та симптомнинг икки ҳафтадан ошиқ давом этиши ҳам етарлидир. Булар – кайфиятнинг пасайиши, фикрлар карахтлиги ва ҳаётга бўлган (интилишни) йўқолиши.

Депрессияни даволашда дори-дармонлар ва психотерапевтик суҳбатлар қўлланилади. Бу иккала даволаш усули биргаликда олиб борилса, самараси юқори бўлади. Дорилар билан даволашдан олдин ўтказилган психотерапия даволаниш жараёнини енгиллаштирса, ундан сўнг ўтказилган психотерапия эса депрессия қайталанишининг олдини олади.

Дорилар ҳам ёрдам беради

depressiya

Дорилар депрессиянинг барча турларида тавсия этилиши мумкин. Врач ёки психологнинг бемор олдига қўядиган энг асосий шартларидан бири – даволанишни режа асосида олиб бориш ва врач тавсияларини сўзсиз бажаришдир.

Депрессияни бартараф этиш учун қўлланиладиган доориларга антидепрессантлар деб айтилади. Антидепрессантлар мияда кайфият гормони деб аталмиш “серотонин” миқдорини оширади.

Антидепрессантлар билан даволаш қонун-қоидалари қуйидагича:

  1. Беморнинг ўзи ҳеч қачон интернет ёки врачлар учун ёзилган китоблардан фойдаланиб депрессияга қарши дори қабул қилиши асло мумкин эмас. Айниқса депрессияда дориларни рухсатсиз ичиш жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтириш керак.
  2. Врач депрессия тури, даражаси, клиник манзараси ва беморнинг соматик аҳволидан келиб чиққан ҳолда, аниқ бир антидепрессант танлаб олади ва беморга тавсия қилади. Врач унинг кундалик дозасини белгилайди ва даволаш схемасини тузади.
  3. Антидепрессантлар билан даволаш даврида депрессия белгилари секин-аста йўқолиб бориши (одатда, 1-2 ҳафтадан сўнг) беморга тушунтирилади. Уни врачдан бемаслаҳат тўхтатиб қўйиш мумкин эмаслиги уқтирилади. Антидепрессантларни бир неча ой ичиш зарурлиги ва депрессия белгилари бутунлай йўқолгандан сўнг врачнинг ўзи даволашни тўхтатиш вақтини белгилаши айтилади.
  4. Антидепрессантларни касаллик белгилари йўқолгандан сўнг ҳам яна 2-4 ой мобайнида (баъзан ундан ҳам кўп) ичиш зарурлиги тушунтирилади. Бу қоида депрессиянинг яна қайталамаслиги учун қабул қилинган.

Дорилар билан даволаш жараёнида психотерапия муолажаларининг ўтказилиши беморнинг депрессиядан чиқиш даврини тезлаштиради ва касалликни қайталамаслигини олди олинади. Психотерапевтик муолажалар пайтида беморлар билан мулоқотлар олиб борилиши давом этдириб борилади. антидепрессантларни қабул қилиш билан боғлиқ бўлган муаммолар ечилади (чунки, аксарият беморлар 1 ойдан сўнг дори ичишни тўхтатиб қўйишади), беморда яхши натижаларга ишонч ҳосил қилинади. Уларни эрта тўхтатиб қўйиш ёки асоссиз тарзда кам миқдорда бериш кутилгандек яхши натижани бермайди. Бемор депрессия белгилари тугагунча доимо врач назоратида бўлиши зарур. Дориларни тўсатдан тўхтатиш депрессиянинг яна қўзғашига сабабчи бўлади.

Депрессияни даволашда антидепрессантлар билан биргаликда, физиотерапия, нина санчиб ва гиёҳлар билан даволаш ҳам кенг қўлланилади.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,
невролог-нейропсихолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan