Донларнинг фойдаси кўп

Донларнинг фойдаси кўп

МОШ. Оқсил ва темир моддасига бой бўлган мош овқат ҳазмини яхшилайди, ичакларни тозалайди, буйрак фаолиятини рағбатлантиради. Таркибида фосфор сероблиги боис хотирани мустаҳкамлайди, асабларни тинчлантиради, стрессларни бартараф этиб, ақлий қобилият ва кўз нурини оширишга ёрдам беради. Қувват манбаи ҳисобланган мош юрак, қон-томир фаолиятига ижобий таъсир этиб, артериал қон босимини туширади, қондаги холестерин миқдорини камайтиради. У сийдик ҳайдаш хусусиятига ҳам эга. Ич бузилишида, турли заҳарланишларда (масалан, қўзиқориндан заҳарланганда) мошли таомларни кўп ейиш керак. Чунки мош антиоксидант ва антисептик маҳсулотдир. Мошли таомларни севиб истеъмол қилувчиларнинг териси соғлом, майин, ажинлардан холи бўлади.

НЎХАТ. Мунтазам равишда нўхатли таом ва салатларни истеъмол қилган одамда саратон, атеросклероз, гипертония, инфарктга чалиниш хавфи пасайиб бораверади. Нўхат организмга сингиб, қон айланиши ва моддалар алмашинувини яхшилайди, тишларни мустаҳкамлайди. Кўк нўхат антисептик восита вазифасини ўтайди, гижжалардан халос этади. Нўхатда бошқа дуккакли донларга қараганда шакар камроқ, крахмал эса кўпроқ.

ЛОВИЯ крахмал, углевод, оқсил, С, РР, В гуруҳи витаминлари, цинк, калий, темирга бойлиги жиҳатдан у гўшт ва денгиз маҳсулотларига яқин туради. Ловия сийдик ҳайдовчи ва микробларга қарши воситадир. Шунинг учун жигар, буйрак, ўт қопи, сийдик йўли касалликлари, ичак инфекциялари ҳамда қандли диабет, гипертония, сил, ревматизм, подагра ва камқонликда фойдали. Оқ ловия кўкрак ва ўпкадаги оғриқларни қолдиради, организмда туз мувозанатини меъёрга келтиради. Қизил ловия эса темирга бой бўлиб, қондаги гемоглобин миқдорини кескин оширади.

ЖЎХОРИ донлари таркибида кальций, темир, магний, фосфор, йод, Д, Е, С, В витаминларини кўп миқдорда жамлагани билан соғлиқ учун аҳамиятли. Жўхори кўз нурини оширади, хотирани мустаҳкамлайди, аёлларда учрайдиган касалликларни даволайди, холестерин миқдорини пасайтиради, гижжаларни йўқотади, қабзиятни бартараф этади. Нефрит, гепатит, холецистит, эпилепсия, подагра каби дардларга чалинганлар парҳез сақлаганда жўхорини чекламасалар ҳам бўлади.

Дурдона АЛИМОВА тайёрлади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan