Гирудотерапия

Гирудотерапия

Табобатда ишлатиладиган зулуклар махсус биофабрикаларда етиштирилиб, улардан фақат бир мартагина фойдаланиш мумкин. Бундай зулуклар оч ҳолида оғирлиги 2-5 граммни ташкил этади. Уни бемор танасига қўйишдан олдин 3-4 ой оч қолдирилади. Таъкидлаш жоизки, зулукларнинг тишлари остида гирутин моддаси мавжуд. Бу модда танадаги аъзоларга шифобахш таъсир кўрсатади, асосан қонни суюлтиради. Томирлардаги қонни кислород билан тўйинтиришдан ташқари юракнинг кислородга бўлган эҳтиёжини ҳам қондиради. Шунингдек, лимфа безлари ишини рағбатлантириб иммунитетни кучайтиради.

Зулук сўлаги таркибидаги биофаол моддалар, оқсиллар, ферментлар тўпланиб қолган зарарли моддалардан организмни тозалайди, тери рангини чиройли қилади, кишини ёшартириб, умрини узайтириш хусусиятига ҳам эга. У қон айланишини яхшилаш билан бир қаторда танада йиғилиб қолган ёғларни эритиб, терини майинлаштиради, ортиқча вазнни йўқотади. Бундан ташқари, зулук қон босимини пасайтиради, танадаги яллиғланишларга сабаб бўлган микроорганизм ва бактерияларни нобуд қилади. Зулук майда қон томирчалардан қонни сўриш пайтида сўлаги таркибидаги биологик фаол моддани тўқималарга “узатади” ва бунда ўз-ўзидан моддалар алмашинуви яхшиланади.

Гирудотерапияда зулукларнинг сони беморнинг ёши ҳамда вазнига, қон босимининг ҳолатига қараб белгиланади. Битта муолажа пайтида 2-10 дона, баъзан эса 15 донагача зулук қўйиш мумкин. Муолажа учун ишлатиладиган зулуклар ўз вазнига нисбатан 3 баравар кўп қонни сўриб олади. Бу жараён ярим соатдан 1 соатга қадар давом этади.

Зулук қуйидаги касалликларни даволаш мақсадида ишлатилади:

  • юрак-қон томир тизими касалликлари (яъни гипертония, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, инфаркт олди ва кейинги даврида, миокардит) да;
  • бош мия ва умуртқа поғонаси касалликлари (бош оғриқлари ва бош айланиши, мигрен, инсульт олди ва кейинги даврида, атеросклероз, остеохондроз, бел чурраси оғриқли синдроми, невралгия) да;
  • глаукома ва кўриш қобилиятининг пасайишида.

Шунингдек, буқоқ касалликларининг турли кўринишлари, қандли диабет, мастопатия, веналарнинг варикоз кенгайиши, тромбофлебит, ортиқча вазн, турли яллиғланишлар, шамоллашда, лимфа ва кўк томирларда (вена) қон юришиши қийинлашганда, қон ёпишқоқлиги бузилганда, турли тери касалликларида, иммунитет пасайиб кетганда, простатит, бепуштлик, ошқозон ва ичак касалликлари, аллергия ва ҳар хил тошмалар, гайморит, полип, аденоид, аллергик ринит, стоматит, бавосил ва шунингдек, кўпгина гинекологик ва урологик касалликларда тавсия этилади.

Камқонлик, хавфли ўсмалар, гемофилия, геморрагик диатез, гипотония (қон босими пастлиги) касалликлари бўлганда ва тана ҳарорати кўтарилганда зулукдан фойдаланиш мумкин эмас.

Маълумки, зулуклар ўткир ҳидларга сезгир бўлишади. Шу боис муолажадан олдин парфюмерия воситаларини ишлатмаган маъқул. Душга тушилганда фақат болалар совунидан фойдаланиш керак. Зулук қўйишдан аввал беморнинг гемоглобин миқдори, қонининг суюқ ё қуюқлиги, артериал босими текширилади. Зулук қўйилгач, то у теридан ажралиб тушиб кетгунига қадар кузатиб туриш лозим, муҳими зулукни танадан куч билан ажратиб олишга уринмаслик керак.

Даволанишдан сўнг 2 кун давомида зулук қўйилган жойда майда шишлар, кўкариш, қизариш ёки енгил қичишишлар рўй беради. Бу вақтинчалик ҳолат. Муолажадан кейин бир-икки кун ванна қабул қилмаслик, совуқ сув ичмаслик керак. Аччиқ ва шўр егуликлар, цитрус мевалар ва донли маҳсулотлардан тайёрланган таомларни ҳам истеъмол қилмаган маъқул. Муҳими, гирудотерапия фақат махсус тиббиёт муассасаларида малакали шифокор назорати остида ўтказилиши зарур.

Шарофат МАҲАМАТХЎЖАЕВА, терапевт.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan