hansirash

Ҳансираш қандай хасталиклар белгиси?

Ҳансираш – ҳаво етишмаслик ҳисси билан кечадиган ҳолат. У нафас олишнинг меъёрдагидан кўпайиши бўлиб, турли хасталиклар оқибатида юзага келиши мумкин. Аксарият ҳолларда ҳансираш нафас олиш аъзолари, юрак қон-томир тизими, қон касалликлари ва томоқ-бурун хасталикларида учрайди.

Нафас олиш йўллари ва ўпка касалликлари

nafas-olish-yo'llari

Бу хасталикларда ҳансираш аломатлари бронхлар яллиғланиши натижасида, уларнинг диаметрлари камайиб торайиши ва шиллиқ қавати яллиғланиши натижасида секрет ишлаб чиқариш хусусияти кучайиши ҳисобига юзага келади. Бронхларнинг диаметри камайиши албатта яллиғланиш ёки иммун тизимдаги патологиик ўзгаришлардан сўнг ва аллергик реакциялардан кейин юзага келади. Ҳансираш ўпка зотилжами (пневмония) касалликларида ҳам кузатилади. Бунда кўпинча яллиғланиш натижасида ўпка алвеолаларида суюқлик тўпланиб нафас олиш тизимини зарарлайди ва қоннинг кислород билан тўйинишини камайтиради.

Сурункали ўпка касалликлари, зотилжам, сил билан хасталанган инсонларда ўпканинг тўқимасида фиброз жараёни содир бўлади ва қондаги кислород миқдори камайиши натижасида ҳансираш юзага келади. Баъзи ўпка касалликлари, юрак ва жигар, шунингдек нафас олиш тизими касалликларида кўкрак кафасининг плевра бўшлиғида суюқлик йиғилади ва ўпкани ҳаракатини чегаралаб қўяди, бу ҳолат ҳам ҳансирашга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳансираш сабаблари тўғрисида фикр юритилганда тамакининг таъсири ҳақида ҳам эслатиб ўтиш зарур. Тамаки нафас йўлларига таъсир қилиши натижасида бронхлар шиллиқ каватида яллиғланиш ва бўртиш юзага келади, бронх ва бронхиолалар диаметри камаяди. Вақт ўтган сари ўпка тўқимасида фиброз юзага келади ва кейинчалик бу жойда хавфли ўсма ривожланишига замин яратилади. Умуман, тамаки чекиш натижасида ҳансираш жуда эрта юзага келади. Кашандаларда балғам ажралиши қийинлашади, бемор қув-қув йўталади, балғам ўпкага ёпишиб, қатламлашади. Борган сари нафас олиш йўли торайиб, ҳаво ўтиши қийинлашади, бемор одам ҳансирайди.

Бронхиал астма касаллигида ҳансираш аломатини аллергия чақирувчи воситалар ўсимликлар гулчанги, бактериялар, дорилар ва (озиқ-овқат маҳсулотлари) келтириб чиқаради. Агар сизда бу ҳолат тез-тез такрорланиб турса, шифокор-пульмонологга мурожаат қилинг.

Сиз шамоллаб, тузалганингиздан кейин йўтал 3 ҳафтадан зиёд давом этса-ю, унга ҳансираш “шерик” бўлса, бу сурункали бронхит ёҳуд бронхиал астма ривожланаётганидан далолат бериши мумкин. Шунинг учун шамоллаш даври ўтгандан сўнг ҳам йўтал ва ҳансирашингиз қолмаса, шифокор-терапевтга мурожаат қилиб, текширувдан ўтинг.

Юрак-қон томир касалликлари

yurak-qon-tomir-tizimi

Агар томирлар танадаги аъзоларга қон орқали кислород етказишнинг уддасидан чиқмаса, одам тез-тез нафас олиш ёрдамида етишмаган кислород ўрнини тўлдиради. Бу асосан юрак нуқсонлари, гипертония, юрак толиқиши, стенокардияда (тез юрганда, зинадан кўтарилганда, асабий зўриққанда) рўй беради.

Юрак хасталиклари ўз вақтида даволанмаса юрак етишмовчилигига олиб келади. Юрак қон-томир етишмовчилиги бор беморларда ҳансираш аломати тунда ҳеч қандай сабабсиз ёки жисмоний зўриқишдан сўнг пайдо бўлади, бемор горизонтал ҳолатда ётолмайди, юраги тез-тез уради, қуруқ йўталади. Касалликнинг илк босқичларида ҳимоя таъсири, яъни ҳансираш фақатгина жисмоний зўриқишдан кейингина пайдо бўлса, дард ривожланганда ҳансираш беморни, ҳатто тинч турган пайтда ҳам безовта қила бошлайди. Айниқса, ётган ҳолатда бу жараён кучаяди. Агар юрак хасталиги ўз вақтида даволанмаса, ҳансираш аломати одатий ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатади, кундалик бажариладиган ишларни амалга оширишга тўсқинлик қилади.

ЛОР аъзоларининг яллиғланиш жараёнлари

lor-a'zolari

Бу касалликларда ҳансираш белгиси нафас олиб чиқараётганда кузатилади. Бундай пайтда нафас олишнинг қийинлашиши касалликнинг оғир кечаётганидан далолат беради. Демак, беморни касалхонага ётқизишга тўғри келади.

Шунингдек, полип (сурункали яллиғланиш натижасида бурун шиллиқ пардасининг маълум қисмида пайдо бўлган сўрғичсимон ўсиқ), тунги апноэ синдроми (бир неча марта чуқур нафас олингандан сўнг нафас пасайиб, унинг бир неча дақиқага йўқолиши ёки мутлақо тўхтаб қолиши)да ҳам нафас олиш қийинлашиб, киши оғзи билан нафас ола бошлайди. Баъзан кучли ҳансираш, нафас бўғилиши кузатилади.

Шуниси қизиқки, соғлом одамларда ҳам катта жисмоний зўриқиш натижасида ҳансираш пайдо бўлиши мумкин. Масалан, уйингиз биносидаги лифт ишламаяпти дейлик, сиз эса 5-қаватда яшайсиз, спорт билан ҳам жуда кам шуғулланасиз. Табиийки, юқорига пиёда чиққанингиздан кейин, чиниқмаган организм толиқади ва сизда ҳансираш аломатлари кузатилади. Шунда сиз бироз вақт ўтиб, нафасингизни ростлаб олишга мажбур бўласиз.

Агар сизни ҳансираш тез-тез безовта қилиб турса, албатта унинг сабабини аниқлашингиз ва тегишли маслаҳат ва даво муолажаларини олиш учун ўз вақтида шифокорга мурожаат қилишингиз зарур.

Аброр ҲАМРАЕВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan