Ногиронларни реабилитация қилиш

Ҳаётни севиб яшамоқ лозим (Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази)

Ҳар бир инсон борки, юзу кўзидан соғломлик уфуриб, ўзини бахтли ҳис этиб яшашга ҳақли. Гарчи у жисмонан заиф ёки оғир хасталикни бошдан ўтказган бўлсада ҳаётни севиши, ён-атрофига шукроналик туйғулари билан боқиши лозим. Негаки, бугунги кунда юртимиздаги ҳар бир кишининг саломатлиги ҳукуматимиз томонидан кафолатланган. Хусусан, ногиронларни соғломлаштириш борасида ҳам қарор ва фармонлар эълон қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши бунга яққол мисол бўла олади. Ушбу муҳим ҳужжатда Ўзбекистонда ногиронликни аниқлаш, ногиронлар учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ижтимоий инфратузилмалардан эркин ва қулай фойдаланиш, таълим олиш ва касбга йўналтириш, ишга жойлаштириш, замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация учун техник воситалар билан таъминлаш кабиларда камчиликлар қайд этилиб, зарур вазифалар белгилаб берилди. Демак, мамлакатимизда аҳолининг тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалашнинг қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ва амалиётда қўлланилишини фаоллаштириш бу тизимни янада такомиллаштиришга олиб келади.

Турли оғир хасталиклар (масалан, миокард инфаркти, инсульт сингарилар), шунингдек туғма ёки орттирилган касалликлар туфайли ногиронликка учраганларга муассасамиз томонидан замонавий тиббий, психологик, ижтимоий, касбий реабилитация хизматлари ва ҳуқуқшунос томонидан ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳат ёрдами кўрсатилади. Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари тавсиясига кўра, ордер асосида республиканинг барча худудларидан келган катта ёшдаги ногиронлар ҳамда таянч-ҳаракат тизими аъзолари функцияси бузилган 16 ёшгача бўлган ногирон болалар (болалар даволаш-профилактика муасасаси орқали) Марказга қабул қилинади.

Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида ногиронларга реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури асосида комплекс реабилитация муолажалари ўтказилади ҳамда лозим бўлганда реконструктив жарроҳлик амалиётлари ҳам бажарилади. Шунингдек, психологик, стоматологик, офтальмологик хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда, беморларни оилавий-маиший шароитга мослаштириш ва ижтимоий муҳитга ориентациялашга алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, Марказнинг протезлаш, жароҳатлар оқибати, асаб, умуртқа поғонаси жароҳати ва патологияси асоратларидан ногиронларни реабилитация қилиш бўлимларида ногиронлар протез-ортопедик маҳсулотлар ва реабилитация техник воситаларидан тўғри фойдаланишга ўргатилади.

Марказда ҳар бир ногирон реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурида белгиланган тадбирларга кўра, ўрта ҳисобда икки ҳафта давомида реабилитация муолажаларини ўтаб, сўнгра оиласи даврасига қайтадилар ва берилган тавсияларимизни уй шароитида давом эттирадилар. Уйдаги муҳитнинг, ён-атрофидаги яқинларининг эътибори, қўллаб-қувватлашлари беморнинг кейинги ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга. Биз беморни парваришловчиси ёки уйидан хабар олгани келган яқинларига ушбу масалада алоҳида тушунтиришлар берамиз, уларни жисмоний реабилитация, эрготерапия тренинг машқларини уй шароитида бажаришда беморга ёрдам кўрсатишлари учун ўргатамиз. Бундан ташқари, Марказда ногиронларни тиббий, ижтимоий, касб бўйича реабилитация қилиш ва протезлаш муаммолари бўйича чуқур илмий тадқиқотлар ўтказилади. Ногиронликка олиб келувчи асосий касалликлар асоратларида ногиронларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурлари илмий асосда ишлаб чиқилади ёки ТМЭК томонидан юборилган дастурларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Ногиронликни келиб чиқиш сабаблари тизимли асосда чуқур таҳлил қилингач, унинг олдини олиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилиб, ногиронлик ва ногиронлар масалалари билан шуғулланувчи давлат ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар амалиётига тақдим этилади.

Марказнинг моддий-техник базасини замонавий ташҳислаш ва даволаш асбоб-ускуналари билан мустаҳкамлаш мақсадида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) орқали грант ёрдами билан ўтган йилларда 59 турдаги янги тиббий асбоб-ускуналар (компьютер томограф, артроскоп, эндоскоп, электромиограф, допплер, электроэнцефалограф, гастрофиброскоп ва бошқа жарроҳлик ҳамда биокимёвий лаборатория жиҳозлари) олинди. Ногиронлардаги касалликларни ташҳислаш сифати яхшиланиб, текширувдан ўтадиган ногиронлар сони ортди, уларга бериладиган тавсияларни асослаш ва ички имкониятларини аниқлаш шарт-шароитлари кўлами кенгайди.

Яқиндан бошлаб Марказ амалиётида юрак фаолиятини бир сутка давомида мониторинг қилиш имконини берувчи ЭКГ-Холтер тиббий аппарати, қўл-оёқлардаги бузилган ҳаракат функцияларини тиклашга хизмат қилувчи МОТОmed (Германия), PIO (Польша) тренажёр жиҳозлари, нафас олиш аъзолари касалликларини (бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари, ўткир стенозловчи ларинготрахеит, ЎРВИ, ринит, ларингит, ангина, бронхит, зотилжам, муковисцидоз, ўпка сили) самарали даволаш ва респиратор касалликлар профилактикасига мўлжалланган “Юлайзер Pro” компрессор (Украина) небулайзери шифокорлар амалиётида қўл келмоқда. Марказда ахборот-коммуникация технологияларидан ҳам самарали фойдаланиш йўлга қўйилган. Бир неча йиллардан буён “Tiklanish” номли веб-сайт фаолият юритмоқда, барча бўлимларга марказлашган электрон назорат воситалари, “Ташаккур, эътироз, таклиф” хат қутилари ўрнатилган, Марказнинг ишонч телефони эълон қилинган, муассасамиз раҳбарияти билан ногиронлар ва уларни парваришловчилари, яқинлари ўртасида очиқ мулоқот ўтказиш ишлари режали равишда ўтказиб келинмоқда.

Ўтган йил якуни бўйича жами 1084 нафар, яъни 20,3 фоиз ногиронни тўлиқ ва қисман соғломлаштиришга эришилди. Шу ўринда қўл ёки оёғида нуқсони бор, умуртқа поғонаси шикастланган ногирон ёшларнинг комплекс реабилитациясида уларни спортнинг ўзлари қизиққан ва қулай бўлган турлари билан шуғулланишга жалб этишда Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси билан ўзаро ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилганлигини таъкидлаш лозим. Жорий йилнинг апрель-май ойларида Жиззах, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларида, ушбу худудларнинг Соғлиқни сақлаш бошқармалари билан келишилган ҳолда, маҳаллий аҳоли орасидан жами 850 нафарга яқин бемор-ногиронларга Марказнинг бир гуруҳ малакали илмийамалиётчи мутахассислари томонидан бепул тиббий хизмат кўрсатилди. Хасталикларни ташҳислаш билан бирга, ўнга яқин бемор-ногиронларда жарроҳлик амалиётлари самарали ўтказилди.

Шифокорларимиз Англия, Германия, АҚШ, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Польша, Австрия, Италия, Швейцария, Испания, Россия Федерацияси, Украина, Беларусь Республикаси, Латвия, Озарбайжон йирик илмий-тадқиқот марказлари ва клиникаларида, халқаро анжуманларда иштирок этиб ногиронларни комплекс реабилитация қилиш борасидаги малакаларини ошириб келдилар. Халқаро илмий-амалий анжуманларда маърузалар билан қатнашдилар. Германиядаги клиникалардан бирида сколиоз касаллигини жарроҳлик йўли билан даволаш тажрибасини намойиш қилдилар.

Уруш ва меҳнат фронти фахрийларини санаторийларда соғломлаштиришни ташкил этиш бўлинмаси томонидан ўтган 2016 йил якуни бўйича 7931 нафар, 2017 йилнинг ўтган 6 ойлик ҳисоботига кўра 2633 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига ҳамда давлат ва хўжалик бошқарув органлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли санаторийларда соғломлаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республиканинг санаторий-соғломлаштириш муассасаларига бораётган 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига темир йўл транспортида бепул юриш ва ҳаво транспортида имтиёзли юриш ҳуқуқини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан ушбу тоифадаги ногиронлар ҳар йили бир марта санаторийга бориш ва келишда темир йўл транспортида бепул юриш, шунингдек ҳаво транспортида юришда йўл ҳақи қийматининг 50 фоизи миқдорида чегириш тўғрисидаги имтиёзли ҳуқуққа эга бўлдилар. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент метрополитенида пенсионерларни бепул ташиш тўғрисида”ги 128-сонли қарорига асосан кексаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳар йўловчи ташиш транспортидан фойдаланишда қўшимча қулайликлар яратилгани ҳукуматимиз томонидан халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга меҳр-оқибат кўрсатиш йўлида олиб борилаётган ижобий ишларнинг самарасидир.

Шокир ҚОСИМОВ,
тиббиёт фанлари номзоди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan