homiladorlik

Ҳомиладорлик даври: муаммолар сабаби нимада?

Саволларга акушер-гинеколог, тиббиёт фанлари доктори, профессор Наргиза Магзумова жавоб беради:

Тўрт ярим ойлик ҳомилам бор. Яқинда тиббий текширувдан ўтганимда ҳомила йўлдоши (плацента) қалинлашгани аниқланди. Бу хавфлими?

– Агар ҳомиладор аёл ўткир ёки сурункали респиратор (шамоллаш) касалликлари билан оғриб ўтса, ҳомила йўлдоши шишиб қалинлашиши мумкин. Бу эса қориндаги бола ривожланиши учун жиддий хавф туғдиради. Ҳатто ҳомила тушиши ҳам кузатилади.

Шундай ҳолларда ҳомиладор аёл зудлик билан шифокор маслаҳатига кўра даво чораларини кўриши лозим. Орадан ўн кун- икки хафта ўтиб албатта УТТ (ультратовуш) текшируви орқали йўлдош ҳолатини аниқлаш керак бўлади.

Қандли диабетга чалинганман. Лекин фарзанд кўриш ёшида бўлганлигим сабабли ҳомиладорликни режалаштиряпман. Бу касаллик мен ва туғилажак фарзандим учун хавфли эмасми?

– Сиз аввал ўзингизни яхшилаб текширтиринг, эндокринолог маслаҳатини олинг, ҳомиладорликка қарши кўрсатмалар бўлмаган ҳолдагина фарзанд кўришни режалаштиришингиз мумкин. Ҳомиладорлик даврида эндокринолог ва гинеколог назоратида бўлишингиз шарт. Ҳомиладор аёл қонида қанд миқдори юқори бўлса, у махсус парҳезга риоя қилиши зарур. Кўрсатма бўлганда эндокринолог назоратида қанд миқдорини туширувчи дорилар қабул қилинади. Акс ҳолда қонда қанд миқдори ортиши оқибатида ҳомила нобуд бўлиши мумкин. Қандли диабети бор ҳомиладор аёлларда бир қанча асоратлар кузатилади, масалан кечки токсикозлар, кўпсувлилик, баданда шишлар, ҳомиланинг йирик бўлиши, пешобда оқсил кўпайиши, қон босими ошиши, муддатидан олдин туғруқ рўй беради. Бундай ҳолларда ҳомиладор аёлни шифохонага ётқизиш шарт. Агар ҳомиладорлик ва қандли диабет асоратсиз кечаётган бўлса аёлнинг эсон-омон кўзи ёрийди.

Ҳомилам 7 ойликдан ошди. Кўпинча қорним атрофидаги оғриқ безовта қилади. Бу қориндаги болага зарар келтирмайдими?

Агар қорин соҳасида оғриқ бўлса биринчи навбатда шифокорга мурожат қилиш шарт. Оғриқнинг сабаблари кўп. Энг кўп учрайдигани ҳомила тушиши хавфидир. Шифокор маслаҳатисиз ҳеч қандай дорилар истеъмол қилиш мумкин эмас. Бўлажак онада баъзан қабзият сабабли оғриқ кузатилади. Бу вақтда овқатланиш тартибига риоя қилиш керак. Кўпроқ сабзавот ва мевалар еб, шакар истеъмолини камайтириш ўринли.

– Миомаси бор аёл ҳомиладор бўлиб қолса, бу унга зиён қилмайдими?

– Миомаси бор аёлларда кўпинча бепуштлик кузатилади ёки ҳомила тушиши рўй беради. Аслида миома белгилари, яъни қориннинг пасти ва бел соҳасининг оғриши аёлларни анча-мунча безовта қилади. Агар миома тугунчалари битта ва кичик ҳажмда бўлса аёл эсон-омон муддатига етиб туғиши мумкин. Лекин бачадон миомасининг ҳажми катта ёки кўп миоматоз тугунлар жойлашган бўлса ҳомила яхши ўсмайди, бундай вақтда ҳомила тушади ёки муддатига етмасдан туғруқ содир бўлади. Бу аёлларда туғруқдан сўнг қон кетиш хавфи юқори, бола кесар кесиш йўли билан олинади ва кесар кесиш пайтида бачадонни ҳам олиб ташлашга кўрсатма берилиши мумкин.

– Ҳар гал ҳомиладорлигимнинг учинчи ойига етиб-етмай, болам тушаверади. Ҳозирги кунларда ҳам шу сабабли хавотирдаман…

Ҳомиладорликнинг эрта тушишининг сабаблари анчагина. Масалан, эр-хотин яқин қариндош бўлишса, турли инфекциялар (вирусли, хламидиялар,микоплазма ва бошқалар) аниқланса, жинсий аъзолар нуқсонлари ёки яхши ривожланмаганлиги (инфантил) кузатилса ва эндокрин безлар (ёки тухумдонлар) фаолияти бузилган ҳолларда бола тушиши мумкин. Бунда биринчи навбатда сабабини аниқлаш керак ва аёлни даволаб, кейин ҳомиладорлик бўлишига рухсат бериш лозим, у ҳомиладорлик давомида гинеколог назоратида бўлиши керак.

– Ҳомиладор бўлганимдан буён тез-тез қорним очади. Нега шундай?

– Бўлажак она организмида моддалар алмашинуви жараёни одатдагидан тезлашади, қонда қанд миқдори тартиби ўзгаради. Ҳомиладорлик даврида организм инсулин гормонини кўпроқ ишлаб чиқара бошлайди. Ўз-ўзидан аёлнинг қорни дарров очиқадиган бўлади. Бундай вақтда таомларни оз-оздан, тез-тез истемол қилиб туриш тавсия этилади.

– Ҳадемай кўзим ёрийди, қандай матолардан кийим кийишим керак?

– Ҳомиладор аёл тоза-ораста кийиниши, сочларини тез-тез ювиб, тирноқларини олиб туриши керак. Унинг кийимлари кенгроқ қилиб тикилгани маъқул ва табиий матолардан бўлиши лозим. Синтетик, тор кийим нафас олишни ва овқат ҳазмини қийинлаштиради, томирларда қон айланишини сусайтиради. Белбоғни сиқиб боғлаш, кўкрак қафасини сиқадиган сийнабанд тақиш ва резинали пайпоқлар кийиш ҳам соғлик учун зарарли. Айниқса синтетик ич кийимларни умуман кийманг.

Йилнинг совуқ фаслида жун газламадан тикилган кийимлар яхши. Ип, зиғир толаси ва ипак газламалардан тайёрланган либослар соғлиғингиз учун жуда қулай. Сунъий толали матолар эса аксинча, ўзига нам сингдиради, электростатик зарядлари ҳам ниҳоятда кўп. Бу зарядлар эса терида ёқимсиз ҳид пайдо қилади.

– Ҳомилам 33 ҳафталик, ультратовушли текширувдан ўтдим. Аммо боланинг туғруқ йўлига тескари турганлигини айтишди. Шифокорлар “ҳомиланинг айланиб олишига ҳали вақт бор” дейишяпти. Махсус машқлар боланинг ўнгланиб олишига ёрдам берадими?

 – Бундай ҳолат ҳомиладорлик даврида учраб туради. Тавсия этиладиган машқлар ҳамма вақт ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин. Аммо шу даврда ҳомиланинг қориндаги ҳолатини фақат назорат қилиб туриш муҳим.

– Ҳомиладор бўлишдан олдин қандай текширувлардан ўтиш керак бўлади? Шу ҳақда билмоқчи эдим.

– Фарзанд кўришни режалаштирган келин-куёв қуйидаги тиббий текширувлардан ўтиши зарур:

  • ўпкани рентген қилдириш орқали сил ва шунга ўхшаш касалликлар бор-йўқлигини аниқлаш;
  • ЭКГ текширувидан ўтиб юрак меъёрий фаолиятига ишонч ҳосил қилиш;
  • жигар, буйрак ва жинсий аъзоларни УТТ текширувидан ўтказиш;
  • қон, пешоб ва жинсий аъзо ажралмаларининг лаборатор таҳлили;
  • кўп учрайдиган ТОРЧ инфекциялари(герпес, цитомегаловирус, хламидия, микоплазма ва бошқалар)ни аниқлаш мақсадида қон таҳлилини топшириш.

Агар ушбу текширувлар натижаси меъёрида бўлса, аёл соғлом фарзанд кўришга тайёр ҳисобланади.

– Ҳомиладор аёл учун қандай фавқулодда ҳолатлар хавфли?

Бир неча ҳолатлар кутилмаганда рўй берса, ҳомиладор аёл шифокорга мурожаат этиши шарт. Бош оғриганда, қон босим кўтарилганда, иситма чиққанда, жинсий аъзодан қон кетса ёки сув келса, ҳомила қимирламай қолса, бел ва қовуқ соҳасида қаттиқ оғриқ турган ҳолларда аёл зудлик билан “Тез ёрдам” чақириши ёки шифокорга мурожаат этиши зарур.

– Яқинда турмушга чиққанман. Ҳомиладорликни қай тарзда аниқлаш мумкин?

Ҳомиладорникнинг биринчи белгиси ҳайз вақтида келмаслигидир. Ҳозирги вақтда ҳомиладорликни аниқлашнинг замонавий усуллари қўлланилади. Шулардан айримлари ҳақида билиб қўйсангиз зарар қилмайди.

Тест ҳомиладорликни аниқлашнинг оддий ва осон усули бўлиб, бунда аёл пешобидаги махсус гормонлар миқдори ошишига қараб ҳомиладорлик аниқланади. Бунинг учун дорихоналарда сотиладиган Тест таёқчалари эрталабки пешобига ботирилади. Таёқчаларда иккита чизиқча пайдо бўлса аёл ҳомиладор ҳисобланади. Базал ҳароратини термометр ёрдамида текширув ҳам ҳомиладорликни аниқлашга кўмаклашади. Бунда термометр тўғри ичакка қўйилади эрталаб, ўриндан турмасдан ўлчанади, агар у 37 даражадан ошиб турса бу ҳомиладорлик аломатидир. Шунингдек ультратовуш текшируви ёрдамида ҳомиладорликни 3-4чи ҳафтадаёқ аниқлаш мумкин.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan