Иммун тизими

Иммун тизими соз ишласин

Иммунитет кучли бўлса, у бизни турли хасталиклардан ҳимоялайди. Лекин баъзан атрофмуҳит ифлосланиши, доимий стресс ҳолатида юриш, етарли даражада мева-сабзавот, сут-қатиқ, гўшт каби маҳсулотларни истеъмол қилмаслик, уйимиздаги электр жиҳозлар (телевизор, компьютер, микротўлқинли печ) таратаётган зарарли тўлқинлар ва шу каби юзлаб омиллар иммун тизими ишининг кучсизланишига олиб келади.

Қуйидаги ҳолатлар иммунитет пасайганидан дарак беради:

  • руҳий ҳолат ўзгариши, тана ҳароратининг сабабсиз кўтарилиши ва пасайиши;
  • тез-тез чарчаш, умумий ҳолсизланиш, узоқ вақт давом этаётган депрессия, руҳий тушкунлик, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан бефарқлик;
  • тунги уйқусизлик, кундузлари эса аксинча уйқу келиши;
  • турли аллергик таъсирларнинг пайдо бўлиши.

Иммунитетингиз қай даражада эканини сиздаги шамоллаш касаллигининг давом этиш муддати ёхуд бирор жойингиз шилингандан кейинги жароҳатнинг битишига қараб аниқлаш мумкин. Жароҳат тез битса, тумов тез чекинса, демак, организмингизда иммунитет даражаси юқори. Хасталик асоратли кечиб, жароҳат секин битса-чи? Унда иммунитетингизни кўтариш учун дарҳол ҳаракат қилишингиз даркор. Чунки иммун тизими ишидаги носозлик организмнинг касалликларга бўлган мойиллигини оширади.

Шундай вақтда иммунитетни кўтариш чораларини кўринг. Ҳар куни наҳорга 1-2 дона қизил сабзи, 2 дона апельсин ёки олма, тушлик пайтида ярим боғ сельдерей ёки кашнич, салат барги, ётишдан олдин 1 пиёла қатиқ истеъмол қилинг. Петрушка, сельдерей, шивит, салат барги танага қувват берувчи, юқумли касалликлардан сақловчи таъсирга эга.

Ошқозон-ичак, жигар, ўт пуфаги соҳасидаги муаммоларда оддийгина наъматак, дўлана, шотут мевалари ёрдамга келади. Улар витаминларга ниҳоятда бой. Одамгиёҳ (женшень), зубтурум, газанда ўт, дала қирқбўғини, арслонқуйруқ, дасторбош, беҳи барги, тоғжамбил, шивит ва зиғир уруғи, бўйимодарон каби ўсимликлар иммунитетни оширувчи таъсирга эга. Улар дамланиб, кунига икки маҳал наҳорга ва ётишдан олдин ичилади. Дамлама қуйидаги усулда тайёрланади: 1 ошқошиқ ўтни чойнакка солиб, устидан қайноқ сув қуясиз. 5-10 дақиқадан кейин уни ичиш мумкин.

Иммунитетни кўтаришда ҳамда асаб тизимини мустаҳкамлашда асалга тенг келадигани йўқ. Ётишдан олдин 1 ошқошиқ асал еб, орқасидан, албатта, қайнатилган илиқ сув ичилади. Ёки седанани янчиб, асалга аралаштирилади ва ҳар куни наҳорга нўхатдай миқдордагиси истеъмол қилинади.

Таркибида А ва С витамини бўлган маҳсулотлар иммунитетни кўтариш хусусиятига эга, уни болалар ва катталар кўп истеъмол қилишлари лозим. А витаминининг организмдаги асосий вазифаси иммун тизимини бошқариш ва кўриш қобилиятини меъёрлаштиришдан иборат. Асосан балиқ маҳсулотлари А витамини билан тўйинган бўлиб, унинг болалар организми учун ўрни беқиёсдир. Тухум, жигар ва сут маҳсулотларида ҳам А витамини мавжуд.

С витамини организмдаги микробларга қирон келтиради ҳамда иммунитетни назорат қилади. Грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар юққанида С витаминига бой маҳсулотлардан истеъмол қилиш, уларнинг тезда бартараф этилишига олиб келади. Наъматак таркибида С витамини бор маҳсулотлар ичида тенгсизи ҳисобланади. Наъматак дамламасини тайёрлаш учун уни ювиб, 10-15 донасини 500 мл сувда ўн дақиқа қайнатилади ва ёпиқ идишда 5 дақиқа дамланади. Хоҳишга қараб 1 ошқошиқ асал қўшиб ичсангиз ҳам бўлади.

Унутманг, ҳар қандай витаминли маҳсулотлар алоҳида истеъмол қилинсагина танага тўлиқ сингади. Шу сабабли дамламани овқатланишдан 2 соат вақт ўтгач бошқа маҳсулотларни аралаштирмасдан ичиш тавсия этилади.

Зайнаб ВАЛИЕВА,
шифокор, педагог.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan