immunitet

Иммунитетни кўтарамиз

Соғ-саломат ҳаёт кечириб, узоқ умр кўриш учун тўғри овқатланишнинг аҳамияти беқиёс. Негаки овқат оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витамин ҳамда минерал моддаларнинг табиий манбаи ҳисобланади, оқсиллар организм ҳужайралари ва тўқималари янгиланишида зарур бўлса, ёғ ва углеводлар организмни қувват билан таъминлайди. Витамин ва минерал моддалар тананинг ҳимоя кучини оширади.

Шундай экан, овқатланишда витаминга бой ҳамда минерал моддаларга сероб маҳсулотларни етарлича истеъмол қилиш лозим. Бундай маҳсулотлар киши иммунитетини кўтаради. Маълумки, шамоллаш, ўткир респиратор вирусли инфекциялар ва гриппдан сақланишда иммунитет муҳим роль ўйнайди. Иммунитетни мавсумга шай ҳолда тутиб туриш учун организмни чиниқтириш, жисмоний фаол бўлиш, тоза ҳавода сайр қилиш ва тўғри овқатланиш талаб этилади. Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам иммунитетни кучайтириш хусусиятига эга.

Саримсоқ вируслар ва зарарли бактериялар кўпайишининг олдини олади. Шифокорлар ҳар куни ҳеч бўлмаганда бир бўлак янги саримсоқни истеъмол қилишни маслаҳат берадилар. Уни майда тўғраб тайёр овқатга ёки салатларга қўшиш ҳам мумкин. Хонадонда ликопчаларга кесилган саримсоқдан қўйиб чиқилса, худди ингаляция каби таъсир кўрсатади.

Айниқса боғча ёки бошланғич синфларга борадиган болалар кўп шамоллашади. Бундай ҳолларда янги саримсоқ бўлагини ипдан ўтказиб боланинг бўйнига осиб қўйилса у камроқ касал бўлади.

Гўшт иммунитетни кучайтиришда мева-сабзавотлардан асло қолишмайди. Чунки организм меъёрда ишлаши учун унга оқсил керак. Гўшт таркибидаги темир микроунсури эса нафақат анемия ривожланишининг, балки турли касалликларнинг олдини олади. Гўшт таркибида темир олма ва анордагидан ҳам кўп. Шу сабабли, кунига 100 грамм мол гўшти истеъмол қилиш иммунитетингизни темирдек мустаҳкам қилади.

Балиқнинг форель, лосось, тунец турлари иммун тизимини мустаҳкамлаш хусусиятига эга омега-3 ёғ кислоталари ва рух микроунсурига жуда бой. Бу фойдали моддалар бошқа балиқ турларида ҳам бор. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, рух шамоллаш риновируслар кўпайишининг олдини олади ва даволаниш жараёнини тезлаштиради. Кальмар ва денгиз карами ҳам рухга бой маҳсулотлардир.

Лимон, апельсин, мандарин сингари цитрус мевалар бактерицид ва вирусларга қарши таъсирга эга бўлиб, уларнинг таркибида кўп миқдорда C витамини, бета-каротин ва эфир мойлари бор.

Резавор мевалар, масалан қизил ва қора смородина организмнинг барча ҳимоя кучларини фаоллаштиради. Маймунжон иммун ва асаб тизимини мустаҳкамлайди. Малина яллиғланишга қарши хусусиятга эга.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, реза мевалардан тайёрланган мураббо ва қиёмлар уларнинг фойдали хусусиятларини сақлаб қолади. Шу сабабли, куз ва қиш фаслларида ҳам бу реза мевалардан шу йўл билан баҳраманд бўлиш мумкин.

Реза меваларга шакар ўрнига асал қўшиб истеъмол қилиш янада фойдали.

Наъматак иммунитетни кўтарувчи маҳсулотлар орасида юқори ўринни эгаллайди. Наъматак дамламасини тайёрлаш жуда осон: меваларни термосга солиб, устидан қайноқ сув қуйиб, бир кечага дамлаб қўйинг. Эрталабга дамлама тайёр бўлади.

Наъматак меваси C витаминининг кони бўлганлиги сабабли, унинг дамламаси ҳам шамоллашнинг олдини олишда ҳам ЎРВИ ва гриппни даволашда асқотади. Касалликдан кейинги ҳолсизлик ва паришонхотирликдан ҳам халос қилади.

Брокколи карамини ҳозирги кунда бозор расталаридан қийинчиликсиз топиш мумкин. У иммун тизими ишини кучли рағбатлантириш хусусиятига эгалиги билан ажралиб туради. Бу ўсимлик таркибида кўп миқдорда рух, селен, A, C, D витаминлари борлиги туфайли, у нафақат шамоллаш касалликлари, балки жиддийроқ дардларга қарши курашишда ҳам ёрдам беради.

Онкологик касалликларнинг олдини олиш учун брокколи карамидан истеъмол қилиш тавсия этилади.

Брюссель карами ва гулкарам ҳам худди брокколи карам сингари шифобахш хусусиятларни ўзида жам қилган.

Ёнғоқлар аминокислоталар, ёғ кислоталари ва B гуруҳи витаминларига бой. Қовурилмаган бодом айниқса фойдали.

Бодом таркибидаги E витамини, селен ва магний микроунсурлари респиратор касалликларининг олдини олади.

Рангли сабзавотлар ҳисобланган сабзи, булғор қалампири, ошқовоқ, помидор, лавлаги иммунитет ишини рағбатлантиради ва ичак микрофлорасига ижобий таъсир кўрсатади.

Кўп миқдорда озиқ толалар сақлаши туфайли сабзавотлар организмнинг умумий аҳволини яхшилайди.

Нигора ТУРСУНОВА,
умумамалиёт шифокори,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan