Ис газидан заҳарланиш

Ис газидан заҳарланганда

Аслини олганда ис гази ҳидсиз бўлади. Шунинг учун ундан заҳарланиш вақтида одам аввал ҳеч нарсани сезмаслиги мумкин. Лекин билиш лозимки, ҳаво таркибида ис гази 0,08 фоизни ташкил этса ва бу ҳавони ичга ютган одам ўша заҳоти бош оғриғи ва бўғилишдан қийналади. Ис гази миқдори 0,32 фоиз бўлганда фалажланиш ва ҳушдан кетиш аломатлари кузатилади. Ҳавода бундай газ миқдори 1,2 фоизга етганда эса одам бу ҳаводан атиги 2-3 маротаба нафас олгандаёқ ҳаёти фожеали тугаши мумкин. Айнан мана шу сабаблар туфайли ҳам ис газидан заҳарланиш ўта хавфли ҳисобланади.

Ис газидан заҳарланганда қуйидаги аломатлар кузатилади:

  • мушаклар ҳолсизлиги;
  • бош оғриғи;
  • бўғилиш;
  • қулоклардаги шовқин;
  • қайт қилиш;
  • алахсираш;
  • ҳушни йўқотиш;
  • хуруж (талваса) қурук йўтал;
  • нафас олишнинг бузилиши.

Таъкидлаш керакки, ис газидан заҳарланган кишига албатта дастлабки ёрдамни кўрсатиш лозим. Аввало заҳарланган одамни тоза ҳавога олиб чиқинг. Бордию у ҳушини йўқотмаган бўлса, тинчлик ва ҳотиржамлигини таъминлаб, бирор нарса билан тинимсиз елпиб туринг. Мабода ҳушсиз бўлса, юрак соҳасини тез-тез массаж қилинг ва “Тез ёрдам” етиб келгунича сунъий нафас беринг.

Ёдингизда бўлсин, ис газидан заҳарланган кишини бирор ҳудуддан олиб чиқаётганда ўзингиз ҳам заҳарланиб қолмасликка ҳаракат қилинг. Бунинг учун бурнингизни рўмолча ёки дока билан боғлаб олганингиз маъқул. Ис газидан заҳарланишнинг енгил турида жабрланувчига чой ёки қаҳва ичирган маъқул. Новшадил спиртини пахтага намлаб ҳидлатсангиз ҳам бўлади.

Ис газидан кучли заҳарланишда қуйидаги ҳолатлар рўй бериши мумкин:

  • полиневрит;
  • бош мия шиши;
  • кўриш қобилиятининг бузилиши;
  • эшитиш қобилиятининг издан чиқиши;
  • миокард инфаркти ёки узоқ муддатли кома ҳолатидаги пневмония (зотилжам).

Ўзингиз ва яқинларингизнинг ҳаётини хавф остига қўйишни истамасангиз газ манбаларини зинҳор назоратсиз қолдирманг. Уйдан кўчага чиқиш олдидан албатта хоналарни кўздан кечиришга одатланинг.

Каниза ИСАЕВА.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan