koxlear-implantatsiya

Кохлеар имплантацияси ва ажойиб натижалар

Тиббиётнинг барча тармоқлари сингари оториноларингология соҳасида ҳам мустақиллик даврида изчил ўзгаришлар рўй бериб, ЛОР бўлимлари замонга мос қилиб қайта таъмирланди ва янги ташхисловчи ҳамда даволовчи асбоб-ускуналарга эга бўлди.

Бугунги кунда ЛОР мутахассислари дунёнинг етук тиббий марказларида малака ошириш бахтига муяссар бўлишмоқда. Булар билан бир қаторда хусусий сектор орқали аҳолига ЛОР хизматини кўрсатиш имкониятлари ҳам кенгайтирилиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, юқори нафас йўллари хасталиклари аҳолининг 40 фоиздан ортиғида учрайди. Касалликларнинг кечиши, клиник белгилари йиллар давомида мунтазам ўзгариб боради. Масалан, чорак аср илгари сурункали тонзиллит хасталиги асосан ЛОР касаллиги деб қаралар эди. Эндиликда эса бурун, унинг ёндош бўшлиқлари ва қулоқ касалликлари турларини аниқлаб, даволаш долзарб масала бўлиб турибди. ЛОР касалликларини даволашда мукаммал, бемор танасига зиён етказмайдиган дори воситалари кенг қўлланилиб, миниинвазив, яъни камшикастли жарроҳлик амалиётлари татбиқ қилинмоқда.

Мен 30 йиллик иш фаолиятимнинг 10 йилида беморларни аввалги усулларни қўллаган ҳолда даволаб келганман. Мустақиллигимизнинг шарофати билан замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда беморларни даволаяпман. Айниқса камшикастли жарроҳлик усулларини амалиётга жорий қилиш юқори самаралар бермоқда. Авваллари беморларнинг шифохона шароитида соғайишлари учун ўртача 8-12 кун зарур бўлса, хозир замонавий усуллар билан даволанганда ушбу кўрсаткич ўртача 3-5 кунни ташкил қилади. Бажариладиган кўпгина операциялардан кейин аксарият беморлар эртасига ота-онаси ёки оиласи бағрига қайтишмоқда. Янги тиббий асбоблардан фойдаланиш ва операцияни бажаришда умумий оғриқсизлантириш воситаларининг қўлланилиши жарроҳликдан сўнгги кўпгина асоратларнинг камайишига имкон яратмоқда.

Суст эшитадиган ёки кар беморларни асоратсиз даволаш мақсадида устозларимдан кўп нарса ўргандим, ҳатто Москва ва Киев шаҳридаги олимлардан ҳам таҳсил олишга тўғри келди. 2013 йилда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида “ЛОР аъзоларининг туғма ва орттирилган хасталиклари” бўлимининг ташкил этилиши ва 1 млн АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфланиб, ташхислаш ва даволаш асбоб-ускуналари билан таъминланиши, шунингдек ушбу марказда дунёнинг ривожланган давлатларидаги каби барча мураккаб ЛОР операцияларининг йўлга қўйилиши давлатимиз томонидан халқимиз соғлигини мустаҳкамлаш йўлидаги ғамхўрлигининг яққол мисолидир.

Энг қувонарлиси, ўта қиммат ва мураккаб ҳисобланган кохлеар имплантацияси операцияси ҳам маҳаллий мутахасисларимиз томонидан юқори савияда бажарилиб келинмоқда.

Шу ўринда бир воқеани айтай. Умуман эшитмайдиган болада кохлеар имплантацияси ўтказилди. Бемор олти ой ичида гапира бошлади. Уни қайта кўрикдан ўтказаётганимизда онаси йиғлаб юборди. Айтишича, уч фарзанди ҳам кар-соқов, лекин операциядан кейин шу боласи “ойижон” деб тилга кириши аёлга бир олам бахт ва шодлик бахш этган! Мен фақат ўша аёлга эмас, балки бундай қувонч барча беморларимизнинг оналарига насиб этишини истайман…

Ҳозирга қадар 300 дан ортик эшитиши пастлигининг оғир даражасига чалинган ва кар болаларга бюджет маблағлари ҳисобидан ушбу кохлеар операцияси қўлланилди. Бу болаларимиз ҳозирги кунда бурро-бурро сўзлаб, шеър ва қўшиқлар айтишяпти ва ўйлаймизки реабилитация чораларининг самараси юқори бўлади.

Қулоқдаги мураккаб операцияларни бажариш борасида биз Россия,Украина, Словакия, Италия, Австрия, Литва, Германия ва Туркия давлатларининг нуфузли клиникалари профессорлари билан ҳамкорликда ишлаймиз. Бу ҳамжиҳатлигимиздан асосий мақсад ёш, маҳаллий мутахасисларимизни тарбиялаб, барча турдаги юқори технологик операцияларни бажаришни мукаммал ўзлаштириб, халқимизга жаҳон стандарларига мос келадиган ЛОР хизматини амалга оширишдан иборат.

Шавкат ОМОНОВ,
оториноларинголог шифокор, тиббиёт фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan