mineral-suv

Маъданли сув мўъжизаси

Маъданли сув минералларга бойлиги, таъми ва иссиқлик даражаси билан оддий чучук сувдан фарқ қилади. Ер қаъридан отилиб чиқадиган маъданли сув табиий ва шифобахш ҳисобланади. Бундай сув таркибидаги фойдали минерал моддаларга кўра маълум даражаларда (яъни, кучсиз минералланган сув 1-2 г/л, кам минералланган сув 2-5 г/л, ўртача минералланган сув 5-15 г/л, юқори минералланган сув 15-30 г/л) фарқланади.

Кундалик ҳаётда доимий истеъмол қилинадиган маъданли сувнинг минералланган 2-20 г/л даражаси ҳисобланади.

Маъданли сув таркибига қараб шифокор буюртмасига асосан ошқозон-ичак, ўт пуфаги, сийдик йўллари, асаб тизими касалликларига ичиш тавсия қилинади. Хлорли маъданли сув эса нафас йўллари, овқат ҳазм қилиш тизими, таянч-ҳаракат аъзолари касалликлари, модда алмашинувининг бузилишлари (қандли диабет, гипотериоз, подагра, семизлик) шунингдек гинекологик, неврологик, тери-таносил касалликлари, юрак-қон томир касалликлари, камқонлик ва касб касалликларини даволаш мақсадида қўлланилади.

Истеъмол қилинганда маъданли сувлар қон айланишини яхшилаб, ўт йўллари ва ошқозон ости бези ишини меъёрлаштиради. Тўқималарда гипоксик ҳолатни камайтиради.

Касалликларни даволашда консерватив усуллар билан бирга қўлланиладиган сув муолажаларининг аҳамияти беқиёсдир. Маъданли ванналарнинг йод-бромли, карбонат ангидиридли, сульфидли, водородли турлари мавжуд бўлиб, турли хасталикларни даволашда қўлланилади. Бром ва йод ионлари организм фаолиятини яхшилашда муҳим, чунки улар тўқималар ва аъзолар тизими ишини яхшилайди.

Минерал сувлар ошқозон-ичак хасталигининг ўткир ва қон кетиш даврида, қайт қилиш ва кучли оғриқлар вақтида қўланилмайди.

Диарея – ич кетиш ҳолатларида кам минералланган сувлар билан эҳтиёткорона даволаниш лозим.

Овқат ҳазм қилиш тизимидаги бузилишлар, қизилўнгачнинг чандиқли торайиши, ошқозон кенгайиши ва шиши ҳолатларида, ичак тутилишларида ҳам минерал сувлар ичиш тақиқланади.

Сийдик йўллари ва гинекологик касалликларнинг айрим турларида ҳам фақат шифокор кўрсатмасига асосан минерал сув истеъмол қилиш мумкин.

Минерал сувларни кўп миқдорда чанқоқни босиш мақсадида ичиш тавсия этилмайди. Чунки меъёридан ортиқ ичилганда инсон танасидаги фойдали элементларни ювиб чиқариши мумкин.

Минерал сувлар муолажалари шифокор кўрсатмасига асосан қабул қилинади. Гипертония касаллигига чалинган, юрак ва буйрак етишмовчилигини бошдан ўтказган, қандли диабетнинг айрим турлари билан хасталанган, ўсма касаллиги бор беморлар, шунингдек инфекцион касалликларда ва барча хасталикларнинг ўткир хуружи пайтида сувли муолажалар қўлланилмайди. Ўзбошимчалик билан минерал ванналар қабул қилиш хавфли асоратларга олиб келиши мумкин.

Бернора ИРГАШЕВА,
олий тоифали кардиолог, тиббиёт фанлари номзоди.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan