meva-va-sabzavotlar

Мева-сабзавотларни харид қилаётиб…

Илк баҳорда эндигина бозорга чиққан чиройли ва йирик мева-сабзавотларни харид қилаётиб “дориси йўқмикин” деган фикр хаёлингиздан бирров кечади. Хўш, маҳсулотлар таркибидаги кимёвий моддаларни қандай билиб олиш мумкин?

Кўкат, салат барги, петрушка, укроп. Энг кўп кимёвий моддалар томирчалар ва бандда тўплангани боис, уларни истеъмол қилманг. Кўкат нитратларни жуда тез қабул қилиб олиши туфайли, уни овқатга қўшишдан олдин бир соат давомида сувга солиб қўйинг.

Лавлаги, сабзи, редиска. Илдизмеваларнинг боши ва учларида жуда кўп миқдорда нитратлар йиғилади. Шу сабаб бу жойларни кесиб ташлашни унутманг. Думчалари буралган лавлагини олмаганингиз маъқул. Сабзи думининг бир сантиметрча жойини кесиб ташланг, яшилсимон қисмини ҳам бутунлай олиб ташланг – бу жойда кўп миқдорда кимёвий моддалар йиғилган бўлади.

Карам. Нитратларнинг кўп қисми карамнинг устки барглари ва ўзагида тўпланади. Полиз экинини тозалаётганда бу қисмларни ташлаб юборинг.

Кабачки, бодринг, бақлажон. Бодринг оч майсаранг бўлиши лозим. Рангининг тўқ яшил бўлиши бодринг нитратлар билан ортиқча тўйинтирилганини билдиради. Пишиш мавсуми бошида бозорга чиқарилган кабачки ва бақлажонларнинг пўстини албатта артиш лозим. Мева бандини ҳам кесиб ташланг, чунки бу энг заҳарли жойдир.

Помидорнинг пўсти қанчалик қалин бўлса, унда кимёвий моддалар ҳам шунчалик кўп бўлади. Тўқ сариқ-қизғиш тусдаги помидорларни харид қилишни тавсия этмаймиз. Оқ эт ва кесиб кўрганда помидор ичидаги деворчаларнинг қалинлиги кўп миқдордаги кимёвий моддалар борлигининг белгисидир. Билмасдан бундай помидорларни сотиб олган бўлсангиз, уларни ишлатишдан олдин бир соат давомида совуқ сувда ушлаб олинг.

Картошка. Нитратлар картошканинг пўсти остида ва тугунаклар мағзида йиғилади. Шу сабабли, картошка солинган сувни қайнагандан сўнг тўкиб ташлаш зарур.

Шуни унутмангки, чет элдан олиб келинган мева-сабзавотларнинг аксарияти дориланган бўлиши эҳтимоли юқоридир. Чунки шундай қилинмаса улар узоқ йўл босиб то етиб келгунича бузилиб улгуриши мумкин.

Муниса УМАРОВА,
Тошкент шаҳридаги «Меҳр-шафқат» коллежи ўқитувчиси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan