Сепсис

Оддий жароҳатдан сўнг сепсис ривожланиши мумкин

Сепсис йиринг ҳосил қилувчи микробларнинг қонга тушиб уни зарарлаши натижасида организм ҳолати ёмонлашуви билан кечади. Унинг ривожланишида оғир касалликлар, жарроҳлик операциялари, кўп қон йўқотиш, бирданига озиб кетиш, витамин етишмовчилиги натижасида организмнинг ҳимоя кучлари сусайиши сингари ҳолатлар асосий роль ўйнайди.

Сепсис пайдо бўлишининг ташқи ва ички омиллари мавжуд. Масалан, у баъзида ҳашаротлар (чивин, пашша, кана, бурга, ўргимчак) чаққандан сўнг ҳам юзага келади. Кўпинча сепсис теридаги очиқ жароҳатларга инфекция тушганда, яраларнинг битиши кечикканда, турли гангренозлар (асосан оёқ гангренаси)да, қорин бўшлиғи аъзоларидаги жарроҳликлардан сўнг ва ўткир хирургик касалликлар асорати сифатида пайдо бўлади.

Оёқдаги яра-чақалар ва баданнинг турли жойларидаги шикастланишдан кейинги жароҳатлар тузалиши кечикса ёки уларга ўз вақтида даво қилинмаса, сепсис ривожланишига шароит яратилади. Сепсис ривожланса беморнинг тана ҳарорати кўтарилади, боши оғрийди, кўп терлайди, артериал босими пасаяди, ҳолсизланади, иштаҳаси йўқолади, кўпинча уйқусизликдан азият чекади. Бундан ташқари, жигар ва талоқнинг катталашиши, шишиши, юрак ва буйраклар фаолиятининг ёмонлашиши кузатилади. Беморнинг оёқ-қўлларида майда қора доғлар пайдо бўлиб, бўғим ва мушакларида яллиғланишлар рўй беради. Ёш болаларда эса сепсис кўпинча зотилжам (пневмония) шаклида кечади.

Касалхона шароитида консерватив (антибактериал) ва жарроҳлик муолажалари қўлланилади. Организмдаги йирингли ўчоқлар дори-дармонлар, физиотерапевтик муолажалар ва яна бир неча хил мураккаб даво усуллари ёрдамида йўқотилади. Консерватив даволаш ёрдам бермаган ҳолларда жарроҳлик муолажаси амалга оширилади.

Маълумки, сепсис ривожланганда бемор организмида оғир турдаги заҳарланиш (интоксикация) рўй беради, бу вақтда иштаҳа йўқолади ва организм қувватсизланади. Шунинг учун ҳам сепсисни даволаш жараёнида беморга юқори калорияли, яъни сервитамин овқатлар бериш зарур. Беморлар тинч шароитда бўлишлари, санитария-гигиена қоидаларига риоя этишлари лозим.

Сепсиснинг олдини олиш учун қуйидаги ҳолатларга эътиборли бўлинг:

  • очиқ жароҳатлар йирингласа;
  • юздаги ҳуснбузарлар учи оқарса;
  • чипқон чиқса ёки хасмол (қўл бармоғи тўқималарининг ўткир йирингли яллиғланиши) пайдо бўлиши;
  • флегмона (тери ости ёғ клетчаткасининг ўткир йирингли яллиғланиши) вужудга келганда;
  • теридаги майда шикастлар тузалиши чўзилиши;
  • унутмангки, ревматизм, аднексит, плеврит, сийдик йўллари яллиғланиши (пиелонефрит), нафас йўли яллиғланиши, жинсий аъзолар ва тери яллиғланиши, жигар ва ўт йўллари яллиғланиши сингарилар сурункали турга ўтганда ҳам сепсиснинг ривожланишига имкон яратилади.

Дурдона СУЛТОНОВА, мутахассис.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan