oits

ОИВ инфекцияси: яширин кечиб, хавфли тус олади

Бутун жаҳонда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг тинчлигини бузаётган ва шу билан биргаликда дунёдаги давлатлар иқтисодига катта зарар етказаётган ОИВ инфекцияси ўзининг оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Ер юзида ушбу касаллик билан яшаётган одамлар сони 34 миллионни ташкил этади, бир кунда тахминан 7400 нафар одам бу касалликни юқтириб олмоқда.

Касаллик турли ёшдаги аҳоли орасида, айниқса, навқирон 20-49 ёшлилар ўртасида кўп қайд этилмоқда. ОИВ инфекцияси наркотик моддаларни инъекция орқали қабул қилувчи шахслар орасида тез тарқалиши кузатилади. Бу эса касалликни улардан аёллар ва болаларга юқиши хавфини кўпайтиради. Республикамизда 2013йил 23 сентябрда қабул қилинган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги №353-сонли қонун асосида олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида беморларни ўз вақтида аниқлаш, уларни тиббий назорат қилиш ва даволаш бўйича уюштирилаётган тадбирлар сезиларли даражада ўз самарасини бермоқда.

ОИВ инфекцияси – одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли иммунитет танқислиги ҳисобланиб, бу касалликнинг манбаи ОИВ инфекциясини юқтириб олган одамдир. Вирус бемор организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. ОИВ инфекциясининг кечиши бир неча даврдан иборат. Инфекция яширин тарзда кечиши ва бу давр бир неча ойдан 5-10 йилгача, баъзан ундан ортиқ давом этиши мумкин. Касалликнинг яширин даврида вирусни юқтириб олган шахслар кўринишидан соғлом бўлиб, уларда касалликнинг ҳеч қандай белгилари кузатилмайди. Касалликнинг шу даври анча хавфли ҳисобланиб, ОИВни юқтириб олган шахслар ўзлари билмаган ҳолда касалликни бошқаларга юқтириб юришлари мумкин.

ОИВ инфекциясида меъёрда ишлаб турган иммунитет тизими йиллар давомида вируснинг тажовузини босиб туради. Вирус организмда кўпайиб аста-секин иммунитет тизимини мутлақо издан чиқаради ва натижада ОИТС ривожланади. Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) даври одамнинг иммунитет танқислиги вируси одамнинг иммун тизимини шикастлаши натижасида касаллик белгилари келиб чиқадиган ОИВ инфекциясининг сўнгги босқичидир.

ОИВ инфекциясининг 3 та асосий юқиш йўли мавжуд:

1. Жинсий алоқа орқали – ОИВ инфекцияси бор шахслар билан ҳимояланмаган жинсий алоқа қилганда юқади. Бундай ҳолат бегона шахслар билан бетартиб жинсий ҳаёт кечирувчилар ва енгил табиатли шахслар ўртасида кўпроқ учрайди.

2. Қон орқали (парентерал) – инфекция гиёҳванд моддаларни гурух бўлиб томир орқали қабул қилганда, вирус билан зарарланган, текширилмаган қон ва унинг таркибий қисмлари қуйилганда, зарарсизлантирилмаган жаррохлик, доялик, стоматологик ва бошқа тиббий асбоблар орқали тиббий муолажалар олганда, шприц ва игналардан умумий фойдаланганда юқади. Шунингдек, баданга расм чиздириш (татуировка), тананинг турли жойларига тақинчоқлар тақиш (пирсинг), қош ва лабларга ранг бериш (татуаж), шахсий гигена воситалари – тиш чўткаси, соқол олиш анжоми ва маникюр асбобларидан умумий фойдаланганда ҳам касаллик юқиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Сабаби, ушбу муолажаларнинг тери бутунлиги бузилиши билан олиб борилиши ҳамда бунда қўлланиладиган асбобларнинг зарарсизлантирилганлигига ҳар доим ҳам кафолат бўлмаслиги касаллик юқишига замин яратади.

3. Инфекцияга чалинган ҳомиладор онадан болага (вертикал йўл) – вирус ҳомилдадорлик даврида жароҳатланган йўлдош орқали, бола туғилиши жараёнида туғруқ йўллари жароҳатланиши туфайли ва болани эмизиш жараёнида она сути орқали ўтиши мумкин.

Қуйидаги ҳолларда ОИВ инфекцияси юқмайди:

– қўл бериб кўришганда;

– йўталганда, акса урганда;

– ҳашаротлар чаққанда;

– хожатхонадан умумий фойдаланганда;

– кийим-кечак ва кўрпа-тўшак орқали;

– бирга овқатланганда, умумий идиш-товоқдан фойдаланганда.

Асосан кимлар касалланади? ОИВ инфекцияси ирқидан, касбидан, миллатидан қатъий назар ҳар кимга юқиши мумкин бўлган вирус ҳисобланади. Бугунги кунда ОИВ инфекциясининг тарқалиши аҳолининг қуйидаги гуруҳлари орасида тез-тез учрамоқда:

– томир орқали гиёҳванд моддаларни қабул қилувчилар;

– моддий рағбатлантириш эвазига интим алоқада бўлувчи шахслар;

– узоқ вақт чет давлатларда ишлаб қайтаётган меҳнат мигрантлари.

Қандай белгилари мавжуд? ОИВ инфекциясини юқтириб олган одам ташқи кўринишидан мутлоқо соғлом кўринади. Касаллик аломатлари ҳам деярли одамни безовта қилмайди. Одам қонида ОИВ инфекцияси бор ё йўқлигини фақатгина лаборатория текширувлари аниқлаб беради. Вирус организмга тушгандан кейин организм билан вирус ўртасида ўзаро кураш бошланади ва вирус ғалабаси билан якун топади. Айнан шу вақтдан ОИТС даври бошланган ҳисобланади.

Қонга вирус тушгандан сўнг дастлабки даврларда одам ўзини соғлом ҳис этади. Бу ҳолат ҳаттоки 8-10 ва ундан кўп йилларгача давом этиши мумкин. Айнан шу давр оралиғида касалланган киши билиб-билмай бошқаларни ҳам инфекция “қурбон”ига айлантириши мумкин.

Касалликнинг клиник белгилари турли кўринишда намоён бўлади:
Сабабсиз доимий тарзда йўтал (1 ой давомида);
Одамнинг қисқа вақт ичида кескин озиб кетиши (1 ой ичида);
Ҳароратнинг узоқ вақт сабабсиз кўтарилиши;
Узоқ вақт давомида ич кетиши (диарея);
Оғиз бўшлиғи ва турли аъзоларнинг яллиғланиш белгилари;
Хавфли ўсмаларнинг ривожланиши.

Бемор ОИВнинг бевосита таъсиридан эмас, балки юқоридаги қўшимча касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юмади. Шунингдек, одамда сўзак (гонорея), захм (сифилис), хламидиоз ва бошқа, жинсий алоқа воситасида юқадиган касалликлари мавжуд бўлса, бундай кишиларга ОИВ юқиш эҳтимоли соғлом одамларга нисбатан бир неча ҳисса юқори бўлади.

Шунинг учун шахсий профилактиканинг аҳамияти катта.

Дардни даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул. Қуйидаги одатлар ОИВ инфекциясини юқтириб олиш хавфини камайтиради:

  • шахсий шприц ва игнадан фойдаланиш;
  • оилага, турмуш ўртоғига вафодор бўлиш;
  • тасодифий жинсий алоқалардан тийилиш. Бу сизни нафақат ОИВдан, балки бошқа таносил касалликлари ҳамда В, С ва Д гепатитлари юқишидан ҳам ҳимоя қилади;
  • қуйиладиган донор қони доимо ОИВга текширилган бўлиши шарт.

Бу дард бедавоми? Бугунги кунда ОИВ билан касалланган шахсни вирусдан бутунлай ҳоли қиладиган дори воситаси мавжуд эмас. Республикамизда 2006 йилдан буён бемор умрини соғлом одамнинг умричалик узайтириш имкониятини берадиган ретровирусга қарши терапия қўлланиб келинмоқда. Антиретровирус дорилари ОИВ инфекциясини даволаш ва унинг олдини олиш учун қўлланилади. Бу дори-дармонлар инфекция билан курашади, организмга вирусни тарқалиб кетишини вақтинча тўхтатиб туради.

Мавжуд дорилар касалликнинг ОИТС даврига ўтишини орқага суради ҳамда иммунитетни тикланишига ҳамда қўшимча касалликларнинг юзага келмаслигига ёрдам беради. Антиретровирус дорилари яхши самара бериши учун, уларни узоқ вақт давомида мунтазам қабул қилиш лозим.

Республика миқёсида ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар: Ёдда тутиш керакки, ОИВ инфекцияси омма орасида тарқалишининг олдини олиш бўйича барча биргаликда курашмоғи лозим. Бугунги кунда ОИВ инфекцияси профилактикаси бўйича давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Камолот” ЁИХ билан ҳамкорликда ёш авлодни соғлом турмуш тарзи, ичиш, чекиш, гиёҳвандлик ва ОИТС каби иллатларнинг ёшлар орасида тарқалишининг олдини олишга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссиясининг 2013 йил 1 июндаги «Чет давлатларда узоқ вақт бўлиб, Ўзбекистонга қайтган республикамиз фуқароларини ОИВ инфекциясига текшириш ва касалликнинг тарқалишини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарасини янада ошириш тўғрисида”ги баёни ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Божхона ва Хотин қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамоат фонди ва бошқа тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасидан хорижга кетаётган ва чет давлатлардан Ўзбекистонга қайтаётган фуқаролар орасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш ва касалликнинг тарқалишини олдини олиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

ОИВ инфекциясининг олдини олиш ва томир орқали гиёҳванд модда қабул қилиш зарарини камайтириш учун республикамизда “Ишонч хоналари” фаолият юритади. Барча вилоятларда ОИТСга қарши курашиш марказларининг ишонч телефонлари ҳамда ОИВ/ОИТС бўйича саволларга жавоб олиш учун маслаҳатхоналар ташкил этилган.

Агар Сизда ОИВ инфекциясини юқтириб олиш хавфини туғдирган омиллар кузатилган бўлса, ОИВ инфекцияси тўғрисида қўшимча маълумот олиш ва ушбу касалликка текширилиш истагида бўлганлар ўзлари яшаб турган жойдаги поликлиника ёки Республика ва Қорақалпоғистон Республикаси ва худудий ОИТСга қарши курашиш марказларига мурожаат этишингиз мумкин. Касалликнинг юққанлигини эрта аниқлаш, ўз соғлиғингизни имкон қадар узоқ муддатга яхши сақлашга ёрдам беради.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлиги учун керакли чоралар мунтазам амалга тадбиқ этиб борилмоқда. Бироқ, ҳар бир инсон ўзининг соғлиғи учун энг аввало ўзи қайғурмоғи лозим. Бунинг учун ОИВ инфекциясидан сақланиш чораларига риоя этиш талаб этилади. Соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшамоқлик саломатликнинг энг яхши кафолатидир. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишдан сақланиш, тасодифий жинсий алоқалардан ўзини тия билиш, тиббий муолажа олаётганда асбобларнинг зарарсизлантирилганлигига аҳамият бериш зарур. Пирсинг, татуировка, татуаж соғлиқ учун хавф туғдириши мумкин. Тиш чўткаси, устара, маникюр асбобларининг шахсий бўлиши мақсадга мувофиқдир.

ОИВ инфекциясининг олдини олишда барчамизнинг биргаликда фаол иш олиб боришимизнинг натижаси соғлом оила ва соғлом фарзандлар туғилишида, оилалар мустаҳкамлиги, бахту саодатида намоён бўлади.

Нилуфар ҚОДИРОВА,
Республика ОИТСга қарши кураш Маркази
эпидемиолог шифокори.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan