Овқатдан заҳарланиш

Овқатдан заҳарланишнинг олдини олинг

Айни ёз ойларида ҳаво исиб, егуликларнинг тез бузилиши кузатилади. Бу эса айниқса ёш болаларда овқатдан заҳарланиб қолиш ҳолатларини келтириб чиқаради. Чунки сифати бузилган егуликларни болалар билиб-билмай истеъмол қилишади, оқибатда ошқозон иши бузилиши ёки ичак инфекциялари билан касалланишлар рўй беради.

Ёзнинг иссиқ ойлари бошланиши билан қуйидаги тавсияларга амал қилиш зарур:

  • Сақланиш муддати ўтган озиқ-овқатларни истеъмол қилманг!
  • Кўча-кўйда усти очиқ ҳолда сотилаётган егуликларни харид қилманг!
  • Унутманг, уй шароитида тайёрланган музқаймоқ ва кремли қандолат маҳсулотларининг сифати бузилган бўлиши мумкин!

Овқатдан заҳарланиш айниқса болаларда тез ривожланиб боради ва кўпинча нохуш оқибатлар билан тугайди. Бунинг бир қанча сабаблари бор.

Жумладан:

  • болаларда жигарнинг ҳимоя фаолияти суст бўлади;
  • ичакларнинг меъёрий микрофлораси тез издан чиқади;
  • буйракларининг фильтрлаш қобилияти суст ривожланган бўлади;
  • ёш организм ташқи таъсирларга ўта сезувчан ҳисобланади.

Юқорида санаб ўтилган омиллар болаларда овқатдан заҳарланишнинг катталарга қараганда кўпроқ учраши ва анча қийин кечишини ифодалайди. Касалликнинг бир нечта белгилари борки, улар “Тез ёрдам” шифокори етиб келгунига қадар овқатдан заҳарланиш ташҳисини қўйишга ёрдам беради.

Бундай аломатлар қуйидагилар:

  • кўнгил айниши ва қайт қилиш;
  • суюқ ич кетиши;
  • қорин бўшлиғи соҳасида оғриқ;
  • бош оғриғи;
  • тана ҳароратининг кўтарилиши;
  • иштаҳа йўқолиши;
  • ҳолсизлик;
  • оғиз қуриши;
  • бош айланиши.

Шундай ҳолатлар рўй берганда болани имкон қадар шифохонага элтиш керак. Акс ҳолда қайт қилиш ва тана ҳарорати кўтарилиши болада кўп сув йўқотишни ёки умумий ҳолсизлик келиб чиқишини тезлаштиради, кўнгил айниши эса узоқ вақтгача иштаҳа йўқолишига сабаб бўлади.

Болаларда овқатдан заҳарланишнинг олдини олишга ёрдам берадиган маслаҳатларимиз қуйидагича:

  • овқатланишдан аввал ҳар сафар қўлларни совунлаб ювинг;
  • умумий ҳожатхонадан фойдаланганда тозаликка риоя этинг;
  • таомларни ҳар гал янгидан пишириб истеъмол қилинг;
  • мева-сабзавотлар ва кўкатларни яхшилаб ювиб, қайнаган сувда чайинг;
  • дўкондан олинган егуликлар (жемли ширинкулча, кремли пишириқлар сингарилар) нинг қадоғидаги сақланиш муддатига эътибор қаратинг;
  • пиширилган таомларни ёки харид қилинган егуликларни албатта музлатгичда сақлаш зарур;
  • кўчадан уй шароитида тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олманг.

Болаларнинг ёз фаслида овқатланишини катталар қатъий назорат қилишлари лозим. Шунингдек, оилада умумий гигиена қоидаларига амал қилиш жуда муҳим. Бу нарса болаларда овқатдан заҳарланиш хавфини камайтиришга ёрдам беради.

Ольга НИЯЗОВА,
Тошкент тиббиёт академияси
“Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш
гигиенаси кафедраси” мутахассиси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan