oyoq-og'rig'i

Оёқ оғриса, сабабини изланг

Оёқлар одам таянч-ҳаракат тизимининг энг муҳим қисмларидан биридир. Бутун танамизнинг оғирлиги оёқларимизга тушади. Оёқлар қаттиқ чарчоқ оқибатида оғриши табиий ҳол. Лекин мунтазам равишда оёқларда оғриқ бўлиши организмдаги касалликлардан дарак бериши мумкин. Гарчи оғриқ оёқда бўлсада, асосий муаммо бошқа аъзода бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Чарчоқ натижасида пайдо бўлган оёқ оғриғи маълум вақт ичида ўз-ўзидан ўтиб кетади. Лекин, турли аъзолар хасталаниши туфайли келиб чиқадиган оғриқлар хусусида билиб қўйганимиз маъқул.

Веналарнинг варикоз кенгайиши туфайли оёқда пайдо бўлган оғриқ кун охирига қадар кучая боради. Оғриқдан халос бўлиш учун махсус компрессион трикотаж кийиб юриш лозим. У нафақат оғриқнинг олдини олади, балки касаллик ривожланишини ҳам секинлаштиради.

Аммо унутмангки, касалликнинг дастлабки белгилари пайдо бўлгандаёқ мутахассис шифокор кўригига борилса, даволаш шунча тез ва самарали бўлади. Веналар ҳолатини текшириш учун допплерография қўлланилади. Варикознинг дастлабки босқичларида консерватив даво усуллари (инъекцион склеротерапия) қўлланилади.

Яссиоёқликда оёқ кафти ва болдирлардаги оғриқ кечга бориб безовта қилади. Одам юрганида тез чарчаб қолаверади. Муаммодан халос бўлиш учун ортопедга мурожаат этиш керак. Иложи борича физиологик қулай ва паст пошнали пойафзал кийинг. Ҳар куни яссиоёқликда бажариладиган машқлар қилинг, ортопед ёзиб берган супинаторлардан фойдаланинг.

Эндартериит касаллигида болдирдаги ўткир оғриқ юрганда бошланади. Дастлабки 50-70 метр масофа енгил ўтсада, бундан кейинги юриш жараёни оғриқ ва увишиш билан кечади. Бироз дам олинса оғриқ ўтиб кетади. Шу сабабли, бемор дам олиб-дам олиб юришга мажбур бўлади. Ҳатто ётган ҳолатда ҳам оёқ кафти ва сон соҳасида оғриқ безовта қилиши мумкин. Бунда оёқ пастга осилтирилганда оғриқ бироз камаяди.

Бемор кашанда бўлса у чекишдан бутунлай воз кечиши керак. Чунки никотин қон томирлари ишемиясининг асосий сабабчиларидан биридир. Касалликка ташҳис қўйиш учун бугунги кунда МРТ, ангиография, қон томирлари ультратовуш текшируви, турли қон таҳлиллари қўлланилади.

Кутилмаганда кучли оғриқ турганда яхшиси тез тиббий ёрдамни чақирган маъқул. Чунки бу йирик артерия бекилиб қолганлигининг белгиси бўлиши мумкин. Бунда бемор оёғини сақлаб қолиш учун бир неча соатгина вақт қолади. Касаллик жарроҳлик йўли билан даволаниб, томирлар пластикаси амалга оширилади.

Артериялар атеросклерозида болдирларни сиқувчи оғриқ ва тиришишлар юрганда, югурганда, зинадан кўтарилганда кучаяди. Оғриқ кечаси безовта қилиши ҳам мумкин. Оёқ кафти қишда ҳам, ёзда ҳам совуқ бўлади. Оёқнинг бош бармоғида аниқ пульс сезилмайди. Кўпинча эркакларнинг бармоқларидаги туклар йўқолади ва жинсий жиҳатдан муаммолар юзага келади. Бемор албатта мутахассис шифокорга мурожаат этиши ва чекишни ташлаши лозим. Касалликка ташҳис қўйиш учун УТТ, магнит-резонанс контрастли ангиография текширув усуллари қўлланилади.

Бел-думғаза остеохондрози оёқлардаги санчувчи оғриқнинг тинч пайтда ҳам безовта қилиши билан бошланади. Кескин ҳаракатлар ва зўриққанда оғриқ кучаяди. Оғриқ дам олганда ҳам йўқолмайди. Агар оёқнинг кафтидан то думбагача бўлган қисмининг орқа ва ён томонлари ҳам оғриётган бўлса, бу бўйин қисми нерви яллиғланиши (ишиас) дан далолат беради.

Бемор невролог ёки вертебролог шифокорга мурожаат этиши лозим. Қисилиб қолган дисклараро чуррани МРТ ёрдамида аниқлаш мумкин.

Тромбофлебит касаллигида болдир мушакларида пулсь каби уриб турувчи оғриқ кузатилиб, кўпинча ачишишга ўтиб кетади. Оёқ қизаради, шишади, веналар бўйлаб оғриқли бўртмалар пайдо бўлади. Касалликка шубҳа уйғонганда зудлик билан мутахассис шифокорга учраш лозим. Оёқнинг чуқур ва юза веналарини текшириш учун ангиосканерлаш текширув усули қўлланилади. Бемор қони носпецифик яллиғланиш омилларига текширилади.

Кўп ҳолларда шифокор назорати остида амбулатор даволаниш мумкин. Агар тромб жойидан узилиши хавфи бўлмаса, қон ивишини пасайтирадиган, томирлар деворини мустаҳкамлайдиган дори воситалари қўлланилади. Баъзида жарроҳлик муолажаси ўтказилиб, пастки ковак венада тромбларни ушлаб қолувчи махсус кава-фильтр ўрнатилади.

Сарамас (рожа) касаллигида тинч ҳолатда ҳам болдирда кучли оғриқ безовта қилади, тери қизаради, тана ҳарорати кўтарилади, қалтироқ босади. Сарамас юқумли касаллик бўлганлиги сабабли уни инфекционист шифокор даволайди. Беморга антибиотиклар берилади. Енгил кўриниши амбулатория шароитида, ўрта ва оғир турлари стационарда даволанади. Даволаш жараёнида физиотерапия (УФО, юқори частотали электр токи – УВЧ, магнит, лазер) қўлланилади.

Артроз ёки артрит бемор юрганида ёки узоқ вақт бир жойда турганида унинг бўғимларида ўткир буровчи оғриқ пайдо бўлиши билан кечади. Бўғимларнинг шакли ўзгариб, улар қисирлай бошлайди. Об-ҳаво ўзгарганида оғриқ кучаяди. Бўғим соҳаси шишади, қизаради, қизийди.

Бемор ревматолог шифокор кўригидан ўтиши, иккала оёқ бўғимларининг рентген таҳлили ва қоннинг умумий текширувини топшириши лозим. Агар шифокорда ташҳис қўйиш жараёнида шубҳа уйғонса, у артроскопия текширув усулини қўллайди. Даволаш комплекс тарзда амалга оширилади: беморга дори-дармонлар билан бир қаторда махсус ортопедик мосламалар, физиотерапия, парҳез, даволаш жисмоний машқлар буюрилади.

Қандли диабетда оёқ томирлари тортишиши (айниқса кечаси), шиш, оғриқ кузатилади. Болдир териси қуруқшаб, пўст ташлайди ва қичишади. Оёқ кўпинча увушади, терида чумоли ўрмалагандек бўлади. Бу касалликка шубҳа уйғонганида қондаги қанд миқдорини аниқловчи таҳлил топшириш керак. Касалликни эндокринолог шифокор даволайди. Бемор мажбурий парҳез тутиши лозим. Биринчи турдаги диабетда бемор инсулин инъекцияларини, иккинчи турдагичида эса қанд миқдорини камайтирувчи воситаларни қабул қилади.

Остеопороз туфайли болдир соҳасида томир тортишиши ва кучли оғриқ безовта қилади. Муаммо кўпроқ 40 ёшдан ошган аёллар учун хос. Касалликка шубҳа уйғонганида денситометрия – суяк тўқимасининг зичлигини текширишнинг оғриқсиз усули қўлланилади. Агар суяк тўқимаси етишмовчилиги аниқланса шифокор кальций препаратларини ёзиб беради.

Подагра касаллигида оёқнинг бош бармоғида ўткир, пульс каби уриб турувчи оғриқ кузатилади. Бармоқ қизаради, шишади, иссиқ ва жуда сезгир бўлиб қолади. Бемор ревматолог шифокор кўригига бориши ва венадан қон таҳлили топшириши керак. Подаграни ностероид яллиғланишга қарши препаратлар ва сийдик кислотаси ҳосил бўлишини тўхтатадиган воситалар билан даволашади.

Касалликнинг бошланғич босқичида парҳезнинг ўзи етарли бўлади: спиртли ичимликларни ичмаслик, гўштли ва балиқли таомлар, узоқ қайнатилган бульонлар, ўткир газаклар, қўзиқорин, дуккаклилар, помидор, исмалоқ, қаҳва, какао, шоколад маҳсулотларини чеклаш лозим.

Товон пихи юрганда ёки югурганда товонда кутилмаган ўткир оғриқ туради. Бемор биринчи ўринда ортиқча вазндан халос бўлиши лозим. Ортопед шифокор кўриги ва рентген текширувидан ўтиш керак. Даволаш учун яллиғланишга қарши воситалар, махсус массаж, лазер терапияси, ортопедик стелькалар ва товон ости тагликлари қўлланилади. Оғир ҳолларда жарроҳлик муолажаси ўтказиш зарур бўлади. Сузиш билан шуғулланиш, велосипед ҳайдаш фойдали.

Миалгия сон мушакларидаги оғриқ билан бошланиб, у жисмоний зўриқишлар, нам ёки совуқ ҳавода кучаяди. Бемор невролог шифокор кўригидан ўтиши лозим. Касалликни даволаш учун яллиғланишга қарши препаратлар, оғриқ қолдирувчи маз ва геллар қўлланилади.

Машҳура РИЗАМУҲАМЕДОВА,
ревматолог шифокор, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan