Педиатрия хизмати

Педиатрия хизмати: янги лойиҳалар, илғор тажрибалар

Гўдак дунёга келган илк дақиқалардаёқ педиатр унинг айни вақтдаги ҳолатини жиддий кузатувдан ўтказади. Бола соғлом туғилдими? Наслий ёки орттирилган дардга чалинмаганмикин? Организмида қандай ўзгаришлар кечаяпти? Буларнинг барисини аниқлаш гўдакнинг кейинги ҳаёти учун ўта муҳим саналади.

Тиббиётимизнинг тобора равнақ топишида педиатрия хизматини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3071-сонли қарорида (2017 йил, 20 июнь) ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизимни шакллантиришга оид кўплаб вазифалар белгилаб берилган. Шунга кўра, Марказимизнинг фаолият кўлами янада кенгайтирилди. 100 дан ортиқ замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида болаларга юқори технологиялар асосида тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Олимларимиз фундаментал, илмий-амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширмоқдалар. Болаларда перинатал ва неонатал даврда ўпка, ошқозон-ичак, жигар, юрак-қон томир, хирургик ва ЛОР аъзолари касалликларини самарали ташхислаш ва даволашда илмий-амалий изланишлар ижобий самаралар бераётир. Оғир аҳволдаги чақалоқларни парваришлаш ва даволашда илғор тажрибаларга таяниб иш кўрилмоқда. Бу эса неонатологлар ишини енгиллаштирмоқда, кам вазнли чақалоқлар парвариши ва реабилитациясига сарфланадиган вақт ҳажмини анча камайтиришга эришилди.

Касалликларнинг олдини олишда эмлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу йўналишда Марказимиз олимлари томонидан иммун танқислигини бошдан кечираётган болалар учун эмлаш мезонлари ишлаб чиқилмоқда. Нейроаудиоскрининг (чақалоқларда эшитиш қобилияти заифлигини туғилган заҳоти аниқлаш усули) республикада биринчи бўлиб бизнинг Марказимизда йўлга қўйилди. ЛОР хасталикларида турли ноёб жарроҳлик операциялари, шу жумладан Кохлеар имплантацияси операцияси ҳам муваффақиятли бажарилмоқда. Жарроҳликда каминвазив эндоскопик операциялар йўлга қўйилди.

Юқори технологик ташхислаш ва даволаш усуллари татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида ёш мутахассисларимиз малакасини ошириш катта аҳамиятга эга. Жорий йилда педиатрия соҳаси йўналишлари бўйича Марказнинг 11 нафар ва ҳудудлардаги болалар кўптармоқли тиббиёт марказларининг (БКТТМ) 9 нафар мутахассислари Германиянинг йирик клиникаларида, Белоруссиянинг дипломдан кейинги малака ошириш тиббиёт академиясида ўз малакаларини оширишди. Бир нафар мутахассисимиз имтиёзли тарзда АҚШнинг Чикаго университетида уч ой тажриба ўрганиб қайтди. Шунингдек, Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети, Литванинг Вильнюс университети болалар шифохонаси, Германиядаги тиббиёт марказлари ва бошқа кўплаб хорижий тиббиёт муассасаларида ёш мутахассисларимиз педиатрия, неонатология, болалар хирургияси, реанимация ва анестезиология соҳалари бўйича малака оширишлари режалаштирилган.

Марказимиз ва БКТТМ мутахассислари учун чет эл мамлакатларининг етакчи мутахассислари (Германиядан – 5 нафар, Россиядан – 3 нафар ва Литвадан – 3 нафар) томонидан кўргазмали операциялар ва маҳорат дарслари ўтказилди. Ушбу жараён давом эттирилади. Ҳукуматимиз томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган қатор тадбирлар, жумладан, болалар тиббиёт муассасаларининг моддий техника базаси мустаҳкамланиши, тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши, аҳоли тиббий маданиятини оширишга доир тарғибот-ташвиқот ишларининг кенг йўлга қўйилиши гўдаклар орасида касалланиш ва ўлим кўрсаткичларининг тобора камайишига олиб келмоқда. Ҳали қилинадиган ишлар кўп. Хусусан, бирламчи тиббиёт ходимларининг патронаж хизмати тизимини ривожлантириш, тиббий муолажага муҳтож болаларни диспансер назоратига олиш ва даволаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ишларини такомиллаштириш зарур.

Қарорга кўра, Марказимиз билан вилоят ва туман миқёсидаги тиббий муассасаларнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида болаларга ихтисослаштирилган тиббий хизматни мувофиқлаштириш учун республикамиз ҳудудларида педиатрия хизмати тузилмасига услубий ўзгартиришлар киритилди. Самарқанд, Андижон, Бухоро вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси Болалар кўптармоқли тиббиёт марказлари ҳудудлараро марказлар деб белгиланди. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг “Ўзбекистон Республикасида болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам тизими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2017 йил 25 апрелдаги 185-сонли буйруғи қабул қилинди. Шу буйруқ асосида “Болаларга тиббий ёрдамни ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш кенгаши» тузилди.

Марказимизда замонавий алоқа асбоб-ускуналарини ўрнатиш орқали масофали консультатив ва даволаш ёрдамини амалга ошириш, ахборот бериш, мутахассисларни ўқитиш имконига эга бўламиз. Марказимиз ТошПТИ, худудлардаги тиббиёт институтлари, ҳудудий БКТТМлар билан интернет орқали ҳамкорлик алоқалари ўрнатиши туфайли, узоқ масофадан туриб видеоконференциялар ўтказиб боради, мутахассислар ўз тажрибалари хусусида фикр алмашишга имконият туғилади. Телемедицина татбиқ этилиши узоқ ҳудудлардаги бемор болаларга, айниқса эрта босқичларда жуда муҳим ҳисобланган ихтисослаштирилган ва юқори технологик ёрдамни максимал даражада тезлаштиради. Демак, чекка қишлоқларда яшаётган болалар ҳам назоратдан четда қолмайди, юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши барча босқичларда амалга оширилиб, мутахассисларимиз томонидан доимий мониторинг қилиб борилади.

Дилором АҲМЕДОВА,
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий
тиббиёт маркази директори, профессор.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan