Шифокорлар

Профессор Жуманазар Бекназар: бир беморни ногиронликдан асраб қолса ҳам шифокор жамият ҳаётида муҳим бурилиш ясаган бўлади

Айтайлик, сиз сартарошхонага кирдингиз. Сартарош бошингизни ўнг томонга ёки чап томонга бурса, энгаштирса, унинг буйруқ ва ишораларига бўйсунасиз. Нега, деган саволни бермай, ўзингизни сартарош ихтиёрига топширасиз. Илгарилари фарзандини устозга шогирдликка бераётган ота “Суяги бизники, эти сизники, фақат билимдон бўлсин” деган. Боласи тақдирини устозга ишонган.

Демак, ишончда гап кўп. Ҳозирги пайтда шифокорга нисбатан худди шундай ишонч мавжудмикан?! Бирон танишингиз ёки қариндошингиз дард туфайли жони азобда қолса, нега номи чиққан шифокорларни қидириб қоласиз? Нима учун? Ўйлаб кўрайлик.

Лоқайдликдан уйғонмоқ керак

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шифокорларнинг илғор вакиллари билан учрашуви чоғида айтган сўзлари ҳаммамизнинг ёдимизда. Давлатимиз раҳбари ўшанда соғлиқни сақлаш тизимининг энг оғриқ нуқталарини айнан кўрсатиб бердилар. Биз ҳали пайқамаган норасо жиҳатларини алоҳида таъкидлаб, “… Бизга шу ҳам бўлаверади деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди” дедилар. Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғов эканлигини айтдилар. Соғлиқни сақлаш тизимига қарата, “Лоқайдликдан уйғон!” деган ҳайқириқдек эди, бу сўзлар!

Кейинги вақтлар айрим шифокорларимизда ўз касбига нисбатан лоқайдлик хусусияти тобора устунлик қилаётган эди. Шу сабабли ишимизда камчилик ва нуқсонлар кўпайди. Мана, эндиликда ҳеч нарсани яширмасдан айтиш пайти келди. Кўпчилик ёш шифокорлар олий таълим даргоҳида олган билимларини мустаҳкамлаш ўрнига, ҳатто билган ва ўзлаштирган амалиётини ҳам унута бошладилар. Натижада шифокорлик бурчига лоқайдлик аста-секинлик билан онгига ўрнашиб бораверди. Бунинг устига оқ халатли шифокорларни шифо масканларида эмас, балки ўз касбига оид бўлмаган майдонларда кўриш оддий ҳолга айланиб қолди. Аслида эса шифокорларнинг билим савиясини ошириш, касб маҳоратини такомиллаштириш, тиббий даволаш янгиликларидан бохабар бўлишга шароит яратиш, илм ва тажрибаларини амалиётга жорий қилиш борасида тўғри ва самарали рақобат бўлсагина, табобатнинг барча соҳаларида илгариланма ҳаракат вужудга келади. Умуман ҳар бир соҳа эгаси интилувчан, фаол ва билимдон бўлмоғи зарур. Бугунги сиёсатимиз мазмун-моҳиятида ҳам шу нарса акс этади.

Давлатимиз раҳбарининг яна бир сўзини эслайлик. “Ҳар бир давлат хизматчиси ўзининг бурчи ва мажбуриятини аниқ-равшан билиши, содда қилиб айтганда ўз аравасини ўзи тортиши лозим”. Шу ўринда анча йиллар илгариги бир воқеани айтай. Шифокор не-не ниятларда иш жойига келгач, оҳори тўкилмаган халат билан бошқа юмушга юборилди. У ерда дарахт танасини оқлаётганда одми кийинган йигит шифокор олдига келиб: “Менга ўқи, одам бўласан, дердингиз, ўқимадим, лекин сиз мен ўтқазган дарахтни оқлаяпсиз-ку! Ҳорманг энди!” деганини ҳеч унута олмайман. Ҳархолда эндиликда фидойилар қаторида бўлаётган шифокор шахсига нисбатан ҳурмат кўрсатилиб обрў-эътибори қайта тикланаётгани бор гап.

Шифокорларнинг ижтимоий бойлик яратишда иштироки йўқ, деган тушунчага бутунлай ва қатъий барҳам бериш керак. Америка иқтисодчиларининг ҳисоб-китобларига қараганда баракали меҳнат қилувчи ҳар бир шахс ўз меҳнат фаолияти давомида 750 мингдан 1,5 миллион долларгача фойда келтириши мумкин экан. Демак, шифокор ҳар бир беморни ногиронликка чиқишдан сақлаб қолганда ёки соғлом ҳаётга қайтарганида, уни жамиятга катта фойда келтирди, дейиш мумкин.

Ушбу йилда шифокорларнинг аксарият қисми энди эскича фикрлаш ва ҳаракат қилиш врачлик бурчига мутлақо тўғри келмаслигини очиқ-ойдин тушунганлиги туфайли тиббиёт соҳасининг барча тармоқларида жонланиш рўй бериб, кўтаринкилик кайфияти ҳукм сурмоқда. Хатолардан сабоқ чиқариш жуда муҳим. Демак, тиббиётда бўлаётган ижобий ўзгаришлар тез вақтлар ичида ўз самарасини албатта кўрсатади.

Шифокор китоб ўқияптими?

Китоб офтоб мисол қалблар ичини ёритади. Улуғлар ёзиб қолдирган китобларнинг мана неча асрлар ўтса ҳамки, қадри пасаймасдан тобора ортаяпти. Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Замахшарий, Мотуридий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбандий, Алишер Навоий, Бобур, Огаҳий, Машраб, Маҳтумқули ва бошқа алломаларимиз китоблар орқали қалбимизга олиб кирган нур ҳамон кўзимизни қамаштирмоқда!

Саъди Сирожиддинов, Қори Ниёзий, Наби Мажидов каби алломалар, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Абдулла Қаҳҳор каби шоир ва ёзувчиларимиз-чи? Уларнинг ижодини биздан кейин ҳам неча-нечалаб авлодлар ўрганиб, ҳикматларидан баҳраманд бўлишади.

Китобхонлик тарғиботининг ташаббускори муҳтарам Президентимизнинг бу соҳага катта эътибор қаратганлиги китоб варақлашни унутаёзган кўплаб кишиларни ҳушёр торттирди. Аслида китоб ҳар қандай билимнинг пойдевори. Ундаги билимлар чуқур эгаллангани сайин пойдевор ҳам тобора мустаҳкамланиб бораверади. Ҳар қандай муайян жамиятда юқори савияли китобхон ва китобсеварлар сони қанчалик кўпайса, шу маконда маданият ва маърифат даражаси ўшанчалик юқори бўлади. Ахир китоб пухта билимнинг асл манбаи эканлигини яна бир бор тасдиқлашга ҳожат бормикан?

Ўзини ҳурмат қилган, ўз касбини севган ҳамда билими, маҳорати ошгани сари касалликларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва муваффақиятли даволашдан халқ меҳрини қозонишни истаган шифокор хар куни атиги битта илмий мақола ўқишни канда қилмай, билим савиясини тобора чуқурлаштириб бориши шарт. Оппоқ халат кийгани билан чинаккам зиёли бўлмаса у ҳеч қачон ҳурматли шифокор бўлиб қолмайди. Шифокор ҳар бир беморни кўнгил кўзи билан кўриб, чуқур мушоҳада қилган тақдирдагина халқ меҳрини қозонади. Бу эса фақат бадиий, илмий, фалсафий, ижтимоий мазмундаги китобларни ҳижжалаб мутолаа қилиш, уларнинг мағзини чақиш орқали юзага келади.

Шу ўринда айтиш жоиз, олий таълим даргоҳида олинган билим (у қанчалик мустаҳкам бўлмасин) билан чекланиб қолган шифокор кейинчалик бемор қалбидан ҳеч қачон чуқур жой ололмайди. “Ишлаб турган кетмон ярақлайди” деганларидек, шифокор ўз билимини қўшимча адабиётлар ҳисобига чуқурлаштириб борсагина ишда омади келади, янгиликларни тез ўзлаштиради. Китобнинг қадр-қиммати бениҳоя чексиздир. Буни унутмаслик керак.

Овқатланиш маданияти: ҳар куни тўрт дона ёнғоқ енг!

Табиий маҳсулотлардан тайёрланган ҳазми енгил таомлар ёки ҳўл мева ва сабзавотлар жуда фойдали. Нима учун, дерсиз? Чунки ҳозирги пайтда тобора замонавий тус олаётган айрим егуликлар, шунингдек газли шарбатлар ва ичимликларга сунъий бўёқлар, уларни айниш ва бузилишдан сақлайдиган консервантлар қўшилмоқдаки, уларнинг таъсиридан организмда ҳужайралар мутацияси рўй бермаслигига ишониб бўлмайди.

Оқсил, углеводлар, ёғлар, витаминлар, микроэлементлар ва организмга бошқа зарурий моддалар билан ички аъзолар муқобил тарзда таъминланган тақдирдагина барча аъзолар ўзининг бажарадиган вазифасини олий мақомда уддалайди. Айниқса ёшлар учун мия ҳамда юрак фаолиятини меъёрий даражада тутиб турадиган, жисмоний қувватни оширадиган овқат маҳсулотлари жуда зарур.

Она заминимизда пишиб етилган ҳар-ҳил мевалар ва гиёҳларнинг шакл-шамойилига назар ташланг. Масалан, ўрикнинг шакли ҳудди юракка ўхшайди. Ўрикнинг таркибида юракнинг қувватини оширадиган, қоринча ҳамда бўлмачаларнинг меъёрий қисқариш ва бўшашиш жараёнларини таъминлашда иштирок этувчи моддалар юқори кўрсаткичда. Демак, ўрикнинг ўзини, туршагини ейиш ёки туршагининг ивитма сувини мунтазам ичиш юрак қувватининг турғунлигини сақлаб туради ва ҳеч қачон унинг бесаранжом уриши ёки санчиб оғриши кабилар рўй бермайди.

Инсон умрини узайтириш жиҳатидан қора кишмишнинг олдига тушадиган бошқа мева тури йўқ эканлиги аниқланган. Унинг қуритилган майизи ҳам шундай хусусиятга эга. Бундан ташқари, ёнғоқнинг мағзини олинг, у шаклан худди миянинг тузилишига ўхшайди. Ёнғоқнинг юмшоқ ва қаттиқ пўсти, ички тарафидаги майин ва юмшоқ парда, кейин унинг икки палласи – айнан мияга ўхшаш. Ибн Сино соғлом бўлиш учун ҳар куни тўрт дона ёнғоқ ейишни тавсия қилган. Агар шунга амал қилинса, организмда йод етишмовчилиги бўлмайди. Йод етишмовчилиги эса ақл заифлигига олиб келиши исботланган.

Саримсоқпиёзнинг шаклига ҳеч эътибор қилганмисиз? Айнан буйрак усти безининг шаклига ўхшайди. Аслида буйрак усти безидан организмнинг ташқи муҳит инжиқликларига қаршилик кўрсатадиган, яъни иммунитетини мустаҳкамлайдиган, қон босимининг меъёрий турғунлигини таъминлайдиган жуда фаол моддалар синтез қилиниб, қонга ажратиб чиқарилади. Маълумки, иккала буйрак усти бези олиб ташланганда инсон ҳаёт кечира олмайди. Саримсоқпиёз худди шу безларнинг фаолиятини яхшилайди, фаоллаштиради, уларга ёрдамчи куч бўлиб хизмат қилади. Мана шу хислати туфайли бу неъмат ҳар хил инфекцияларни, айниқса, вирусли касалликларни (маълумки, вирусларга антибиотиклар таъсир қилмайди) бартараф қилишда, организмнинг иммунитетини оширишда тавсия этилади.

Шакар меъёридан ортиқ истеъмол қилинса ёмон, чунки бу ширинлик меъда ости безида жойлашган ва қондаги углеводлар миқдорини турғун ҳолда сақлаб туришга хизмат қилувчи Лангерганс оролчаларидаги ҳужайраларни зўриқтиради, ҳолдан тойдиради. Оқибатда бу ҳужайралар ўз вазифасини, яъни қондаги углеводлар миқдорининг ўзгаришига биноан инсулин сингари фаол моддани ишлаб чиқаришдек муҳим вазифани уддалай олмай қоладилар. Агар шакар ўрнига лавлаги пишириб ейилса, организмнинг углеводларга бўлган талаби тўлиқ қондирилади, Лангерганс оролчалари ҳам мутлақо зўриқмайди.

Қатиқнинг зардоби олиб ташланганда ҳосил бўлган сузмада нордон бактериялар кўпаяди. Улар эса йўғон ичакнинг меъёрий, яъни витаминлар синтезини, айниқса витамин В12 амалга оширадиган нордон бактериялар мутаносиблигини сақлашда муҳим рол ўйнайди. Демак, бу ҳолда организмда витаминларнинг меъёрий баланси, муносабати сақланади. Бу эса инсон умри узайишининг гаровидир.

Кондитер маҳсулотлар ўрнига табиий неъматлар (масалан, жийда, майиз, ўрик, анжир қоқи, тут майизи, ёнғоқ, писта, бодом, қатиқ, асал, нўхат, ловия, мош, зиғир ёғи, кунжут ёғи ва бошқалар)ни истеъмол қилиш организм учун беҳад фойдали. Она заминда етиштирилган бундай табиий маҳсулотларни кундалик таомномага киритиш, савдо пештахталаридаги сунъий (қадоқланган) егуликларни эса чеклаш лозим. Шундагина овқатланиш маданиятини қарор топтирган бўламиз. Бу эса соғлом ҳаёт кечириш ва узоқ яшашнинг негизидир.

(Давоми бор.)

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan