prokrastinatsiya

Прокрастинация

“Бугунги ишни эртага қолдирма” дейилган қадимий ўгитларда. Ҳозирги шиддаткор замонда кўпчилигимиз муҳим ишларни ортга суриб, “эртага қиламан”, “душанбадан бошлайман” деган баҳоналар билан ўзимизни алдаб, майда-чуйда нарсаларга ўралашиб қолишимиз натижасида “аттанг” дея бармоқ тишлаган вақтларимиз бўлиб туради. Гарчи бу муаммо илгариги даврларда ҳам кузатилган бўлсада, фақатгина ҳозирга келиб у кенг тарқалган ҳодисага айланди. Шу сабабли, 1977 йилда психология фанига янги атама киритилди ва эндиликда муҳим ишларни кейинга қолдириш одати “прокрастинация” деб номланади.

Бир қатор муаммолар қатори прокрастинация ҳам мутахассислар томонидан XXI аср муаммоси деб тан олинган. У биргина одамнинг муаммосидек кўринсада, умумий ҳисобда прокрастинация туфайли ҳар йили жуда катта миқдордаги вақт беҳуда кетади, мамлакатлар иқтисодиёти ҳам бундан анча-мунча зарар кўради.

Хўш, бу зарарли одатнинг сабаблари нимада ва ундан қандай халос бўлиш мумкин?

Сиз ҳам хато қилишга ҳақлисиз

Феълингизда ўз кучингизга ишонмаслик каби қусур борми? У ҳолда сиз қай бир муҳим ишни бошламанг, “Охири қандай бўларкин?”, “ Ҳаракатларим натижа берармикин?” каби шубҳа-гумонлар таъсирида “Бу ишни кейинроқ қиларман, ҳозир бунга тайёр эмасман” деган қисқа хулосага келасиз ва оқибатда ўн йил ўтиб ҳам шу кайфиятда юрасиз. Чунки хато қилмасликнинг энг яхши йўли бу ҳеч нарса қилмасликдир.

Сизга маслаҳат шуки, хато қилиб қўйишдан қўрқманг. Чунки бехато яшашнинг иложи йўқ.

Унутмангки, сиз бошлаган ҳар қандай иш омадсизлик билан тугайвермайди. Ахир, “кўз – қўрқоқ, қўл – ботир” деб бежизга айтилмаган.

Муҳим ишларингизни амалга ошира бошлаганингиздан сўнг ич-ичингиздаги ишончсизлик, хавотир ҳисси хотиржамлик билан ўрин алмашади.

Ўйлаб кўринг, ўтмишингизда муваффақиятсизликлар кўп бўлгандир, аммо бу келажакда албатта қайталанади деб умидсизликка тушиш нотўғри. Чунки шундай ўйлаш оқибатида сиз ҳаёт оқими қаёққа олиб борса ўша йўналишда сузиб бораверасиз.

Жиддий ўзгаришларни амалга ошириш учун оқимга қарши сузиш лозим.

Илгариги муваффақиятсизликларингизни таҳлил қилиб кўринг, йўл қўйган хатоларингизни такрорламасликка ҳаракат қилинг.

Сиз амалга оширмоқчи бўлган ишни бошқалар уддалаётганини сезиб турибсиз. Демак, сиз бунга қодирсиз.

Идеал натижага эришиб бўлмайди

Баъзи одамлар перфекционист, яъни ҳар ишни тўла-тўкис бажаришга ҳаракат қиладиган бўлишади. Лекин кўпинча идеал натижага эришиш йўлидаги уринишлари чоғида озми-кўпми нуқсонларга йўл қўяди. Натижада бошлаган ишидан кўнгли тўлмай, маълум бир нуқтага етганда ишини ниҳояламасдан ташлаб қўйиши мумкин. Бундай ҳаёт тарзи давомида одамда “оқ-қора фикрлаш” дунёқараши шаклланади. Бу эса муҳим ишларга қўл уришдаги иштиёқни сусайтириб юборади.

“Энг яхши натижага эриша олмасам, бу ишга қўл уриб нима қилдим” деган ўй-хаёллар уни бир жойда тўхтатиб тураверади.

Ҳар бир киши ҳаётга таҳлилий кўз билан қараб, идеал натижага эришиш иложи йўқлигини, ҳатто кам-кўсти бўлсада бирор муҳим ишни бажариш, уни умуман ортга суриб қўйгандан яхшироқ эканлигини тушуниши лозим.

Аввал энг муҳимини бажаринг

Баъзилар ўз олдиларига аниқ ва пухта мақсад ҳамда вазифа қўя олмайдилар. Биринчи даражали ишни иккинчи даражалисидан ажрата олмайдилар. Натижада дуч келган ишни қилиб юраверади.

Муҳим ва зарур ишни бажариш вақти яқинлашиб қолганда бошлаб қўйган бошқа ишларини ярим йўлда ташлаб, шошиб-пишиб янги юмуш этагидан тутадиган одамларнинг барча ишлари ўлда-жўлда, ҳаётларида ҳеч бир тартиб бўлмайди.

Сизда шу каби муаммо бўлса, ён дафтар тутиб унга яқин вақт ичида бажаришингиз лозим бўлган ишлар рўйхатини ёзиб боринг. Улар орасидан энг шошилинч ва муҳимини танлаб олиб, амалга оширишга киришинг.

Қай бир ишга қўл урманг, аввало “Мен бу ишни ҳозир бажаришим шартми?”, “Бажарилиши керак бўлган бундан ҳам муҳим ишларим борми?” деган саволларни ўзингизга бериб кўринг. Биринчи саволга қатъий “ҳа”, иккинчисига эса “йўқ” деб жавоб бера олсангизгина ишга киришинг.

Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ

Инсон психологияси шундайки, у яхши ва қулай нарсаларга жуда тез ўрганади. Натижада яхши шарт-шароит ва ҳолат оддий нарсага айланади. Аксинча одамни ҳамма вақт эмас, балки ора-орада мукофотлаб турилгандагина у берилган мукофотнинг қадрига етади.

Сиз ходим бўлсангиз, ўзингиз бажараётган ишни ва унга тўланаётган ойлик маошини бошқа ташкилотлардаги ҳамкасбларингизники билан солиштириб кўринг. Сиз улардан кўпроқ олаётган экансизми? Унда ҳаракатингизни қилинг: яхшироқ ишланг, вазифаларингизга виждонан ёндошинг, тинмай малакангизни оширинг.

Меҳнат жадвалингиз 9 дан 6 гача бўлса, билингки сиз иш жойингизга соат 9 бўлмасдан келиб, соат 6 дан ошгандан сўнг кетишингиз лозим. Шундай қилмасангиз, вақти келиб ойлигингизни пасайтиришади ёки умуман ишдан бўшатиб юборишлари ҳам мумкин.

Бизни қўрқув бошқаради

Сиз ташкилот ёки меҳнат жамоаси раҳбари бўлсангиз, қўл остингиздаги ҳар бир ходимнинг ишини назорат қилинг. Чунки меҳнат жамоасидаги прокрастинация одати юқумли бўлади. Масалан бемалолхўжа ходим улар билан бир хил ойлик маош олаётган илғор ходимларда яхши ишлашга бўлган иштиёқ сўнади, “меҳнатимизнинг қадри йўқ экан” деган фикрга келадилар.

Унутманг, дунёда катта муваффақиятга эришган барча йирик компаниялар, ташкилотларда лавозимидан қатъий назар ҳамма ходимлар “Яхши ишлаётганмикинман? Мени мукофотдан маҳрум қилишмасмикан?” деган енгил қўрқув ва стресс ҳолатида юришади. Айнан шу нарса уларни соғлом рақобатга, ижодкорлик, меҳнатсеварликка ундайди.

Аксинча ходимлари бамайлихотир, беписанд, хотиржам кайфиятда юрадиган компаниялар ҳеч вақт ишдаги юқори натижалар билан фахрлана олишмайди.

Ўзингиз билан гаплашиб кўринг

Прокрастинацияни келтириб чиқараётган сабаб қандай бўлмасин, бу одати бор одамларнинг барчасида импульсив феъл-атвор кузатилади. Яъни, муҳим иш кутиб турган бўлсада, одам ўзи учун ёқимли бўлган, куч ва меҳнат талаб қилмайдиган нарсаларга чалғийверади. Масалан, телевизор кўради, интернет тармоғига киради, мусиқа тинглайди, бирор нарса ўқийди, кўчада сайр қилади. Асосийси, ўзини қийнамаса бўлди.

Ўзингиздаги импулсив феъл-атворни енгиш учун ўзингиз билан гаплашишга ўрганинг. Бунда овоз чиқариб гаплашиш шарт эмас. Ўзингизга саволлар бериб, жавоблар қайтаринг. Бажарган ишларингиз ҳақида ўзингизга ҳисобот беришга одатланинг. Бу нарса ўзингизнинг олдингиздаги масъулиятингизни сал бўлсада оширади.

Бирор муҳим ишни бажаришингиз керак бўлсаю, аммо охирига етказмасдан ташлаб қўйишингиз мумкинлигидан қўрқсангиз, дўстларингиз, яқинларингизга ўз режаларингиз ҳақида гапириб беринг. Вақти келиб режангиздаги ишни амалга оширолмай қолсангиз, уларнинг олдида уялиб қолишингиз мумкин.

Уялиб қолишдан қўрқиш ҳисси сизни ўзингизни қўлга олишга ундайди.

Комил РАХМАНКУЛОВ тайёрлади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan