qandli-diabetda-parhez

Қандли диабетда парҳез

Қандли диабет касаллигини даволашда энг муҳим тавсиялар тўғри овқатланиш билан боғлиқ бўлгани учун ҳар бир бемор қуйидаги маълумотларни билиши шарт.

Углеводлар миқдори муҳим аҳамиятга эга

Қандли диабет хасталигини даволашда парҳез алоҳида ўринни эгаллайди. Муолажа даври мураккаб жараён бўлиб, шифокор ҳар гал беморни қабул қилганда, унинг аҳволига қараб, касалликнинг кечиши ва асоратлари ҳақида аниқ хулоса чиқаргандан кейин махсус рацион ҳамда овқатланиш тартибини белгилаб беради.

Кўпчилик мутахассислар қанд, шакар, конфет, мураббо, асал, узум шарбати ва бошқа ширинликларни таомномадан олиб ташлаш керак деб ҳисоблайдилар. Чунки, қанд тез ҳазм бўлиб, қонда глюкоза миқдорини ошириб юборади.

Ширинликлар оз миқдорда истеъмол қилинишига яна бир сабаб шуки, уларнинг таркибидаги углевод тез парчаланиб, беморнинг очлик ҳиссини қониқтирмайди (натижада бемор кўп овқатланишга одатланиши ва семириб кетиши мумкин). Шунингдек, улар ёғларнинг тўлиқ парчаланишига ҳалақит беради, оқибатда танада ёғлар йиғилиб моддалар алмашинувини бузади, турли хавфли касалликлар пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Қанд ва шакар истеъмоли чекланиб, шакар ўрнини босувчи кимёвий моддалар қўлланилади (сорбит, ксилит, сахарин). Мутахассислар бу моддаларнинг ширин таъми психологик жиҳатдан ҳам беморларнинг хотиржамлиги ва ваҳимага тушмаслиги учун керак деб ҳисоблашади.

Крахмали кўп таомлар, хамирли овқатлар ҳам жуда оз миқдорда белгиланади, шунингдек, спиртли ичимликларнинг (масалан, ароқ ва коньякда қанд мутлақо бўлмаган тақдирда ҳам) таъқиқланашига сабаб, улар қандли диабет туфайли заифлашган беморнинг жигар, меъда ости бези ҳамда юрак-қон томирлари тизими фаолиятига салбий таъсир ўтказади ва хавфли ўзгаришларга сабаб бўлади. Бундай ўзгаришлар аста-секин беморнинг умумий аҳволини оғирлаштиради.

Овқатланиш тартибига риоя қилинг

Қандли диабет билан хасталанган беморлар кам-камдан, тез-тез овқатланиши мақсадга мувофиқдир. Бу ҳолатда углеводлар танага тўлиқ сингиб, инсулинга эхтиёж қолмайди ва қондаги қанд миқдори меъёрда сақланиб туради.

Қанд миқдорини камайтирадиган дорилар қабул қилганда беморлар дори воситасининг кучини (яъни неча соатгача таъсир қилиш вақтини) ҳисобга олишлари керак.

Унутманг, меъёрдан ортиқ углеводлар ҳам зарар. Агар бемор камҳаракат бўлса, қувват тўла-тўкис сарф бўлмай, моддалар алмашинуви бузилади. Ёғлар тўла парчаланмайди, семиришга ҳамда юрак-қон томир тизимида касалликлар пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Ҳаракат кўп бўлса-ю, сарф бўлган қувватнинг ўрнини тўлдириш учун углевод миқдори етарли даражада бўлмаса, бу гипогликемия (қонда глюкоза микдорининг пасайиб кетиши) ҳолатига олиб келиши мумкин. Шунинг учун парҳезда истеъмол қилинаётган углеводларнинг миқдорини шифокорларнинг йўриқномаси билан назорат қилиш муҳим аҳамиятга эга.

 

Инсулин қабул қилиш вақтида углеводларга бой таомлар, масалан, гречкали ва сулили бўтқа, қора нон ва кепакли нон маҳсулотлари, картошка кабиларни истеъмол қилиш мумкин. Лекин, инъекциядан олдин ёки кейинги овқатланиш вақтини аниқ белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Масалан, оддий инсулин инъекциясидан сўнг 30-40 дақиқа ўтиб қанд камайиши бошланади. Демак, бундай ҳолатда бемор инъекциядан кейин 30-40 дақиқадан кейин овқатланса бўлади. «Ўта қиска» оддий инсулинларнинг 10-15 дақиқадан кейин таъсири бошланади ва шунча вақт ўтгандан сўнг овқатланиш тавсия этилади.

Бемор кекса ёшли ва икки марталик яъни оддий ва узоқ давом этувчи инсулин қабул қиладиган бўлса, инъекциядан 30-40 дақиқадан сўнг ва 3,5-4 соатдан кейин овқатланиши лозим.

Ҳозирги пайтда қандли диабетни даволашда қисқа ва ўта қисқа инсулинлар узоқ вақт таъсир кўрсатадиган инсулин препаратлари билан биргаликда қўлланилади. Бемор қабул қилаётган инсулиннинг миқдори унинг овқатланишига ҳамда овқатдан олдин қондаги қанднинг миқдорига қараб белгиланади. Бундан ташқари инсулиннинг миқдори айнан танлаган овқатнинг «нон бирлиги»га боғлиқ. Нон бирлиги (НБ) тўғрисидаги тушунча шундан иборатки, бир бўлак нон 10-12 г углеводдан иборат бўлиб, нонуштага 2 НБ, тушликка 1,5 НБ, кечқурунга 1 НБ нисбатида инсулин ва ҳар бир таомга ўзгача «нон бирлиги» тавсия этилади. Масалан, нонуштада ярим стакан гречиха солинган бўтқа – 1 НБ, 1 бўлак нон – 1 НБ, икки бўлак ёғсиз колбаса ёки 2 та сосиска, 1 стакан чой ва сабзавотли салат – 2 НБ, яъни ҳаммаси 4 инсулин бирлигига тўғри келади. Мутахассислар томонидан «нон бирликлари» бўйича турли озиқ-овқат маҳсулотлари учун жадвал тузилган ва уни ҳар бир бемор ўрганиб чиқиб, қўллаши мумкин.

Мураккаб вазиятларда ва белгиланган вақтда албатта шифокор тавсия этган таомларни истеъмол қилишдан мақсад беморнинг очиқиб қолиши ва заиф организмнинг турли касалликларга чалинишининг олдини олишдан иборат.

Инсулин қабул қилиш даврида гипогликемик ҳолат вужудга келса, яъни қонда глюкоза миқдори жуда ҳам камайиб кетса (бунда беморнинг тинкаси қурийди, титроқ тутади, юрак уриши тезлашади, кўп терлайди, безовталанади, тили тутилиб чулдирайди, боши айланиб гандираклаб юради, оч қолиш ҳисси қийнайди), бундай ҳолатларда бемор ширин шарбат, ёки ширин аччиқ чой ичиши, конфет, печенье еб олиш тавсия этилади.

Қандли диабет билан касалланган беморларга парҳез албатта беморнинг ҳолати, вазни, меҳнат фаолияти ва ичаётган дорилари ҳисобга олинган холда тавсия этилади.

Истеъмол қилинадиган асосий таомлар

Тайёрланадиган таомлар албатта ўсимлик ёғида пиширилиши шарт. Маккажўхори, кунгабоқар, зайтун ёғи фойдали бўлиб, булар ёши катталарда атеросклероз ривожланишининг ҳам олдини олади. Сарёғни камроқ ейиш тавсия этилади (бир кунга 10-20 г етади). Парранда гўшти, мол гўшти ва балиқ фойдали. Лекин улар ёғсиз бўлгани яхши. Тухум ейиш мумкин, лекин ҳафтасига 3-4 тадан ошиб кетмаслиги керак.

Сут маҳсулотларидан иложи борича таркибида ёғсиз қатиқ, сут, творог тавсия этилади. Бир кунда 100 г творог ейиш мумкин. Сутли маҳсулотлар таркибида оқсил моддалар бор, улар парчаланганда аминокислоталар – метионин ажралади, бу модда жигарга фойдали, ёғларни парчалайди. Бундан ташқари творог моддалар аламашинувини фаоллаштиради ва ортиқча ёғларни чиқариб ташлашга, «яхши» холестеринларнинг сингишига ёрдам беради. Таркибида ёғи камроқ пишлоқ тавсия этилади.

Сабзавотлардан микроэлемент ва витаминлари кўпи, углеводлари кам (4-5 фоиз), шу боис қоринни тўқ тутади (аниқроғи, бемор қорни тўйгандек ҳис қилади). Карам, қовоқ, помидор, бодринг, редиска, шолғом, қоҳу (салат), исмалоқ, сарсабил (спаржа) фойдали. Сабзи – 7%, лавлаги – 8%, картошка – 20% углеводга эга, шунинг учун уларни беморнинг аҳволига қараб танлаш лозим.

Меваларда минерал тузлар ва витаминлар кўп бўлгани учун фойдали, беморларга олма, банан айниқса олхўри ейишни кўпроқ маслаҳат берилади. Лекин баъзи меваларда (узум, шафтоли, ўрик, анжир), айниқса қуруқ мевалар таркибида (майиз ва туршакда) углеводлар кўп бўлади, қонда қанд миқдорини ошириб юбориши мумкин, шунинг учун уларни фақат шифокор рухсати билан ейиш мумкин.

Қандли диабетга чалинган беморларга махсус нонлар тавсия этилади, уларга бироз кепак қўшилган бўлади, чунки кепакда углеводлар камроқ ва тана учун зарур бўлган микроэлементлар кўп. Қора нон секин ҳазм бўлади, шунингдек витаминларга бой.

Ўрик, узум ва шунга ўхшаш мевалардан тайёрланган шарбатлар тавсия этилмайди.

Беморда қон томир касалликларини асоратлари ривожланса, айниқса буйрак етишмовчилиги хуруж қилса, шифокор оқсилга бой маҳсулотлар ва тузни истеъмол қилишни чеклашни тайинлайдилар.

Жисмоний машқлар билан шуғулланадиган беморлар гипогликемик ҳолатнинг олдини олиш учун шуғулланишдан 1,5-2 соат олдин овқатланиб олишлари шарт. Шуни ҳам айтиш лозимки, жисмоний машқларни бу беморлардан аҳамияти жуда ҳам катта, шунинг учун кўпроқ ҳаракат қилишлари лозим. Умуман қандли диабетда, айниқса 2-турида парҳезнинг аҳамияти жуда катта, агар бемор шифокор тавсияларига риоя қилса, қон томири ва ўткир (кома) асоратларининг олдини олиши мумкин.

Кичик маслаҳатлар

Овқатланишни албатта сабзавотлардан бошланг, таомингизнинг ярмини сабзавотлар ташкил қилсин;

Кун давомига углеводларни тўғри тақсимланг, овқатланишлар орасида катта танаффуслар бўлмасин;

Мутахасисдан «Нон бирликлари»ни билиб олинг ва ҳар куни ҳисоблаб юринг.

Қонда қанд миқдорини тез-тез текширтириб туринг;

Овқатланганингизда секин ҳазм бўладиган углеводларга кўпрок эътибор беринг;

Тана вазни оғир бўлган беморлар ёғли овқатларни истъемол қилишни икки баробар камайтириши шарт;

Таомларда доим оқсил ва витаминларга бой маҳсулотлар бўлиши керак;

Ош тузни иложи борича камроқ истеъмол қилинг.

Барно ШОҒАЗАТОВА,
эндокринолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan