Гематология

Қон хасталиклари: замонавий муолажалар, ижобий самаралар

Танадаги барча ҳужайра ва тўқималарни бир-бири билан узвий боғлаб турувчи қон аслида организмнинг меъёрий фаолияти учун зарур ҳисобланадиган ички муҳит (гомеостаз) ни сақлаб туришда ҳам муҳим роль ўйнайди. Қон – тўқималарга зарур озиқ моддаларни етказиб беради, организмни микроб ҳамда вируслардан ҳимоялайди, тана ҳароратининг бир маромда бўлишини таъминлайди. Бундан кўринадики, қон хасталиклари, масалан, оғир даражадаги камқонлик, қон саратони (лейкоз), қон ивиш тизими ишининг бузилиши (гемофилия) каби касалликларни тез ва асоратсиз даволаш кишилар саломатлигини сақлаб қолиш имконини беради.

Интенсив даволаш ва мақсадлар муштараклиги

Институтимизда замонавий молекуляр – биологик текшириш усуллари амалиётга интенсив суратда жорий қилинмоқда. Протоонкогенлар, ген-супрессорлар, апоптоз ўзгаришлари, шунингдек ҳужайраларнинг цитогенетик текширишлари бўйича ҳам анчагина илмий-амалий изланишлар қилинди. Гематология соҳасида эришилган ютуқлар туфайли лейкоз ва қон яратиш тизимидаги кўплаб касалликларни ўрганишда янги йўналишлар белгилаб олинди. Муолажалар сифати ва самарадорлиги ортди.

Интенсив поликимётерапия даво усули амалиётга жорий этилди, янги патогенетик даво препаратлари пайдо бўлди. Натижада турлича ва ҳар хил даражадаги лейкоз (қон саратони) хасталигини даволаш бўйича йил сайин яхши кўрсаткичларга эришилмоқда. Ҳозирги кунда бу борада ремиссиялар (хасталикнинг тинч даври) давомийлиги ҳамда беморларнинг буткул соғайишлари билан боғлиқ кўрсаткичлар ҳам тобора юқорилаб бормоқда.

Сўнгги йиллар ичида институт ҳудудида катталар ва болалар учун 80 ўринга мўлжалланган замонавий онкогематология биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Марказий Осиёда илк бор молекуляр тиббиёт ва ҳужайра технологияси бўлими ташкил этилиб, етакчи чет эл компанияларининг сертификатланган асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Энг асосийси, гемобластозларни юқори технологиялар асосида даволаш клиник амалиётга киритилиши (яъни молекуляр таргет терапия ва ўз ўзак ҳужайралари билан беморларни даволаш) ҳужайра терапияси ўтказиш имконини бермоқда.

Юқори технологияларга таяниб

Халқаро GIPAP дастури бўйича сурункали миелоид лейкемияга чалинган 950 беморга “Новартис Фарма” (Швейцария) фирмасининг “Гливек” ва “Тасигна” препарати ёрдамида юқори технологияли таргет терапияси қўлланилди ва бу ижобий самаралар берди. Илгарилари бундай зарур препаратларни олиш учун беморлар GIPAP жамғармасининг талабига биноан) йилига 2-3 марта чет элдаги марказларда текширувдан ўтишлари керак бўларди. Бугунги кунда эса институт лабораториясида худди шу каби текширувлар имтиёзли тарзда ўтказилмоқда.

Миелом касаллиги билан оғриган 200 нафардан ортиқ беморларда юқори самарали кимётерапия ўтказилди, бу эса 21 нафар (20 нафари миеломга ва 1 нафари лимфомага чалинган) беморларни ўз ўзак ҳужайралари билан самарали даволаш имконини берди. Демак, гематолог олимларимиз томонидан қон касалликларини аниқлашда илғор усуллар ўзлаштирилиб, даволаш жаҳон андозаларига тенглаштириляпти, дейишимиз мумкин.

Кейинги йилларда оғир қон хасталиги ҳисобланган гемофилиянинг наслий сабабларга боғлиқ бўлмаган тарзда юзага чиқиши илк маротаба ўрганилди. Шунингдек, генетик тромбофилия (тромбоз хасталиги ва асоратига наслий мойиллик) нинг янги турини биринчи маротаба исботлашга эришилди. Текширувлардан сўнг айрим қон касалликларининг айнан бизнинг популяцияга хос генлари аниқланди ва бу янгиликларга дунё олимлари томонидан қизиқиш уйғонди. Ишлаб чиқарилган ген полиморфизмларини ўрганиш асосида баъзи аутоиммун хасталиклар, масалан, аллергик ринит, атопик дерматит кабилар ташхислашнинг самарали усуллари татбиқ этилмоқда.

Гемофилияни даволашнинг ягона дастури

Охирги йилларда гемофилияга чалинган беморларга ташхис қўйиш, уларни даволаш бўйича катта ютуқларга эришилди. Россия Гематология илмий маркази билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатганмиз. Ново-Нордиск Гемофилия фонди билан биргаликда учта лойиҳа бажарилишига эришилди. Бу лойиҳалар бўйича эпидемиологик текширишлар ўтказилиб, республика миқёсида 1620 нафар бемор назоратга олинди ва биринчи марта гемофилия беморлари миллий регистри тузилди.

Зардобдаги VIII ва IX омиллар миқдорини янги олинган коагулометр аппарати билан аниқлаш орқали беморларни ўз вақтида даволаш муолажалари ўтказилиб, кўзланган натижалар олинмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказлар лабораторияси Япониянинг «Sysmex» компанияси коагулометрлари ва реагентлари билан таъминланди. Врач-лаборантлар шу аппаратлар ёрдамида таҳлил қилишни ўргандилар. Илмий ходимлар томонидан Ўзбекистонда гемофилияга чалинган беморларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг ягона дастури ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди.

Суяк тўқимасининг минерал зичлигини патологик синишларда ўрганиш ва таянч-ҳаракат аъзолари ишини тиклашда жарроҳлик усулларисиз даволаш муолажалари қўлланиляпти. Гемофилия беморларининг таянч аъзоларидаги асоратларини физиотерапевтик муолажа билан даволаш ҳам кенг йўлга қўйилган.

Электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш мақсадида “Uzmedinfo” маркази мутахассислари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари қон қуйиш станцияларида автоматлаштирилган ахборот тизимини йўлга қўйишнинг аҳамияти тўғрисида “Маҳорат дарслари” ўтказилмоқда.

Мутахассис кадрлар малакасини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Москва илмий гематология маркази, Д. Рогачев номли болалар гематология, онкология ва иммунология илмий маркази, Санкт-Петербургдаги В. А. Алмазов номли юрак, қон ва эндокринология маркази, Туркиянинг Баяндир клиникаси билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари давомида ходимларни қайта тайёрлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва ёш мутахассислар малакасини оширишга эришилмоқда. Бу эса қон хасталикларини даволашда илғор тажрибаларга таянган ҳолда иш кўриб, юқори кўрсаткичларга эришишимизда ниҳоятда катта аҳамиятга эга.

Аълонур САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтининг
директори, тиббиёт фанлари доктори.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan