Розмарин

Розмарин

Эфир мойларини ўзида мужассам этган доривор ўсимликларнинг 300 хилга яқини дунёнинг турли минтақаларида ўсиши кузатилган. Маълумки, эфир мойлари ўсимликнингилдизида, поя – баргларида, гул – уруғ ва меваларида турли миқдорда тўпланади. Эфир мойлари учувчан хусусиятга эга бўлиб ўзига хос ёқимли, ёқимсиз хатто бадбўй ҳид чиқаради. Бундай мойлар оғриқ қолдириши, аъзоларини қиздириши ва шу билан бирга қон босимини пасайтириши мумкин. Аслида эфир мойии лабгулдошлар, атиргулдошлар, соябонгулдошлар, лоладошлар ва рутадошлар, чойдошлар оилаларига мансуб ўсимликларда кўпроқ учрайди.

Розмарин (Rosmarinus officinalis L.) ҳам эфир мойига бой ўсимлик, у лабгулдошлар (ясноткагулдошлар) оиласига мансуб бўлиб, бўйи 2 метргача боради. Ватани Ўрта ер денгизи атрофидаги давлатлардир. Европа ва Африка давлатларида қадимдан экиб ўстирилади. Ўсимликни маданийлаштирилганига 2 минг йилдан ортиқроқ бўлиб, ҳозирда Испания, Франция, Жазоир, Тунис, Югославия ва Ҳиндистонда асосий эфир – мойли ўсимлик сифатида катта майдонларда экиб ўстириб фойдаланилмоқда. Ўсимлик Россияга 1816 – йилда Қримдаги Никитин ботаника боғига келтириб экилганлиги маълум. Эндиликда бу ўсимликни Ўзбекистонда ҳам экиб ўстириш ва ундан фойдаланиш мумкинлиги аниқланди.

Розмарин суғориладиган бўз тупроқли ерларда иссиқ ва совуққа мослашувчан бута ўсимлик. Барглари чўзиқ, тўмтоқ учли баргнинг остки қисми дағал тукчалар билан қопланган. Баргларнинг бўйи 3 – 3,5 см, қалинлиги 1,5 – 2 мм бўлиб, 5 – 6 тадан тўп – тўп бўлиб жойлашган. Гуллари қисқа гулбандига эга бўлиб, гултожибарглари кўк – бинафша рангли, пояда 5 – 8 та гули шингилча, тўп – тўп бўлиб жойлашган. Меваси ёнғоқча шаклида.

Эфир мойлари розмарин ўсимлигининг ҳамма қисмларида (айниқса ёш поя ва гулларида унинг миқдори 1,2% гача) сақланади. Эфир мойи ўз таркибида 50% пинен, камфен, цинеол, барнеол ва камфора сақланганлиги сабабли улардан парфюмериа саноатида, доривор ва инсектация препаратлари тайёрлашда фойдаланилади.

Ўсимликнинг ер устки барглари ва ёш пояларидан тайёрланган дамлама ва спиртдаги эритмалари (настойкаси) бош оғриғи, ошқозон – ичак касалликлари, шамоллашда, аёлларда учрайдиган айрим хасталикларни даволашда ижобий наф беради. Шу билан бирга организмни тетиклаштириб, қувват бағишлаш хусусиятига ҳам эга.

Баргларида ўзига хос хид ва таъм берганлиги сабабли розмарин гўштли маҳсулотларни пиширишда ва уларни узоқ вақт сақлашда зиравор сифатида ҳам қўлланилади. Кондитер маҳсулотларига қўшиб тайёрланганда ўзига хос таъм ва маза беради. Ўсимлик қиш мавсумида ҳам баргларини тўкмаслиги ва ўзига хос ҳид тарқатиб туришини ҳисобга олган холда у парк ва хиёбонлар, ховли ва дам олиш масканларида манзарали бута сифатида ўстирилади.

Абдуғаффор ЖАББОРОВ,
биология фанлари номзоди, доцент.
Тошкент фармацевтика институти.

1 sharh “Розмарин

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan