Рух

Рух — антиоксидант

Киши организмида рух (цинк) моддаси танқис бўлса аввало кўриш, ҳидлаш, таъм билиш, сезиш қобилиятлари издан чиқади. Бу эса ўз навбатида иштаҳа йўқолишига, овқат ҳазм қилишнинг бузилишига, шапкўрлик ва бошқа касалликларга олиб келиши мумкин. Тушкун кайфият, чарчоқ, ҳаётга бўлган қизиқишнинг сўниши рух етишмаслигининг асосий белгиларидир. Соч тўкилиши, тирноқларда оқ доғлар пайдо бўлиши, дерматит ва яраларнинг секин битиши, суякларнинг мўрт бўлиб, ревматизм ва артрит касалликлари келиб чиқиши ҳам рух етишмаслиги туфайлидир.

Ҳомиладорлик даврида рух етишмовчилиги 13-18 фоиз ҳолларда ҳомила ва чақалоқда гидроцефалия, танглай нуқсони, умуртқа эгрилиги, чурралар ҳосил бўлиши, юрак нуқсонлари ва бошқа ўзгаришларни келтириб чиқариши тажрибада аниқланган. Шунингдек, рух етишмаганда янги ҳужайралар ҳосил бўлиши кечикади, шикастланган ҳужайралар қайта тикланмайди. Ёши катта одамларда қариш тезлашади, болалар ва ўсмирлар организми яхши ривожланмайди, яралар секин битади.

Иммунитетимиз ҳолати шу минералга боғлиқ: шамоллаш ва гриппнинг дастлабки белгилари намоён бўлганда витамин С билан бирга рух тавсия этилади. Беморларга жарроҳлик операциясидан бир неча кун олдин ва то тузалиб кетгунча рух препаратлари буюрилади. Ўсмирларга таркибида рух кўп бўлган озиқ-овқатлар тавсия қилинади. Чунки бу микроэлемент бўй ўсиши ва вазн ошишини таъминловчи гормонлар ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Шу боис, бўйнинг жадал ўсиши ва жинсий балоғатга етиши даврида рух жуда муҳим. Фаол турмуш тарзини кечираётганлар учун эса рухнинг яна бир хусусияти муҳим: у антиоксидант сифатида таъсир қилади. Яъни мушак хужайраларини жисмоний зўриқиш вақтида ҳаддан ортиқ кислород сарф қилиш туфайли пайдо бўладиган радикаллар таъсиридан ҳимоя қилади.

Ноёб модда ҳисобланган рух (цинк) қонда доимий кислотали-ишқорли муҳитни сақлайди, тўқима регенерацияси учун масъ ул , инсулин ҳосил бўлишини ва мушаклар қисқаришини бошқаради, простата ва кўпайиш аъзолари фаолиятини меъёрлаштиради, эркаклик хусусиятини ва қоннинг яллиғланишга қарши хусусиятини оширади. Нега баъзи одамларда рух етишмайди? Маълум бўлишича, гап фақат озиқ-овқатлар таркибида рухнинг камлигида эмас экан. Муаммо шундаки, баъзи сабаблар туфайли рух организмда яхши сўрилмайди. Масалан, ширинлик ва шўр нарсаларга ўч кишилар бундай таомлар организмда рухнинг камайишига олиб келишини билиб қўйишлари лозим.

Эркакларда спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилиш, аёлларда ҳомиладорликдан сақлайдиган дориларни тартибсиз қабул қилиш кўпинча организмда рух етишмаслигини келтириб чиқариши мумкин. Жигар циррозида рух элементининг ёмон сўрилиши, сийдик билан кўп ажралиши ёки токсик(заҳарли) таъсирлар натижасида қонда рух миқдори камайишига сабаб бўлади. Рух танқислигини даволашда комплекс чора-тадбирлар қўлланади. Дастлаб асосий касаллик даволанади. Таркибида рух элементи кўп бўлган табиий мева-сабзавотлар, кўкатлар, зираворлар, дуккакли дон маҳсулотлари ҳамда улардан тайёрланган миллий таомларни истеъмол қилишга одатланиш керак. Узум ва тут шинниси, ўрик ва аччиқ бодом данаги, қора майиз, туршак, ёнғоқ, кепакли нон, сумалак, картошка, помидор, нўхат, сут ва гўшт маҳсулотлари ҳамда тухум сариғининг таркибида рух моддаси кўп.

Соҳибжамол АБДУЛЛАЕВА,
мутахассис, педагог.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan