Сўранг жавоб берамиз

Сўранг, жавоб берамиз

Саволларга тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод ДАУТОВ ва олий тоифали умумамалиёт шифокори Зулфия ҒИЁСОВАлар жавоб берадилар.

Бурун тўсиғининг қийшайиши соғлик учун хавфлими? У қандай даволанади?

Шаҳноза Раҳимова, Самарқанд шаҳри.

– Бурун тўсиғи қийшайишида беморни кўпинча бесабаб бош оғриқлари, эшитишнинг пасайиши, бурун орқали нафас олишнинг қийинлашуви, ҳид сезиш қобилиятининг сусайиши, тез-тез шамоллаш ҳолатлари безовта қилиши мумкин. Шундай вақтда бурун тўсиғи қийшиқлигини тўғрилаш жарроҳлиги (септопластика) ёрдам беради.

Операция шифохонанинг ЛОР бўлимларида, енгил наркоз остида бурун катаклари орқали амалга оширилади. Жарроҳлик 30 дақиқадан 1 соатгача давом этади. Юзда ҳеч қандай чандиқлар қолмайди. Беморнинг меҳнат лаёқати 1-2 ҳафтада тикланади.

Бемор операциядан сўнг 2 ойгача оғир жисмоний юмушларни бажармай туриши керак.


Менга эрозив гастрит ташхисини қўйишди. У қандай касаллик? Тузаладими?

Карим Раҳимов, Андижон шаҳри.

Эрозив гастрит меъда шиллиқ қавати юзасидаги эрозиялар (шилиниш, ёрилишлар) пайдо бўлиши билан кечади. Қорин ёки тўш остидаги доимий, ўртача оғриқлар, иштаҳа пасайиши, оғизда ёқимсиз таъм бўлиши, кекирганда аччиқ суюқлик чиқиши, овқатлангандан кейин жиғилдон қайнаши бу касалликка хос аломатлардир.

Доимий равишда тамаки чекиш ва мунтазам спиртли ичимликлар ичиш эрозив гастрит пайдо бўлишида асосий роль ўйнайди. Аслида бу касалликнинг ўғил болалар ўртасида кўп учраши сабаби ҳам шунда. Чунки спиртли ичимлик ёки тамаки тутуни таъсирида меъда шиллиқ қавати аввалига бирмунча қалинлашади, сўнг атрофияга учраб заифлашади.

Даво кечиктирилса, касаллик асорат беради, яъни эрозиялар ярага айланади ва улар тешилиб ичаклардан қон оқиши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун бемор муолажани тезроқ бошлаши лозим. Акс ҳолда шиллиқ қаватда яралар кўпая боради, улар тешилиб қонаган жойларда кейинчалик ўсмалар пайдо бўлиши мумкин.

Беморлар парҳезга қатъий амал қилишлари зарур. Кундалик овқатлар юмшоқ, майин, асосан бўтқа ва суюқ шўрвалардан иборат бўлгани маъқул. Қаттиқ қовурилган, шўр, аччиқ, нордон, дағал овқатлардан тийилиш лозим. Муолажалар қунт билан охирига етказилса, бемор батамом соғайиб кетади.


Қандай вазиятларда болани эмлаш мумкин эмас?

Лола Шукурова, Тошкент вилояти.

Тиббий кўрикдан ўтмаган болаларни эмлаш қатъиян тақиқланади. Агар бола касал бўлса, унга вақтинча тиббий чеклов берилади. Бу муддат тугагач, оилавий поликлиникаларда эмланади. Бола туғилганда 1800 граммдан кам бўлса ҳам эмланмайди ёки ҳаёти давомида ВИЧ инфекциясига чалинса, ота-онадан генетик орттирилган касалликлари бўлса ҳам, уларни даволаб, кейин эмлаш зарур.

Шунингдек, болада овқатга ёки тиббий дориларга аллергик таъсирчанлик бўлса, у оғир касаллик билан оғриса (дармонсизлик, умумий беҳоллик кузатилса), қон ёки қон зардоби қуйилган бўлса ёхуд иммун тизимида муаммолар кузатилса эмлаш кечиктирилади. Бола касалликка чалинса, шамоллаб, иситмаси кўтарилса ёки маълум бир дард билан оғриган бўлса, уни сезмасдан эмлаш амалга оширилса, реакция бериши мумкин. Бу ҳолатда бола безовталанади, йиғлаб, инжиқланади, иситмалаб, ичи кетади, иштаҳаси йўқолади. Бу пайтда оналар дарҳол шифокорга мурожаат этишлари керак. Бола шифокорлар томонидан рўйхатга олинади ва муаммо сабаби ўрганилади. Лекин бу ҳолат камдан-кам ҳолларда кузатилади.


Гематомалар қай даражада хавфли?

Абдуҳамид Рашидов, Тошкент шаҳри.

Мушаклар орасидаги катта ўлчамдаги гематомалар турли асоратларга олиб келиши мумкин. Айниқса бош мияда ва ички аъзоларда жойлашган гематомалар баъзида ҳаёт учун хавфлидир.

Бош мия гематомалари (субдурал, эпидурал ва айниқса, мия ичи гематомалари) мия тўқималари сиқилиши, сўрилиши ва мия тўқимасининг шишига олиб келади.

Ички аъзолар гематомалари қорин ва қорин орти бўшлиғига қон қуйилиши билан бирга кечади ва анча хавфли саналади. Артериал қон кетиши қон босими юқорилиги учун тезда катта миқдордаги қон йўқотиш оқибатида шок ҳолати келиб чиқиши мумкин. Веноз қон кетишлар эса секинроқ давом этади.

Гематома кичик ва каттароқ ёшдаги болаларда бир хилда кечади. Лекин кичик болаларда тикланиш ва реабилитация даври тезроқ кузатилади.

Ўткир кечаётган гематомалар атрофдаги тўқималарни сиқиб қўйиши, уларнинг фаолиятини бузиши мумкин. Сурункали даврда эса гематома чандиқлар қолдиради, оқибатда аъзоларнинг иши издан чиқиши мумкин.

Гематомаларга баъзида инфекция ҳам тушади. Лекин аксар ҳолларда гематомалар асоратсиз сўрилиб кетади.


Ухлаганда хуррак отаман. Нега шундай бўлади? Нима чора қўллай?

Мурод Салимов, Жиззах вилояти.

Хуррак отишга кўпинча бурун-ҳалқум тузилишидаги ўзига хос туғма хусусиятлар ёки сурункали яллиғланиш касалликлари (масалан тумов, гайморит, тонзиллит, шунингдек, бурун полиплари ва аденоидлар, буруннинг лат ейиши) сабаб бўлади. Бунда юмшоқ танглай яллиғланади ҳамда бирмунча қалин тортиб, бурун-ҳалқумга кириш йўли тораяди. Тана вазни ортиқ кишиларда бу ҳолат кўпроқ учрайди.

Уйқуда оғиз орқали нафас олинганда ҳаво бурун-ҳалқумга ўта туриб юмшоқ танглайни тебратади, натижада одам хуррак отади. Ўша пайтда ёнбошлаб ётилса, хуррак кўпинча тўхтайди. Ушбу безовталик кузатилмаслиги учун қуйидаги оддий тадбирларни синаб кўринг: кечқурун ётишдан олдин газламани болишча шаклида маҳкам қаватлаб буклаб, энсага узунасига қўйинг, устидан бошингизни дока билан қўшиб боғланг. Шундай қилсангиз, чалқанча ётолмайсиз, ёнбошлашга мажбур бўласиз. Агар бу усул ҳам ёрдам бермаса, шифокорга кўринишингиз лозим.


Ошқозоним оғриши невроз билан боғлиқ экан. Бунинг давоси борми?

Муборак Ғуломова, Чиноз тумани.

Асаб тизими фаолиятининг бузилиши ички аъзолар ишини ёмонлаштиради. Шу билан бир қаторда ошқозон-ичак тизими фаолияти ҳам издан чиқади. Шифокор маслаҳатига асосан игнатерапия ва физиомуолажалар қабул қилсангиз аҳволингиз бироз яхшиланади, аммо бу борада меъёрни унутмаслик керак.

Неврозни даволаш учун беморнинг аҳволидан келиб чиққан ҳолда зарур дори-дармонлар буюрилади. Ҳар бир инсон соғлом турмуш тарзига риоя этса, ўзи қизиққан машғулотлар билан шуғулланса, зарарли одатлардан воз кечиб стресслардан йироқ юрса асаб тизими тинчланади ва неврозни даволаш осон кечади. Шифокор тавсияларига кўра, қунт билан даволаниб, невроздан халос бўлсангиз, ошқозонда юзага келган муаммо ҳам аста-секин барҳам топади.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan