bolani-to'g'ri-parvarish

Тўғри парваришланса, соғлом ўсади

Тошкент шаҳридаги 44-оилавий поликлиника бош шифокори, Соғлиқни сақлаш аълочиси, олий тоифали педиатр, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Муқаддас Раҳматуллаева билан суҳбат:

 – Болани овқатлантиришда нималарга эътибор қаратилиши лозим?

– Биринчидан, оналар болани тўғри овқатлантиришлари керак. Иккинчидан, айниқса илиқ-иссиқ кунларда болага кўпроқ сув бериш лозим, бу терлаш туфайли организм йўқотган суюқлик ўрнини тўлдиради. Учинчидан эса ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олиш мақсадида шахсий гигена қоидаларига риоя этиш алоҳида ўрин эгаллайди. Чунки ўткир меъда-ичак инфекциялари билан касалланиш 5 ёшгача бўлган болалар орасида 65-70 фоизни ташкил қилади.

Касаллик кўпинча истеъмол қилинган сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқишини инобатга олиб иссиқ кунларда болаларнинг очиқ сув ҳавзаларида чўмилишларини назорат қилиш, айниқса меваларни қайнаган сувда ювиб бериш муҳим ҳисобланади.

Витаминга бой кўкатларни тўғраб, бола овқатига қўшиб едириш лозим. Умуман, витаминли егуликлар кундалик дастурхонда доимо бўлиши шарт. Оддийгина мисол. Бола организмида витамин С етишмаса, унинг ақлий ва жисмоний қобилияти пасайиб кетади, меъда-ичак фаолияти бузилади, бола тез-тез шамоллайдиган бўлиб қолади. Шундай экан, аскорбин кислотасига бой петрушка, карам, наъматак, лимон, помидор ва сабзи истеъмол қилишни йўлга қўйган маъқул.

Витаминларнинг В гуруҳи етишмаса, болада иштаҳа йўқолиши, асаб тизими фаолияти бузилиши, ланжлик, озиб кетиш каби белгилар кузатилади, шу сабабли болаларга гўшт, жигар, дуккакли донлар, сут маҳсулотлари, тухум ва турли сабазавотларни кўпроқ бериш тавсия этилади.

Витамин А танқислиги ёш болаларнинг кўриш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиб, моддалар алмашинувининг бир меъёрда бўлмаслигига олиб келади. Болаларга гўшт, балиқ, сут, тухум, сариёғ ва кўк нўхатли таомларни кўпроқ бериш лозим.

– Гўдакнинг “жажжи дорихона”сида нималар бўлиши зарур?

– Булар қуйидагилар:

Ацетоменофен (оғриқ қолдирувчи суюқ дори). Болалар учун у парацетамол билан бирга (иситма тушириш учун) дорихонадан олинади. Асосий номлари: Taylenol, Panadol;

Оқ оддий лейкопластр;

Спиртли пахта тампонлари;

Антибиотикли маз;

Дезинфекцияловчи суюқлик (аптекаларда турли хили мавжуд: Betadine, Hibiclens);

Стерил лейкопластр;

Пахтали чўплар;

Стерил бинт;

Водород пероксиди;

Муз солинган пакетчалар (доим музлатгичда турсин, бола лат еганда шикастланган жойга қўйиш учун тайёр бўлиб туради);

Ипекакуана сиропи (қустирадиган суюқлик бўлиб, бола тасодифан заҳарланганда врач билан маслаҳат қилган ҳолда қайт қилдириш учун қўлланилади);

Пипетка, ўлчов қошиқча (дори беришда ўлчаш учун);

Бурун тозалаш учун намокоб сув (дорихоналарда мавжуд – Sodium Hloride);

Учи ўткир бўлмаган кичик қайчи (тирноқ олиш учун);

Кичик пластрлар;

Термометр;

Пинцсет;

Глицерин свечалар (бола қорнида газ йиғилиб, ичи қотганда фойдаланилади);

Болаларни чўмилтириш учун гиёҳлар (масалан баданида иссиқлик тошмалари бўлганида иттиканак – череда билан чўмилтириш фойда беради.)

Регидрон (ич бузилишида қўлланилади).

– Бу кун кўпчилик оналар бола тинчлигини ўйлаб памперсдан фойдаланишади…

Болаларга уй шароитида памперс тақишда меъёрга амал қилиш шарт. Айниқса ўғил болаларга памперсни узоқ муддат тақиш келажакда ўз салбий асоратларини бериши (бепуштликка олиб келиши) мумкин.

Болалар қисқа муддатга, (яъни уни поликлиникага олиб чиққанда ёки меҳмонга борганда) ортиқча ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида памперсдан фойдаланиш мумкин. Айрим оналар кун давомида болаларни памперсда қолдиришади, бу мутлақо нотўғри.

Памперс танлаганда албатта унинг ҳаво ўтказувчанлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Узоқ муддат памперсда юрадиган болаларда ҳожатга чиқиш кўникмалари шаклланмай қолади, натижада бундай болалар мактабгача таълим муассасаларига борганда қийналишади.

Оналар ўз фарзандларини уй шароитида памперссиз парвариш қилишлари ҳамда уларда зарур кўникмалар шаклланишида ёрдам беришлари керак.

– Болани қандай кийинтирган маъқул?

– Йил фасллари алмашадиган пайтда болалар саломатлигига алоҳида эътибор талаб этилади, чунки иқлим, об-ҳаво саломатликка жиддий таъсир кўрсатади. Фаслга қараб овқатлантириш каби, фаслга мос қилиб кийинтириш алоҳида аҳамият касб этади.

Болаларга пахтали матодан тикилган, тана учун қулай (тор ёки жуда ҳам кенг бўлмаган) кийимлар кийдириш улар организми учун фойдали. Кийим бола танасига ҳаво ўтказадиган бўлса, у организмда моддалар алмашинуви меъёрида кечишига ёрдам беради.

Боланинг бошига оқ матодан тикилган соябонли қалпоқча кийдириш лозим (сабаби, у қуёш нурларининг тўғридан-тўғри бола юзига тушишидан сақлайди).

Чақалоққа витаминлар қачондан бошлаб берилади?

– Чақалоқни кўкрак сути билан боқиш унинг ҳар томонлама мукаммал ўсиши, соғлом бўлиши, турли юқумли касалликларни енгиб ўтишида ёрдам беради. Шу сабабли 6 ойликкача бўлган болаларга ҳеч қандай витаминлар, шарбатлар бериш тавсия этилмайди.

Кўкрак сутида чақалоқ организми учун зарур бўлган барча озуқалар, ҳатто витаминлар етарлича мавжуд.

Болага 6 ойликдан сўнг секин-аста сув, компот ва мева шарбатларидан оз-оз бериш мумкин, фақат кўкрак сутидан сўнг, кунига 1- 2 маротаба, 1 чой қошиқдан бошлаш тавсия қилинади.

Бола 1 ёшга етганда қўшимча овқат кунига 3 маротабага етказилиши мумкин, бунда картошкали ва сабзавотли пюрелар, қиймалагичдан ўтказилган гўшт, қатиқ, гуручли, манний бўтқалари бериш мумкин. Болага чой ичириш, овқатига туз сепиб бериш тавсия этилмайди. Хуллас, оналар гўдакларини тўғри парваришлашса, улар соғлом ва бақувват бўлиб ўсадилар.

Дилором МУРОТОВА суҳбатлашди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan