qurilish-materiallari

Уй ҳавосидаги «заҳар»

Янги хонадонга кўчиб ўтгач, яхши ухлолмай, чарчоқ билан уйғонадиган бир киши ўзидаги бу ҳолатдан ҳайрон бўлиб шифокорларга мурожаат этди. Аммо текширувлар натижаси унинг соппа-соғ эканлигини тасдиқлади. Шундан сўнг у бир танишининг таклифига кўра хонадон ҳавоси ва сувини лаборатория усулида текширтириб кўришга қарор қилди. Текширув хулосасига кўра, янги таъмирланган бу хоналардаги ҳаво таркибида формальдегид миқдори 3 мартага, фенол таркиби эса 2 мартага ошиб кетган экан. Демак, уй янгидан таъмир қилинганда ишлатилган сифатсиз пардоз материалларидан ҳавога тарқалаётган зарарли моддалар туфайли бу йигит ўзини ёмон ҳис қилаётганлиги маълум бўлди. Шундан сўнг шифокорлар шундай шароитдаги хонадонда яшаш, юрак, нафас ва асаб тизими касалликларини орттириб олишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтишди.

Мутахассислар таъкидлашича, уйда тарқалаётган кимёвий зарарлар фақат ДСП материалидан тайёрланган мебел туфайлигина эмас. Балки ҳозирги замонавий қурилишда ишлатиладиган елим, мастика, зичлаб ёпишда қўлланган герметика ва пардозлашда ишлатиладиган сифати паст материаллар бунга сабаб бўлмоқда. Улар ҳавога фенол, формальдегид, толуол, бензол, ксилол ва стирол каби заҳарли бирикмаларни тарқатади. Шунинг учун мабодо хоналарни кунига ҳеч бўлмаганда бир марта шамоллатиб турмасангиз уларнинг зарарли таъсири тобора ошиб кетаверади.

Салбий ўзгаришларни қандай сезиш мумкин? Аввало ўз кайфиятингиз, аҳволингизга эътибор беринг: Мабодо сиз бошқа жойда меҳмонда бўлганингизда яхши ухлаб ёки идорада ўзингизни тетик сезиб, уйга келгач эса аксинча уйқунгиз бузилаверса, ланжлик сезсангиз, демак, шубҳага ўрин йўқ. Эътибор бериб кўрингчи, уйингиздан мабодо кимёвий моддаларнинг ҳиди келмаяптимикин? Экологларнинг таъкидлашича бундай кимёвий зарарли ҳидни сезса бўлар экан.

Қуйидаги синовни ўтказиб кўринг: икки кун давомида ҳавони хушбўй қиладиган нарсалардан фойдаланманг. Кондиционерни ишлатманг, ойналарни ёпиб қўйинг. Шундан сўнг тоза ҳаводан, яъни ташқаридан хоналар ичига бирма-бир киринг, хона ҳавосини ҳидлаб кўринг.

Баъзи ҳолларда офис бинолари ичида уйдагига қараганда ҳам экологик муаммо кескинрок тус олиб кетиши мумкин. Офисда, иш пайтида ходимлар ўзини ланж ва тушкун кайфиятда сезадилар. Бунинг сабаби ҳам офис хоналарига ишлатилган арзон қурилиш материалларидан ҳавога тарқалаётган заҳарли моддалар бўлиши мумкин.

Хўш, қандай йўл тутмоқ керак? Мабодо таъмир ишлари тугаган бўлса, унда шу хизмат билан шуғулланадиган муассаса ходимларига мурожаат қилишдан бошқа иложингиз қолмайди. Агар уларнинг текширув натижаси ҳақиқатдан ҳам салбий кўрсатма берса, таъмирни бошқатдан қилишингизга тўғри келади. Таъмирдан 3 ойча вақт ўтгандан сўнг экспертиза текширувига мурожаат қилинг. Чунки, бу вақтга қадар баъзи бир зарарли моддалар учиб йўқолиб кетиши мумкин.

Баъзи одамлар энди туғилган чақалоқни янги таъмирланган уйга олиб келишни афзал биладилар, бу мутлақо нотўғри. Ҳаттоки энди таъмирдан чиққан хонадонда ҳомиладор аёлнинг бўлиши ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Чунки у бевосита зарарли ҳаводан нафас олиши, бу эса унинг ва туғилажак боланинг саломатлигига ёмон таъсир қилиши мумкин. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳеч бўлмаганда икки ой олдин уйнинг таъмири ўтказилгани маъқул.

Материалларни тўғри танланг

Уйни таъмирлаш учун керак бўладиган материалларни дўкондан харид қилинг. Сотиб олинаётган пайтда тегишли сертификат, сифат белгиси кўрсатилган паспорт, фойдаланишда зарарсизлигини кўрсатувчи техник ҳужжати билан танишиб чиқинг.

Кейинчалик экологик экспертиза ўтказишга тўғри келиб қолса ва зарарли моддалар аниқланса, материал харид қилинган дўконга шикоятнома тақдим этишингиз мумкин. Шунинг учун далил сифатида материал харид қилинганлик тўғрисидаги патта (чек) ни ва унга тегишли ҳужжатлар нусхасини сақлаб қўйишни унутманг.

Гулқоғозлар (обой), айниқса паст сифатлиси – заҳарли модда тарқатувчи манба ҳисобланади ва юрак, нафас йўли тизими аъзолари ишига хавфли таъсир кўрсатади.

Мастика, елим ва бўёқлар – энг арзон пардоз материаллари ҳисобланиб, бошқаларига қараганда формальдегид, фенол ва стирол каби зарарли моддаларни кўпроқ тарқатувчи ҳисобланади.

Мебель (ДСП) – қатрон (смола)га тўйинтирилган ёғоч қипиғидан тайёрланган тахта. Ундан мебелларнинг турли хили тайёрланмоқда. Уни ҳидлаб кўрингчи, энг зарарли моддалар балки унинг ўзидангина таралаётгандир!

Зичловчи (герметик) материаллар. Улар асосан елим, қатрон асосида тайёрланади ва айнан мана шу материалларнинг ўзи ҳавога керагидан 10 баробаргача зиёд заҳарли формальдегид моддасининг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. У юрак, нафас йўли тизими аъзолари ишини издан чиқаради.

Овоз тўсувчи материаллар – айниқса таркибида сифатсиз пенопласт ва мумдан, синтетик қатрон ишлатилган бўлса, ҳавога фенол, формальдегид каби зарарли моддалар тарқатади.

Ламинат, линолеум – доим кўзга ташланиб турувчи пол учун асосий пардоз материалари ҳисобланиб, кўпинча формальдегид каби заҳарли модда тарқалишига сабаб бўлади. Узоқ вақт давомида бундай хонада яшаш, ишлаш кишининг жигар, буйрак ва марказий асаб тизимига муайян хавф туғдиради.

Лак сурилган паркет. Паркет аслида, лак сурилмаган бўлса, пол учун экологик тоза материал ҳисобланади. Мабодо, паркетга сифатсиз лак ишлатилган бўлса, хона ҳавосига фенол ва стирол каби заҳарли моддалар тарқатади.

Алоҳида маслаҳатлар

Хоналарни таъмирлашда уйнинг ташқарисига мўлжалланган материални ичкарида асло ишлатманг. Бу материаллар таркиби хавфсизлик талаби юзасидан хона ичкарисига ишлатиладиган материаллардан кескин фарқ қилади.

Қурилиш моллари сотиб олишда унинг сифатини тасдиқловчи сертификат ва паспорти бўлсагина харид қилинг ва у ҳужжатларни нусха қилдириб ёки суратга тушириб олишдан асло тортинманг. Касса паттасини таъмир тугагандан кейинги 3 йил давомида йўқотманг.

Қурилиш, айниқса пардоз ишлари учун материални иложи борича бозор ва ярмарка пештахталаридан сотиб олманг.

Дилором АБДУРАҲМОН тайёрлади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan