Вирусли гепатит

Вирусли гепатит юқишидан эҳтиётланг

Асосан жигар жароҳатланиши билан кечадиган вирусли гепатит зарарланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали болага юқиши мумкин. Бемор тузалгунига қадар уни хонадондаги бошқа болалардан ажратиб қўйиш ва парвариш давомида гигиена шартларига риоя этиш керак.

Тозаликка риоя қилмаслик, яъни овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювмаслик, мева ва сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш ҳамда қайнатилмаган сувни ичиш кўпинча вирусли гепатитнинг А ва Е турлари билан касалланишга сабаб бўлади. Касаллик кўпроқ болалар ўртасида учрайди.

Организмга касаллик вируси тушгач, у кўпаяди. Бу давр клиник белгиларсиз кечади ва касалликнинг яширин даври ҳисобланади. Бу давр гепатитнинг А ва Е турларида 3-6 ҳафтагача давом этиши мумкин.

Касаллик бошланишида қуйидаги белгилар кузатилади:

  • тана ҳароратининг кўтарилиши;
  • иштаҳа йўқолиши;
  • кўнгил айнаши;
  • овқатлангандан кейин қусиш.

Кейин касалликнинг сариқлик даври бошланади. Бунда кўзнинг шиллиқ қавати, тери сарғая бошлайди. Сарғайиш даври 1-2 ҳафтагача давом этади. Баъзида сариқлик аломатлари яққол кузатилмаслиги мумкин. Юқоридаги ҳолатлар рўй берганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг. Касаллик қанча эрта аниқланса, даволаш шунчалик тез самара беради, ўзидан асорат қолдирмайди.

Касалликнинг яширин ва бошланғич даврларида ва яққол сариқлик белгиларисиз турларида бемор атрофдагилар учун, айниқса, хавфли бўлади. У ўзи билмаган ҳолда, оила аъзолари, айниқса болаларга касалликни юқтириб қўйиши мумкин. Беморга бадандаги сариқлик ўтгунча, одатдагидан кўра кўпроқ суюқлик ичиринг. Унга газланмаган сув, наъматак дамламаси, унча ширин бўлмаган компотлар, оддий қайнатилган сув ичиринг. Бунда болага турли ширин ичимликлар (кока-кола, фанта ва бошқалар)ни бериш мумкин эмас.

Беморга қайнатиб ёки буғда димлаб пиширилган таомлар беринг. Қовурилган, ҳайвон ёғларидан тайёрланган таомларни истеъмол қилмагани маъқул. Парҳезга риоя этиш зарур. Тўғри ташкил этилган парҳез жигарни зўриқтирмайди ва фаолиятининг тез тикланишига ёрдам беради.

Касаллик юқишининг олдини олиш учун болани овқатланишдан олдин ва ҳожатдан сўнг қўлларини совунлаб ювишга, мева ва сабзавотларни ювиб истеъмол қилишга, фақат қайнатилган сувни ичишга одатлантиринг. Пашшалар кўпайишига йўл қўйманг, озиқовқат маҳсулотларини ва истеъмол қилинадиган сувни очиқ қолдирманг.

Гепатит билан оғриётган беморлар фойдаланган идиш-товоқлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим-кечаги, ўйинчоқлари, сўрғичлари, ҳожат туваклари ва овқат қолдиқлари вирус билан зарарланган бўлиши мумкинлигини унутманг. Беморнинг идиш-товоқларини алоҳида тутинг. Идишларни, беморнинг ўйинчоқларини, ҳожатхона анжомларини, буюмларини доимо зарарсизлантирувчи воситалар ёрдамида ювинг. Бунинг учун ҳозирги кунда замонавий зарарсизлантирувчи воситалар мавжуд.

Каниза ИСАЕВА,
мутахассис шифокор.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan