xolesterin

Яхши-ёмон холестеринлар

Одам вужудидаги барча ҳужайралар мембрана (парда) ларининг шаклланишида муҳим рол ўйнайдиган холестерин аслида организмнинг меъёрий фаолияти учун зарур бўлган липид (ёғ) ҳисобланиб, унинг 80 фоизга яқинини организм (масалан жигар, буйраклар, буйрак усти безлари, ичаклар, жинсий безлар) ишлаб чиқаради. Қолган 20 фоизи эса организмга овқат билан киради.

Холестериннинг ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмас вазифалари мавжуд. Хусусан у кўплаб гормонлар (айниқса жинсий гормонлар – андроген ва эстрогенлар) ишлаб чиқилишида қатнашади. Шунингдек, қуёш нурлари таъсирида организмда витамин D синтез қилинишида иштирок этади, ўт (сафро) алмашинувида ёрдамлашади, буйрак усти безлари ишлаб чиқарадиган гормонлар (кортизол, кортикостерон, алъдостерон) фаолияти учун жуда муҳим. Бундан ташқари ҳужайралар мембрана (парда)ларида углеводородларнинг кристалланишига йўл қўймайди, ёғда эрувчи витаминлар (А, D, E, F, K)нинг организмга кириши учун зарур манба ҳисобланади.

Баъзан организмдаги турли тўқималарни, аксари қон томирлар деворларини ҳолестерин қатламлари қоплаб олади, бу эса қонда холестерин миқдорининг ортиши бўлиб, одамнинг умумий аҳволига жиддий таъсир кўрсатади ва бир нечта касалликларни ҳам юзага келтиради. Инсулът, миокард инфаркти, оёқ артерияларининг тромбози (тиқилиши) шулар жумласидандир.

Холестериннинг қон таркибида кўп ё оз эканлиги поликлиникада ўтказилган қон таҳлили пайтида аниқланади. Унинг меъёрдаги миқдори 5,2 миллимол/литр (ёки 200 миллиграмм/децилитр) ва бундан пастроқ бўлиши мумкин. Натижа 5,2 дан 6,5 ммолъ/л (200-250мг/дл)ни кўрсатса, бепарво бўлманг, чунки энди сизда атеросклероз ривожланишининг хавфи мавжуд. Таҳлиллар 6,5 дан 8 ммолъ/л (250-300 мг/дл) рақамларидан иборат бўлса демак гиперхолестеринемияга чалингансиз. Бу эса қонда холестерин миқдорини ортиб кетганини билдиради. Шундай ҳол рўй берганда айниқса кашандалар эҳтиёткор бўлишлари зарур.

Умуман, холестерин миқдорининг ортиши ноҳуш аломат ҳисобланади ва қуйидаги хавфли холатларни келтириб чиқаради:

– артеросклероз (томирлар тешигининг торайиши ёки артерияларда тиқилмалар пайдо бўлиши)

– юрак тож томирлари касалланиши (бунда юракка қон ва кислород етказиб берувчи артериялар зарарланади)

– миокард инфаркти, яъни юрак мушаклари соҳасига қон ва кислород етиб боришининг секинлашуви (бунда қон томирларга қон лаҳталари тиқилиб тромблар ҳосил бўлади)

– стенокардия (кўкрак қисиши)

– инсулът ва кичик инсулътлар (бунда қон лаҳтаси артериялар ёки веналар тешигини беркитиб қўяди ва мияга қон етиб бориши қийинлашади).

Шунингдек холестерин даражаси юқорилайверса қон томирлари ёрилади ва бунинг натижасида мия ҳужайралари нобуд бўла бошлайди. Қонга холестерин сифатида ўтадиган липопротеидлар (молекулалар) асосан липид (ёғ) ва оқсилдан ташкил топган бирикмалардир.

ПЗЛП (паст зичликдаги липопротеидлар) қонда холестерин даражасининг юқорилигини билдиради ва бу “ёмон холестерин” дейилади. ПЗЛП жигар хужайраларидан организмнинг бошқа хужайраларига холестерин “ташийди”. Агар бу холестерин хужайралар ишлата оладиган миқдордан кўп бўлса организм бундан зарар кўради. Бундай ҳолатда кўпинча юрак қон-томир касалликлари юзага келади.

ЮЗЛП (юқори зичликдаги липопротеидлар) эса “яхши холестерин” ҳисобланади. Мутахассислар ЮЗЛП юрак қон-томир касалликларининг олдини олади деб ҳисоблайдилар. Яъни ЮЗЛП (юқори зичликдаги липопротеидлар)га тескари вазифани бажаради. Масалан, ЮЗЛП холестеринни организм хужайраларидан жигарга ташийди. Бунда холестерин жигарда парчаланади ёки организмдан чиқариб юборилади.

Агар холестерин ошиши рўй берган бўлса кейинги авлодларда ҳам гиперхолестеринемияга мойиллик кузатилади. Қонда холестериннинг миқдори ортганинини қуйидаги аломатлардан билиб олиш мумкин:

– стенокардия (кўкрак қисиши) тез-тез такрорланади;

– ҳаракат пайтида оёқларда оғриқ туради;

– юрак соҳасида ноҳушликлар кузатилади;

– кўз атрофида сарғиш доғлар пайдо бўлади;

– юрак етишмовчилигига хос белгилар безовта қилади.

Холестериннинг қондаги даражаси тобора ортиб, уни пасайтириш чоралари кўрилмаса, бора-бора холетеруния (холестериннинг сийдик билан ажралиши) ва холестероз (турли тўқималарда, аксари қон томирлари деворларида холестерин қатламлари хосил бўлиши) дардлари ҳам юзага келади.

Айрим одамлар қонда холестерин кўпайишининг сабаблари билан қизиқишади. Айтиш жоизки, энг аввало нотўғри овқатланиш (айниқса таомлар таркибида ёғнинг кўп бўлиши), камҳаракатлилик, семириб кетиш, тамаки чекиш ва спиртли ичимликларга ружу қўйиш сингарилар асосий сабаблар қаторига киради.

Агар сиз қонда холестерин миқдорини камайтиришни истасангиз айрим ноз-неъматлар (масалан қаймоғи олинмаган сут,​ ёғли пишлоқ,​ қаймоқ,​ йогуртлар,​ ёғли шўрвалар,​ икра,​ тухум сариғи,​ мол ва қўй жигари, мияси,​ ғоз ва ўрдак гўштлари,​ қандолат махсулотлари,​ шоколад,​ бисквит ва гўштли пироглар,​ ёнғоқ,​ майонез,​ пудинглар,​ сариёғ,​ ёғли гўшт, сосиска)дан воз кечишингиз зарур. Соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш орқали холестерин ошишига қарши курашса бўлади. Бунинг учун одам аввало овқатларни чеклаб, мева-сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиши лозим. Одам тўйиб ухлаши (кунига камида 8 соат) ва тана вазниниг меъёрини назорат қилиши, тамаки чекишни ташлаши, спиртли чимликлар ичишдан сақланиши, шунингдек парҳез қилиш баробарида қондаги холестерин даражасини доимо ўлчатиб туриш зарур.

Маҳмуд БИЙТЎРАЕВ,
олий тоифали терапевт,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan