ichak

Йўғон ичак ўсмалари

Аслида хавфли ўсмалар бирданига пайдо бўлмайди. Ваҳоланки ичаклардаги сурункали яллиғланишлар ва хавфсиз ўсмалар (масалан полиплар) ўз вақтида даволаб тузатилмаса, бора-бора рак касаллиги келиб чиқади. Яна шуни таъкидлаш жоизки, йўғон ичак саратони асосан кўп миқдорда гўшт истеъмол қилиш ва клетчаткаларга бой мева-сабзавотларни кам ейиш оқибатида келиб чиқишини мутахассис олимлар исботлашган. Чунки гўштли овқатлар организмда ёғ кислоталарининг йиғилишига олиб келади, бу эса овқат ҳазми жараёнида концероген моддаларни кўпайтиради. Шунинг учун бўлса керак кўпроқ резавор кўкатлар билан ҳаёт кечирадиган Ҳиндистон ва марказий Африкада йўғон ичак раки нисбатан кам учрайди. Демак, бу оғир касалликнинг олдини олишда меъёрий овқатланишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим экан.

Ичак деворидаги яралар

yarali-kolit

Колит (йўғон ичак шиллиқ қаватининг яллиғланиши)да йўғон ичакнинг шира ажратиш ва сўрилиш фаолияти аста-секинн бузилади. Сурункали колитни даволаш кечиктирилганда у оғир асоратлар қолдиради. Ярали колит шундай асоратларнинг бири бўлиб, бунда ичак девори чандиқланади ва бужмаяди.

Ўткир ярали колитда тўғри ичак қавати шишади, қизаради, сўнг яралар пайдо бўлади бу яралар бир-бирига қўшилиб аста-секин кўпаяди. Касалликнинг сурункали турида эса ичак деворлари яралар ҳисобига қалинлашиб зичлашади, ичи тораяди.

Ярали колити бор бемор қорни оғришидан шикоят қилади. Ахлат қон аралаш келади, баъзан йиринг қўшилган бўлади. Беморнинг кўнгли айнайди, ҳадеб асабийлашаверади, касаллик зўрайгани сайин бу ҳолатлар кучайиб, тана ҳарорати кўтарилади. Орқа чиқарув тешиги доимо ачишиб туради, қорин қулдираб қаппаяди. Бемор рангпар кўринади, териси қуруқшайди, юзи керикиб шишади.

Касаллик узоқ вақт даволанади. Муолажа жараёнида бемор тез-тез колоноскопия кўриги орқали, йўғон ичак ҳолатини текширтириб туриши керак. Акс ҳолда ярали колит ўсма касаллигига айланиб, дард оғирлашади.

Инфекция кўпайгандан сўнг…

qorindagi-og'riq

Йўғон ичак эрозияси (шиллиқ қаватининг яраланиши, ёрилиши) келиб чиқишига баъзан организмдаги гормонал ўзгаришлар, баъзида эса қўшилиб келаётган бир неча хил касалликлар (захарли буқоқ, панкреатит – ошқозон бези яллиғланиши, қандли диабет сингарилар) сабаб бўлади.

Шунингдек йўғон ичакда инфекциялар кўпайиши оқибатида шу соҳа шиллиқ қавати ҳамда мушак қавати нервлари бошқарилиши бузилади, иммунитет сусаяди ва эрозия пайдо бўлади. Жуда шўр ҳамда аччиқ маҳсулотларни истеъмол қилиш, витамин Е ва С етишмаслиги, овқатни яхши чайнамасдан ютиш, спиртли ичимликлар ичиш, ортиқча овқат ейиш, шунингдек кам клетчаткали ва ўткир зираворли таомлар ҳам йўғон ичак шиллиқ қаватини таъсирлантириб эрозияни вужудга келтиради.

Беморлар кўпинча қориннинг тутиб-тутиб оғришидан шикоят қиладилар. Ичнинг дам бўлиши, сохта хожат қисташи, кўнгил айнаб қусиш, ичнинг гоҳ кетиб гоҳ қотиши, нажасга шиллиқ ёки қон аралашгани кузатилади. Оғриқлар дастлаб киндик атрофида бошланади, кейинчалик чап ёнбошда зўраяди. Бундай вақтда беморнинг оғзи тахирлашиб, иштахаси йўқолади, асабийлашади. Баъзан, яъни касаллик ривожланганда тана ҳарорати кўтарилиши ҳам мумкин. Йўғон ичак эрозиясига чалинган беморлар проктолог шифокор назоратида қунт билан муолажа олишлари зарур. Акс ҳолда дард баттар зўраяди, ичакдан қон оқиши кўпаяди, зарарланган жойда хавфли ўсмалар ривожланади.

Ичак тутилиши ҳам мумкин

ichak-tutilishi

Йўғон ичак саратони қишлоқ аҳолиси ўртасида шаҳардагига нисбатан бир неча фоиз камроқ учрайди. Бунинг сабаби шундаки қишлоқликлар дастурхонида табиий маҳсулотлар ҳамиша бўлади, улар клетчаткаси кўп сабзавот ва ошкўкларини доимий равишда истеъмол қилишади. Шаҳарда яшовчилар эса асосан қадоқланган, рафинирланган ва тозаланган маҳсулотларни истеъмол қиладилар. Бундан маҳсулотлар кам клетчаткали бўлиб, йўғон ичакда қабзият, колит сингари турли касалликларни келтириб чиқаради. Йўғон ичак саратони хавфли эпителиал ўсмаларнинг ҳар хил жойлашиши билан кечади. Хавфли ўсмалар жуда секин (бир неча ўн йиллар ) ривожланади. Бу вақтлар оралиғида ўсмалар кўпайиб (бўлиниб) атрофдаги аъзоларга ўсиб киради. Кўпинча йўғон ичак соҳасидаги лимфа тугунлари, кейин эса ўпка ва жигар зарарланади.

Йўғон ичак ракининг илк аломатлари ичакдан қон оқиши, ич келишининг бузилиши, қорин оғриши ва тенезм (сохта хожат қисташи) билан ифодаланади. Беморларнинг баъзилари ичагидан қип-қизил қон оқади, бу орқа чиқарув тешиги ва тўғри ичак ракининг белгисидир. Агар ўсма чамбар ичакнинг чап ярмида жолашса ичакдан оққан қон ранги тўқ қизил тусда бўлади ва ахлатга аралашган ҳолда кўринади. Чамбар ичакнинг ўнг ярмидаги саратонда эса қон яширин тарза оқади, яъни ахлатдаги қон кўзга ташланмай, фақат махсус текширув пайтидагина аниқланади. Беморнинг бир неча кунлар (баъзан ҳафталар) давомида ичи келмаслиги ва қорин соҳасида оғриқ бўлиши чамбар ичакнинг чап ярми ва тўғри ичак саратони учун хос белгилардир. Шуни ҳам айтиш жоизки, йўғон ичак саратонининг 70-85 фоиз ҳолларида ичак батамом тутилиб қолиши рўй беради. Бундай вақтда тезлик билан жарроҳлик амалиётини қўллаш зарур.

Баъзан ич кетиши билан қабзият алмашинади, оз миқдорда бўтқасимон ва суюқ нажас ажралади, гоҳо бадбўй ел чиқиб ахлат худди қўй қумалоғи шаклида бўлади. Шунингдек беморларда ич юришиши қийинлашади, улар хожатга борганларида охиригача бўшанмаганликларини сезадилар, кўпинча сохта ич қисташидан безовталанишади. Бундай ҳолатлар давомий бўлганда бемор албатта проктолог маслаҳатига бориши керак. Касалликни аниқлаш учун аввало ультратовуш (УТТ) текширувидан ўтказилади. Мабодо ўсма ривожланиб кетган бўлса компьютер томография ва ядро магнитли резонанс томография ўтказиш талаб этилади. Баъзан йўғон ичак соҳасини пайпаслаб кўришнинг ўзиёқ дардни аниқлашга ёрдам берса, баъзида эса ректороманоскопия, фиброколоноскопия ва колоноскопия қўлланади.

Агар касаллик эндигина бошланаётган бўлса дори-дармон муолажалари ва жарроҳлик усули ёрдамида беморни даволаш мумкин. Муҳими, жарроҳликдан қўрқмаслик лозим. Шунингдек бемор ёмон ҳаёлларга берилмай, тузалишига ўзини ишонтириши зарур.

Баъзан насл суради

nasl

Агар оилада шу дард билан оғриганлар бор бўлса, уларнинг фарзандлари ёки набираларида ҳам бу дард келиб чиқишига мойиллик кузатилади. Саратонга учрамаслик учун улар (айниқса 40-50 ёшларидан кейин ) проктолог текширувидан тез-тез ўтиб туришлари ҳамда йўғон ичак фаолияти бузилишига йўл қўймасликлари керак.

Маслаҳатларимиз шуки, аввало овқатланишни тўғри йўлга қўйинг. Қовурилган овқатларни доимий тарзда истеъмол қилишдан сақланинг. Хўл мева ва сабзавотлар, айниқса кўкатларни чекланмаган миқдорда еб туринг. Қадоқланган ва рафинирланган маҳсулотлар, шунингдек кўча-куйда пишириб сотиладиган озиқ-овқатлардан ўзингизни тийинг.

Сурункали ич қотиш рўй берса, ахлатда шиллиқ ёки қон кўринса, қорин атрофида тез-тез оғриқ турса ва сохта хожат қисташи ҳамда қуруқ кучанишлар безовта қилса мутахассис шифокорга кўрининг.

Бир кунда икки маҳал (эрталаб ва кечқурун овқатдан кейин ) ич бўшалишига ҳаракат қилинг. Бунинг учун ични юмшатувчи маҳсулотлар, клетчаткаси бор озиқ-овқатлар еб туринг, кўпроқ кўк чой ичинг.

Қаҳва ва қуюқ дамланган қора чойни чекланган миқдорда ичишингиз мумкин.

Фарҳод ДАУТОВ,
Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтининг
“Проктология” кафедраси профессори,
тиббиёт фанлари доктори.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan