Спорт

Ёшлар орасида иқтидорли спортчилар кўп

Эл-юрт жисмонан ва маънан етук ўғил-қизларига умид кўзи билан қарайди, уларга мустақил Ватан тақдирини ишонади. Демак, бугунги куннинг энг долзарб вазифаси ҳамбиялашдек эзгу ниятни рўёбга чиқаришдан иборат. Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, бу кун ёшларнинг ақл ва салоҳиятини замонавий билимлар ҳисобига юксалтириш, уларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан фаол шуғулланишига доимий эътибор қаратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ёшларимизни турли зарарли одатлардан асраш, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги вазифаларни ҳал этиш зарурлиги айтилган.

Қарор асосида беш йўналишдан иборат бўлган жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури тасдиқланиб, унда бир қанча муҳим вазифалар қамраб олинган. Хусусан:

  • жисмоний тарбия ва спортни бошқариш тизимини ривожлантиришга қаратилган қонунчиликни мустаҳкамлаш;
  • жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий техник базасини яхшилаш;
  • хусусий секторни ривожлантириш асносида замонавий спорт комплексларини қуриш ва спорт анжомлари билан жиҳозлаш;
  • спорт мактабларини юқори малакали мураббий ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш;
  • аҳолининг кенг қатлами ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва оммавий спорт ишларини ташкил этиш;
  • ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаш ва мақсадли тайёрлаш.

Шунингдек, интернет тармоғининг имкониятларидан тўғри фойдаланган ҳолда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш сингари масалаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Қарорнинг ижросини тўлиқ таъминлаш кўплаб амалий ишларни рўёбга чиқаришни талаб этади.

Биринчидан, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва оммавий спорт ишларини ташкил этиш, комплекс спорт мусобақаларини ўтказиш мақсадида мураббий-йўриқчи тизими жорий этилади. Бунда тегишли маълумотга эга бўлмаган мутахассислар (халқаро ва республика мусобақалари иштирокчилари, спорт усталари, спорт усталигига номзодлар) бир ойдан олти ойгача бўлган муддатда тайёрлов курсларида ўқитилади.

Иккинчидан, оммавий спорт ишларини ташкил этиш бўйича маҳаллаларда, корхона, муассаса ва ташкилотларда оммавий спорт мусобақалари (волейбол, баскетбол, футбол, стол тенниси, бадминтон кабилар) ўтказиб борилади.

Учинчидан, иқтидорли спортчиларни саралаш меъёрларини ишлаб чиқиш ва мониторингини яратишга киришилади.

Тўртинчидан, оммавий спортни янада ривожлантириш учун илмий ва бадиий адабиётлар сони оширилади.

Бешинчидан, имконияти чекланганлар учун машғулот давомида янги инновацион база яратиш ва спорт мактаблари, олимпия заҳиралари коллежларида алоҳида бўлимлар яратиш ишлари бошлаб юборилади.

Эндиликда ёшларнинг мониторингини доимий ташкил этиш, спорт мажмуасининг фаолият кўрсатиш даражаси ва шуғулланаётганларнинг салмоғини аниқлаб, спорт турларига эҳтиёжларни ўрганиш имконияти юзага келди. Жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларининг касбий ва илмий салоҳиятини ўрганиш, уларга илмий-услубий кўмак бериш асносида фаолиятини қайта баҳолаб боришга киришилди.

Бундай саъй-ҳаракатлар фарзандларимизнинг баркамол авлод сифатида вояга етиб, юртимизнинг буюк келажагини барпо қилиш, дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллашимиз йўлида ўз куч-ғайратини, билим ва иқтидорини, интеллектуал салоҳиятини сафарбар этишида тамал тоши бўлиб хизмат қилади.

Нодир ҒАФФОРОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти
Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan